Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний соҳада хизмат қилган ("Мовароуннаҳр" нашриёти собиқ директори) Юсуфхон ҳожи Маҳмудовга ўттиз ёшли фарзандининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган йигитнинг барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари ва ота-онасига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Юсуфхон ҳожи Маҳмудовга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Шу йил 25-26 март куни Жиззах, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидан “Ҳаж – 2026” мавсумига саралаб олинган гуруҳ раҳбарлари учун махсус ўқув семинари ўтказилди. Унда мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, зиёратчилар учун муносиб шароитлар яратиш ва ибодатларни юқори савияда ташкил этиш масаласи муҳокама этилди.
Мазкур ўқув машғулотларини Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Бобомурод Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш маркази директори Мақсуд Каримов, Бухоро вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Отабек Авезов ва Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Нурсултонхон домла Абдуманнонов олиб борди.
Семинар давомида нотиқлар томонидан элликбошиларга яқинлашиб келаётган муборак сафарнинг ташкилий жиҳатлари, зиёратчилар билан ишлашда одоб-ахлоқ қоидалари ва қонунчилик меъёрларига риоя қилиш юзасидан муҳим кўрсатмалар берилди. Хусусан, ҳаж амалларини адо этиш тартиби, муборак қадамжоларни зиёрат қилиш одоблари ва зиёратчиларга маънавий кўмак беришда гуруҳ раҳбарларининг масъулиятига алоҳида урғу қаратилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати