Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай сўзлари бор: "Агар қиёмат бўлиб қолса, биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин". Бошқа бир ривоятда эса: "Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади", дейилган (Имом Бухорий ривояти). Яъни, Ҳазрати Расули акрам алайҳиссалоту вассалом, мўмин одам яхшиликни кечиктирмаслик керак эканини, қолаверса, биронта кўчат ёки дарахт экиши ортидан, гарчи ўзи фойдаланмаса-да, ўзгалар баҳра олиши боис, унга ҳам ажрлар етиб туришини жуда ҳам нозик ҳикмат бирла етказдилар. Ушбу ҳадисдаги маънолардан келиб чиқиб, бугунги кунда юртимиз узра "Яшил макон" умуммилий лойиҳаси остида бир қанча хайрли ишлар қилинмоқда. Мазкур хайриятлардан руҳланиб, вилояти ҳокимининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Хатамов ва вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддиновлар бошчилигида туманимиздаги барча имом-домлалар ва отинойилар, Муборак Рамазон ойида Поп "Мурувват уйида" синиқ кўнгилларга шодлик улашиш мақсадида ифтор уюштириш баробарида, ҳашар ташкил этиб, 100тадан зиёд арча дарахтидан экиб, мўъжазгина боғ барпо қилинди.
Кези келганда айтиб ўтиш керак, қанчадан қанча инсонларнинг меҳнати синган, яхши ниятлар билан барпо этилаётган мана шундай экинзорларга зарар етказиш, мол, қўй ва шу каби чорва ҳайвонларни қўйиб юбориш, ёки экиб қўйилганидан кейин парвариш қилмасдан бепарво бўлиш, мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида иш тутиш бу гуноҳ саналади. Зеро, динимизда инсон ўзига ва ўзгаларга зарар бериши қораланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Исломда зарар бериш ҳам, зарарланиш ҳам йўқ", деган гаплари мусулмончиликдаги энг улуғ шиорлардан бири ўлароқ, ўзини мусулмонман деган ҳар-бир одамнинг қалбида янграб туриши лозим. Шундай экан, мўмин одам биродарининг меҳнатининг қадрига етиш керак.
Аллоҳ таоло мана шундай гўзал ишларни устида турган халқимизни Ўз паноҳида асрасин!
Қодиржон Умурзаков,
Поп тумани "Муҳаммаджон қори" жоме
масжиди имом-хатиби
Жорий йил 21 сентябрь куни "Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" Президент қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан иш жойида тазйиқ, зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик, руҳий босим, таъқиб ва камситишнинг олдини олиш, мурожаатларни холис кўриб чиқиш ва бундай ҳолатларни яширишга йўл қўймаслик бўйича яхлит тизим жорий этилмоқда.
Рақамли тизим қачондан ишлайди?
2026 йил 1 декабргача "Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити" ахборот портали ишга туширилади. У орқали тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатлар онлайн қабул қилинади, мурожаатларни кўриб чиқиш, далилларни йиғиш, хулоса тайёрлаш ва текширув натижаларини назорат қилиш жараёнлари рақамлаштирилади.
Энг муҳим кафолатлар
Мурожаат қилган ходимнинг шахсий маълумотлари ҳимоя қилинади.
Бундай маълумотларнинг қонунчиликда назарда тутилмаган ҳолларда ошкор қилинишига йўл қўйилмайди.
Раҳбар устидан мурожаат тушса, масала юқори турувчи инстанцияга автоматик йўналтирилади.
Бу манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга хизмат қилади.
Мурожаат учун босим ўтказишга йўл қўйилмайди.
Қарор материалларида ходим ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун унинг иш шароитларини ёмонлаштириш ёки жазолашга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланган.
Зарур ҳолатларда "112" орқали ваколатли органларга юбориш механизми ҳам тизимга интеграция қилинади.
Бу фақат шикоят тизими эмас
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ҳар йили қисқа тренинг курсларида ўқитилади. Ҳар бир ташкилотда портални юритиш ва профилактик тренингларни ташкил этиш учун камида бир нафар масъул ходим белгиланади.
Нодавлат ташкилотлар учун ҳам dmi.mehnat.uz тизимида мазкур имкониятлардан ихтиёрий фойдаланиш шароити яратилади.
Қарорнинг асосий мазмуни битта: иш жойидаги тазйиқ ёки зўравонликни яшириш эмас, уни хавфсиз билдириш, холис кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилишнинг аниқ механизми яратилмоқда.
Ҳурмат — имтиёз эмас. Хавфсиз иш муҳити эса энди алоҳида талаб эмас, тизимли вазифага айланмоқда.