Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Март, 2026   |   25 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:19
Қуёш
06:37
Пешин
12:37
Аср
16:42
Шом
18:32
Хуфтон
19:44
Bismillah
14 Март, 2026, 25 Рамазон, 1447

Инсониятнинг энг шарафлиси ва улуғи

20.10.2020   2823   7 min.
Инсониятнинг энг шарафлиси ва улуғи

Он ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам инсониятнинг энг шарафлиси, саййиди ва улуғи эканликларини таъкидлайдилар.

 

انا سيد ولد آدم القيمة و لا فحر (داموز الاحاديث: 2/102)

 

Ана саййиди валади одама явмал қиямаҳ вала фахра – Мен бани Одам, бани башарнинг саййиди, пешвоси, улуғиман, лекин бу билан ифтихор қилмайман. Бу Аллоҳнинг амри!..

Илк Пайғамбар – Одам алайҳиссаломдан то менгача келган сулоланинг ҳаммаси асл оилалардан, бирорта ҳам зино фарзанд туғилмаган; (вала фахро) лекин бу Аллоҳнинг инояти, бундан фахрланиш йўқ!

Охиратда менга шу-шу нарсалар берилади; Бундан ҳам фахрланиш йўқ... – дея марҳамат қилганлар. Зеро, инсонда баъзи нарсалар учун мақтаниш, фахрланиш ҳисси бўлади. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсадан йироқ, жуда камтарин инсон бўлганлар. Камтарона ҳаётда яшаганлар. Буларга ҳам мисоллар келтираман:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда оддий кийимлар, юнг матодан либослар киярдилар... Оёқ кийимларини ўзлари ямар эдилар. Туя, от турган жойда эшакка ҳам миниб кетаверардилар.

Орқаларига бирор кишини мингаштириб ҳам олардилар. Абдуллоҳ ибни Аббос каби кишиларни мингаштириб юрганларини ривоятлардан биламиз. Қўй соғардилар. Хизматкор қуллар билан бирга  ўтириб овқатланар, уларга яхши қараб, яхши муносабатда бўлардилар. Қуллар билан бирга овқат ейиш, уларни озод қилиш хусусида улуғ тавсиялари бор...

Бой, камбағал ҳаммага бир хил муомалада бўлар, ҳаммаси билан қўл бериб саломлашар эдилар. Одамларга биринчи бўлиб салом берардилар. Бирор ерга чақирилсалар, албатта у ерга борардилар. Ҳатто бу хусусда ўзлари шундай деганлар:

«Бир туя почасига чақирилсам ҳам, бораман». Биламизки, у пайтда туя почасига ҳамманинг ҳам қурби етган ва оддий, тайёрланиши осон, тез пишадиган овқат бўлган. Шу овқатга ҳам чақирсалар рад этмасдан борар эканлар.

Бир маротаба меҳмонга чақирилганларида олдиларига сирка билан нон қўйилди. Шунда нонни сиркага ботириб (қўшиб) ейдилар ва «сирка қандай ажойиб озиқ»,– деб мақтайдилар. Ҳеч қайси овқатни «ёқтирмайман» демасдилар ва мақтаб, ёқтириб ердилар.

Қаҳқаҳа уриб, қаттиқ овозда кулмаганлар, фақат табассум билан кулардилар. Бизнинг Бомдоддан кейин ўқийдиган аврод (дуолар, зикрлар, вирдлар) китобимизда ёзилган:

Мин маъдина мантиқин ва муктасабин.  Яъни:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, гўзал (хуш) суҳбат ва табассум соҳиби (маъдани) эдилар», – дейилган. Чеҳраларидан табассум балқиб турадиган, кўнгли очиқ ва сахий инсон бўлганлар. Сахийликлари шу даражада эдики, таърифига сўз ожиз... Ўзларига келган совға, ҳадя ва бошқа нарсаларнинг ҳаммасини келиши билан кечгача тарқатиб юборардилар.

