Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний соҳада хизмат қилган ("Мовароуннаҳр" нашриёти собиқ директори) Юсуфхон ҳожи Маҳмудовга ўттиз ёшли фарзандининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган йигитнинг барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари ва ота-онасига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Юсуфхон ҳожи Маҳмудовга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Шу йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги «Кўкалдош» ва «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом таълим муассасалари талабалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлишди. Билим юрти мударрислари бошчилигида ташкил этилган ушбу маърифий саёҳатдан кўзланган асосий мақсад ёшларни юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва аждодларимизнинг бой илмий мероси билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Саёҳат доирасида марказ мутахассислари томонидан талабалар учун махсус маҳорат дарси ташкил этилиб, унда Ислом цивилизацияси ривожи, юрт алломаларининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ва қадимий қўлёзмалар билан ишлаш усуллари ҳақида муҳим маълумотлар берилди.
Сўнгра талабалар марказда сақланаётган ноёб қўлёзмалар, замонавий интерактив кўргазмалар ҳамда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби улуғ зотлар ҳаётига бағишланган бўлимларни катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар.
Бу каби тадбирлар бўлажак диний соҳа ходимларини ватанпарварлик, илмга муҳаббат ва аждодлар меросига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати