Бугун, 20 февраль куни Наманган вилоятидаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи мажмуасининг тантанали очилиш маросими ва илмий конференцияси бошланди. Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов ва Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов ҳамда 100 нафарга яқин маҳаллий ва хорижлик уламолар, соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.
Анжуман Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолари билан бошланди.
Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз томонларидан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, хусусан, Наманган вилоятига ташрифлари чоғида берган тавсиялари туфайли вилоятда салмоқли ўзгаришлар ва янгиланишлар амалга оширилгани, ўтган вақт давомида Султон Увайс Қараний зиёратгоҳида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, мажмуа таркибидаги жоме масжид, мақбара, музей қайта таъмирланди, янги кутубхона ва меҳмонхона бунёд этилиб, ён-атроф обод этилганини алоҳида қайд қилдилар.

Анжуман иши давом этмоқда.
Ташриф ва тадбирларда меҳмонларга Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсунов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамроҳлик қилмоқда.








Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