Агар кечқурун келса, эрталабгача қолдирмай, тарқатиб юборардилар.

Вафотлари яқинлашганда, уйларида уч дирҳам борлиги эсларига тушиб, дарров ўша уч дирҳамни садақа қилиб юборишни буюрдилар. «Пайғамбарлар мерос қолдирмайди», – дер эдилар. Яъни мол-дунё тўплашни, бойлик асрашни ёки кўпайтиришни хоҳламаганлар, ёқтирмаганлар ва ўзлари бу ишга қўл урмаганлар.

Бир куни хизматкорлари бир кун олдинги овқатни олиб келганида: «Нега бу овқатни кеча  фақирларга улашмасдан, бир кун асрадинглар, олиб ўтирдинглар? Аллоҳ ҳар кун янги ризқ беради-ку?», – деганлар. Ҳатто овқатни сақлаб қўйишни, жамғариб қўйишни ҳам хуш кўрмаганлар, маъқул демаганлар.

Бирор нарсадан хафа бўлган вақтларида қовоқ солмасдилар. Кўп гапирмасдан фикр юритардилар, ўйга толардилар.

Бир маротаба бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ёнларида ўтлаб юрган қўйларни кўриб, ҳавас билан:

 – Бунча чиройли сурув экан, ё, Расулуллоҳ! – дейди.

– Жуда ёқтирдингми? – дея сўрадилар.

– Жудаям ёқтирдим, жуда чиройли қўйлар экан! – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ол, ундай бўлса, сенга бердим! – дейдилар.

– Ҳаммасиними, ё Расулуллоҳ?!

– Ҳа, ҳаммаси сенга! – деб жавоб бердилар. Ва у киши сурувни ҳайдаб, қалби севинчга тўлиб, қабиласига қайтди. Йўлда кўрганлар:

– Ё тавба, сен бу сурувни бирон ердан ўғирладингми?.. Эрталаб ҳеч нарсанг йўқ ҳолда чиқиб кетган эдинг, кечқурун шунча қўй билан қайтаяпсан. Нима гап ўзи? – дейишади.

Шунда у одам:

– Буни менга Ҳазрат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя қилдилар, таваккулчи, фақирликдан қўрқмайдиган олижаноб бир ҳиммат билан совға қилдилар, – деб жавоб берди.

Эртанги кун учун бирор нарса сақламасдилар. Баъзан бир неча кунлар уйларида қозон қайнамасди.

– Ё Расулуллоҳ! Фақат хурмо еявериб, ичимиз куйди. Ҳар доим мева еймиз, еганимиз қуруқ хурмо... – дейишади фақирлар.

– Мен ҳам сиздек, икки ойдир фақат мева ейман. Уйда ейишга бошқа нарса йўқ, – деб жавоб бердилар.

Бир киши очликдан қорнига тош боғлаб олади. Иссиқ тошни қорнига боғлаганда, озгина (ошқозонидан) очликнинг таъсири йўқолади, шекилли... Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қорнидаги тошни кўрсатиб, шикоят қилганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак қоринларини очиб, боғлаб қўйган тошларини кўрсатдилар. Яъни яшаш тарзлари жиҳатидан инсонларнинг ҳаётларидан фарқ қилмас экан... Бу нарса бой ёки камбағал бўлганликларидан эмас, балки дунёга, бойликка аҳамият бермаганликларидан. Агар у киши Аллоҳу Таолодан мол-дунё истаганларида беҳисоб берар эди.

Зеро, Аллоҳу Таоло Жаброил алайҳиссалом орқали расулига: “Агар расулим бойликни хоҳласа, Макка атрофидаги тоғларни олтинга айлантириб бераман”, – деб билдирганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, бу таклифни қабул қилмаганлар. Фоний дунёдан кўра боқий охиратни, умматлар ғамини афзал кўрганлар.

