ЭЪТИҚОДИЙЙА (ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ)
НАЗМ
Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.
(Ҳамд баёни)
Ҳаққа ҳамду сано адо қилдим,
Ҳақ оти бирла ибтидо қилдим.
Ибтидо қилғулиқ неким бордур,
Қилмасанг оти бирла, абтардур.
Қодиру баркамол Тенгридур,
Қоҳиру зулжалол Тенгридур.
Ҳар неким қилса, Ул қилур бешак,
Ҳар не ким қилса, Ул билур бешак.
Мунтазир раҳматиға гумроҳлар,
Муфтахир қуллуғи била шоҳлар.
Ямону яхшиға умид Андин,
Қўрқмоқ андину навид Андин.
Жисмда ҳар нечаки қил бўлса,
Қил сену эл танида тил бўлса,
Ҳамдига зокир ўлса ул тиллар,
Деса ҳамдини ойлару йиллар,
Ул барининг каломи бир бўлғай:
Бори ўз ажзиға муқирр бўлғай.
НАСРИЙ БАЁН
Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.
(Беҳад меҳрибон ва бениҳоят раҳмли Аллоҳ исми билан.)
(Ҳамд баёни)
Аллоҳ таъолога ҳамду сано айтиб, сўзимни – асаримни Аллоҳнинг номи билан бошладим. Чунки бошлагулик нимаики хайрли – мўътабар иш бўлса, уни Аллоҳнинг исми билан бошламасанг, охири кесикдир – давоми йўқдир, натижасиздир. (Чунки, ҳадиси шарифда айтилади: «Ҳар қандай хайрли – мўътабар иш Аллоҳнинг исми билан бошланмаса, абтардир – охири кесик, давоми йўқдир”.)
(Чунки) Қодир – ҳар нарсага кучи етадиган, хоҳлаган нарсасинихоҳлаганидек яратишга, хоҳлаган ишини хоҳлаганидек қилишга қодир бўлган зот Аллоҳдир; баркамол – энг комил сифатларга соҳиб зот Аллоҳдир, Қоҳир – Қаҳҳор сифатига соҳиб, яъни ҳамма нарсага, ҳар бир хоҳлаган киши ва нарсага хоҳлаган ишини қиладиган суратда ғолиб ва ҳоким зот, Зулжалол – ягона улуғлик эгаси Аллоҳдир.
Ҳар нимаики қилса, шубҳасиз, У қилади, ҳар ким нимаики қилса, шубҳасиз, У билади. (Қиладиган ишини биладиган ҳам, билган ишини қиладиган ҳам Удир!)
Гумроҳлар – йўлдан адашганлар, хатою гуноҳга тушганлар ҳам Унинг раҳматига интизор, умидвор; шоҳлар ҳам Унга бандалик, қуллик ва ибодат қилиш билан фахрланадилар.
Яхши-ёмон инсонларнинг ҳаммасининг умиди фақат Ундандир, хавфу ражо – қўрқув ҳам, умид ҳам фақат Ундандир. (Чунки ҳар мўъмин кишига хавфу ражо – умид билан қўрқув орасида яшаш вожибдир. Бири ошса ҳам, бири камайса ҳам, инсон учун хавфлидир, бу иккиси баробар бўлиши шарт.)
Инсоннинг жисмида неча тук бўлса, улар сенинг ва бошқа барча инсонларнинг танида тил бўлса, агар бу тиллар Аллоҳнинг ҳамдига зокир бўлиб, Уни зикр қилса, ойлару йиллар Унга ҳамду сано айтса, барчаларининг сўзи бир бўлади: ҳаммалари ўз ожизлигига иқрор бўлади, холос. (Яъни, ягона ва қудратли Зотнинг наздида ҳамма ўз ажзига иқрордир.)
Насрий баён ва шарҳ муаллифи
Мирзо КЕНЖАБЕК
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу кеча Қуръони карим нозил этила бошлаган. “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик” (Қадр сураси, 1-оят).
Бу кеча “...минг ойдан яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).
Бу кечада қуёш чиққунига қадар тинчлик ва сокинлик ҳукм суради. “У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 5-оят).
Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламай, тунни ибодат билан ўтказардилар.
Бу кеча қилинган амаллар 1000 ойда қилинган амаллардан афзал ва савоби кўпдир.
Бу кеча фаришталар тинимсиз мўмин-мусулмонлар ҳаққига салавот ва саломлар айтишади.
Бу кеча ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қадр кечасини иймон ва ихлос ила қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Бу кеча Аллоҳ таоло бедор бўлувчи бандаларини бошқа ойлардан кўра кўпроқ ажру савоблар билан мукофотлайди.
Бу кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Унинг тонгида қуёш қизғиш бўлиб чиқади.
Бу кеча ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний”.
Маъноси: “Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин” (Имом Термизий ривояти).
Бу кечада қилинган амаллар салкам 84 йил бетўхтов қилинган ибодатга тўғри келади. 84 йил эса тахминан 30 минг-у 295 кунга тенг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг умрлари олтмиш билан етмиш ўртасидадир. Озларигина ундан ташқарида бўладилар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бу кеча гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кечадир.
Бу кеча барча мўмин-мусулмонларга муборак бўлсин! Фазилатли ой ва муборак куннинг фазилатидан Аллоҳ таоло тўлиқ баҳраманд этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД