Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний соҳада хизмат қилган ("Мовароуннаҳр" нашриёти собиқ директори) Юсуфхон ҳожи Маҳмудовга ўттиз ёшли фарзандининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган йигитнинг барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари ва ота-онасига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Юсуфхон ҳожи Маҳмудовга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
#xabar #shvetsiya #muftiy
Швеция пойтахти Стокголм шаҳри марказидаги “Зайд ибн Султон ал-Наҳайён” масжид-мажмуасида Ўзбекистон делегацияси ва Швеция диний пешволари ўртасида самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Янги Ўзбекистондаги диний ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Айниқса, юртимиз масжидларида мўмин-мусулмонлар учун қилинган шароитлар, турли ҳудудларда Қуръон курслари фаолият кўрсатаётгани, минтақада ягона бўлган Фатво маркази хизмат кўрсатиши, имомлар ва қориларнинг хориж сафарлари швециялик соҳа вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
Муфтий ҳазратлари ўз сўзи давомида Рамазон ҳайити арафасида Давлатимиз раҳбари томонидан Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий масжид-мажмуаси халқимизга туҳфа этилганини айтиш баробарида мезбон давлат вакилларини мазкур муҳташам мажмуалар билан яқиндан танишиш учун Ўзбекистонга таклиф этдилар.
Мулоқот давомида масжид бош имоми Маҳмуд Халфий Ўзбекистоннинг тарихи буюклиги, бу диёрдан етишиб чиққан мутафаккирлар дунё ривожига улкан ҳисса қўшгани, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби уламолар диний илмлар ривожига ҳисса қўшган бўлса, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек сингари олимлар дунё илм-фани ривожига катта таъсир кўрсатгани, бугун ҳам бу диёр тараққий этаётганини эътироф этди.
Швеция Ташқи ишлар вазирлиги махсус вакили Кристиан Камил ўз сўзида Ўзбекистон ва Швеция давлатларининг ўхшаш жиҳатлари кўплигини таъкидлаб, икки давлат делегацияларининг ўзаро мулоқоти давомида катта натижаларга эришилаётганини таъкидлади.
Мулоқот самимий ва кўтаринки руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати