Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Март, 2026   |   11 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:48
Қуёш
06:08
Пешин
12:32
Аср
16:55
Шом
18:51
Хуфтон
20:04
Bismillah
31 Март, 2026, 11 Шаввол, 1447

Устоз отангдан улуғ!

01.10.2020   6877   8 min.
Устоз отангдан улуғ!

Аллоҳ Таоло оламларни бунёд этгандан cўнг унга сарвар қилиб Инсонни – Ҳазрати Одам Ато алайҳиссаломни яратди. Одам Ато қовурғасидан Момо Ҳавони яратиб, улардан фарзандларини кўпайтирди.

Ривоят этилишича, одамзотнинг кўнглига 3 нарса урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан. Биринчиси эр учун аёл, аёл учун эр. Чунки аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан. Инсон кўнглига урмайдиган иккинчи нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан. Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам Одам Ато ва Момо Ҳаво илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат қилиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён. Башарият фарзанди учун учинчи улуғ нарса бу китоб экан. Зеро, Қуръондаги дастлабки оят «Иқра!» («Ўқинг!») эканлиги, улуғ пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказгани, мусулмонлар дилига сингдиргани маълумдир. Китобнинг Муқаддаслиги яна шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар, қандай сўзлаш, қандай яшаш зарурлигини, имон-эътиқодни асрашни биладилар. Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи – Инсон, унинг ризқ-рўзи Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.

Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавияти бўлмиш миллий ва диний қадриятларимиз эса буларнинг ҳаммаси  ахлоқий, ақлий ва жисмоний мактаб эканлиги олтиндан қиммат, бебаҳо ва абадий қадриятларимиз, енгилмас кучимиздир!

Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан, демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия»«маориф» деган маъноларни англатади.

Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалалардан иборатдир.

Ислом дини пайдо бўлишини Яратганимиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали Арабистон ярим ороллигини ирода этган бўлса, ушбу Муқаддас, пок Ислом динимизни илму фан, маърифат ила ривожланишини Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарийлардек буюк алломалар орқали бизнинг жаннатмакон юртимизни (!) Ўз илоҳий ҳикматиила ихтиёр этди.

Яхшилик ва эзгулик, бағрикенглик ва тинчлик, яқинлари ва бегоналарига бирдек марҳаматли бўлиш, қон тўкмасликка чақирувчи, нафс васвасасига учмаслик, ота-онага улар ҳаёт эканларида меҳрибон ва сахийлик ила муносабатда бўлиш, дунёдан ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга, ватанни севишга даъват қилувчи муқаддас динимиз, айниқса мустақиллик йилларида ўз қадрини ҳамда ўзининг азалий вазифаси – эзгу мақсадларга чин маънода хизмат қилиш имкониятини топди.

Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини халқаро жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда. Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, Ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг хизматлари беқиёс экани бизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:

1) ота;

2 ) она;

3) устоз (манфаатли илм ё касб-ҳунар ўргатган инсон);

4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);

5) Қуръони каримдан хабардор киши;

6) мўйсафид одам;

7) адолатли раҳбар.

Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган, ҳатто мақоллари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни ҳурматлашга тарғиб этади.

Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс.

Бизнинг доно халқимиз

«Устоз – отангдек улуғ»,

«Уста борида қўлингни тий,

Устод борида – тилингни»,

«Уста бўлсанг, устозингни унутма»,

«Устозингга тик қарасанг, тўзасан,

Ҳурмат қилсанг, аста-аста ўзасан»,

деб бежиз айтмаган.

Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг энг биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса “Аллоҳ Одамга барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: «Агар эътирозингизда ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!» (Қуръони карим Бақара сураси 31 оят), мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устози – ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!

Ҳар бир инсон зоти учун эса энг биринчи устози – унинг ОТА-ОНАСИДИР! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...

Шунинг учун ҳам ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.

Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар... Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига серқирра эътиборимизни беришимизда қуйидаги пурмаъно, сермазмун тарафини ҳам эътиборга олишимизни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.

Шунчалик улуғ (!) даражага устознинг мавқеи кўтарилган. “Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз УСТОЗ деб тушунишимиз лозим! Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «Устоз» дейди.

Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий

Сайр айламакни қилди ихтиёр.

Мулозимлар ила чиқдилар йўлга

Ва кичик болага келдилар дучор.

Ўшанда Навоий отидан тушиб,

Ўша ёш болага қилибди таъзим.

Мулозимлар ҳайрон, аёнлари лол 

Бундай учрашувдан қолибдилар жим.

Бир аён қўлини кўксига қўйиб,

Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?

Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,

Салом бериши душвор!»

Навоий дебдики, мен кўрган бола

Устозим  боланинг бобоси эди.

Олисларда қолиб кетган дамларнинг

Узоқлардан келган садоси эди…

Устозим мен учун отадан улуғ,

Шунингчун болага қилдим мен таъзим.

Устозимдан қолган неварасига

Салом бермаслигим  гуноҳу азим!

Доно халқимизни ўз мақолларида ҳам Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ! деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган. Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рухлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни барчамизга насиб этсин!

Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳнинг борлигини қандай қилиб биламиз?

31.03.2026   1400   4 min.
Аллоҳнинг борлигини қандай қилиб биламиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

﴿وَفِي أَنْفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ﴾

“Ўзингизда ҳам (мўжизалар бордир). Кўрмайсизларми” (Зориёт сураси, 21-оят).