Бир марта бир киши Пайғамбаримизга юмшоқ тўшак ҳадя қилганда, ўша кеча қаттиқ уйқуга кетиб, таҳажжуд намозига туролмайдилар. Бошқа бу тўшакка ётмайман, кеча мени таҳажжуд намозидан қолдирди, – деб эгасига мулойимлик билан тушунтириб,  ташаккур айтиб, қайтариб берадилар. Роҳат-фароғат эмас, камтарона ҳаёт кечиришни ёқтирардилар.

Тул, бева аёлларга, етимларга нисбатан жуда сахий, марҳаматли эдилар. Ўз нафслари учун жаҳли чиқмас, кечиримли ва ўч олмас эдилар, лекин Аллоҳнинг буйруғи бажарилмаганидан қаттиқ ғазабланардилар. Макка фатҳ қилинганида, интиқом олиш мумкин бўлганда ҳам ҳаммасини кечирган эдилар. Ислом қўшинидаги баъзи саркардалар: “Агар душман устидан ғолиб келиб, қўлга туширсак, қийма-қийма қилиб ташлаймиз!”, – дейишганди. Фахри олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ғазабга минганларни ёмон ҳаракатлар содир қилишмасин, деб қўмондонликдан олиб,  қўшин ортидаги хизматларга жўнатганлар.

Макка фатҳ бўлгач, қаршиларида дир-дир титраган кишиларни ўлдирмадилар, кечирдилар, авф этдилар. Уларга исломни таълим бериб, тўғри йўл кўрсатдилар. Доимий ҳаётий фаолиятлари ана шундай шафқат, марҳамат ва маърифий асосда эди...

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда

13.03.2026   7467   2 min.
Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда

Германиянинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан ҳам қатор маърифий учрашувлар ва мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонасида муборак ватандошларимиз учун ифторлик ташкил этилди. Унга Германияда яшаб, меҳнат қилаётган ҳамда таҳсил олаётган юртдошларимиз таклиф этилди.

Мазкур тадбирда Фарғона шаҳридаги “Хўжамбердибой” жоме масжиди имом-хатиби Ҳусниддин домла Турсунзода иштирокчилар билан “Ватанга муҳаббат – энг муқаддас туйғу” мавзусида маърифий суҳбат ўтказди. Суҳбат давомида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш, чет элда яшаб фаолият олиб бораётган ватандошларимиз ўртасида бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.


Виржиния, Нью-Йорк, Бальтимор шаҳарларида ватандошлар, жамоат фаоллари ва турли соҳалар вакиллари иштирокида ифторлик дастурхонлари ёзилди.
Учрашувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов бошчилигидаги уламоларимиз Рамазон ойининг фазилатлари, миллий ўзликни сақлаш,  Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маърузалар қилишмоқда. 

Шунингдек, имом-хатибларимиз у ерларда таровеҳ намозларини ўқиб бериб, ватандошларимизни хушнуд этмоқда. Улар дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитида, бир дастурхон атрофида жам бўлиб, Рамазон ойининг маънавий қадриятлари – бағрикенглик, саховат ва бирликни яна бир бор ҳис қилишмоқда.


Екатеринбург шаҳрида ҳам ватандошлар учун ифторлик уюштирилди.

Унда Тошкент шаҳридаги “Баланд” жоме масжиди имом-хатиби Аъзамжон Эргашев Ислом динининг маънавий ва инсонпарварлик қадриятлари ҳақида маъруза қилиб берди. 

Учрашув давомида ватандошлар ўзларини қизиқтирган диний ва дунёвий мазмундаги саволларга жавоб олишди.

Меҳмонлар учун Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва муқаддас қадамжоларини очиб берувчи видеороликлар, миллий анъаналар, маданий мерос ва ислом динининг жамият ҳаётидаги ўрнини акс эттирувчи тарқатма материаллар намойиш қилинди.

Дунёнинг 50 та шаҳрида ўтказилаётган бундай хайрли тадбирлар ватандошларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш, юрт билан боғлиқлик туйғусини янада кучайтириш ҳамда миллий ва диний қадриятларимизни тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда
Рамазон