Айримлар ушбу оятни эшитиб ўзига қарайди ва Аллоҳ инъом этган мўжизаларни кўрмайди. Ўзига қарайди-ю: “Менда ҳеч қандай мўжиза йўқ”, дейди.

Аллоҳга иймон келтирмаган инсон ўлимдан кейинги ҳаётга ишонмайди. Ўзидаги сон-саноқсиз мўжизаларни ҳам инкор этади. Ҳаётни фақат ейиш-ичишдан, ўйин-кулгудан иборат деб билади. Ўлим эса ҳамма нарсани ниҳоясига етказади деб ҳисоблайди. Агар улар озгина фикр юритганларида ўзларидаги мўжизаларни кўрган бўлардилар. Аллоҳ таолонинг инсонлар ҳақидаги оятлари жуда кўп. Қуйида айримларини келтириб ўтамиз:

﴿وَإِذْ أَخَذَ رَبُّكَ مِنْ بَنِي آَدَمَ مِنْ ظُهُورِهِمْ ذُرِّيَّتَهُمْ وَأَشْهَدَهُمْ عَلَى أَنْفُسِهِمْ أَلَسْتُ بِرَبِّكُمْ قَالُوا بَلَى شَهِدْنَا أَنْ تَقُولُوا يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِنَّا كُنَّا عَنْ هَذَا غَافِلِينَ﴾

“Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғонасидан, қиёмат куни “Бундан ғофил эдик” демасликларингиз учун зурриётларини олиб ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: “Роббингиз эмасманми?” деганида “Албатта Роббимизсан” деганларини эсла” (Аъроф сураси, 172-оят).

Бу оятни иймони йўқ кишига ўқиб берсангиз “Мен ҳеч нарсага гувоҳ бўлмаганман. Буни сезмаганман ҳам” деб айтади. Бироқ унинг гувоҳи бўлган. Бу ҳам ўзининг зарарига ишлайди.

Аллоҳнинг борлигини қандай қилиб биламиз? Яратган Зот бор бўлиши шартлигини яхши биламиз. Буни кофир ҳам билади. Фақат бировларнинг ҳисобига бўлса-да, бу дунёда маишат қилиб яшаб қолмоқчи бўлади.

Аввало Аллоҳ таоло нималарни ҳаром ва ҳалол қилгани ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. Аслида нафсимиз ҳалол ва ҳаромнинг фарқига боради. Бунга мисол келтирамиз. Фараз қилинг бир йигит келиб сизга: “Қизинг билан бир хонада ёлғиз қолмоқчиман”, деса нима қиласиз? Уни ўлдириб қўйишингиз ҳам мумкин. Ўлдирмаган тақдирингизда ҳам уни урасиз. Ҳатто бошқа одамлар ҳам сизга ёрдамлашади.

Демак, бундай ишни ҳамма ёмон кўради, мўмин ҳам, мўмин бўлмаган ҳам. Лекин ўша йигит келиб: “Мен қизингизга уйланмоқчиман” деса уни яхши кутиб оласиз. Одамлар ҳам уни азиз меҳмон сифатида қабул қилади. Буни ҳаммага эълон ҳам қиласиз. Қизингизни унга бериб, никоҳ ўқитганингиздан кейин эса қизингиз билан бир хонада қолишига рози бўласиз.

Хўш, шу икки ҳолатнинг бир-биридан нима фарқи бор?

Демак, сиз нима яхши-ю нима ёмонлигини биласиз. Лекин буни сизга ким ўргатди? Яна бир мисол келтирайлик. Бир киши ўзининг хотини билан кўчада бемалол юра олади. Ҳамма одамларнинг кўз ўнгида хотини билан уйига кириб кетади. Аммо ўша одамнинг олдига бошқа бир бегона киши келиб қолса хотинини ундан қизғанади. Бегона кишининг уйига келганидан ўнғайсизланади.

Хўш, бу икки ҳолатда нима ўзгарди? Фарқ шундаки бири ҳалол бўлса, иккинчиси ҳаром. Буни ҳамма ажрата олади. Диндан умуман хабари йўқ одам ҳам буни англаб етади.

Янада оддийроқ мисол келтирайлик. Бир одам ўғрилик қилишни хоҳласа, аввало ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилади. Кейин эса қоронғу тушишини пойлайди. Чунки қоронғуда одамлар деярли йўқ бўлади. Ўғирлайдиган нарсасини олгач ҳар томонга аланглаб, шошиб ортига қайтади. Кейин ўғирлаган нарсасини ҳеч ким билмайдиган жойга яшириб қўйишга ҳаракат қилади. Шу ҳолатга бир баҳо беринг. Ўғри ўзининг иши хатолигини билади. Лекин ўз уйидан нарса олмоқчи бўлган одам кундузи ҳам ҳамманинг кўз ўнгида уйига кириб чиқаверади. Уйидан хоҳлаган нарсасини олаверади, ҳеч кимдан хавфсирамайди. Чунки у ҳеч қандай нотўғри иш қилмаётганини яхши билади. Пора олаётган киши ҳаммадан яшириб олади. Аммо маошини олаётган киши биров кўриб қолишидан қўрқмайди.


Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан

Мақолалар