Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Апрел, 2026   |   24 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:29
Аср
17:04
Шом
19:05
Хуфтон
20:21
Bismillah
13 Апрел, 2026, 24 Шаввол, 1447

Кўз рўзаси

01.05.2020   5103   4 min.
Кўз рўзаси

Бизларга кўз неъматини берган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Кўзни ҳаромдан сақлашни таълим берган зот Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.

Баъзилар кўзнинг ҳам рўзаси бўладими, деб ажабланадилар. Ҳа азизлар, кўзнинг ҳам ўзига хос ва мос рўзаси бор. Кўзни ҳаромдан тийиш, фаҳшдан юмиш, қайтарилган нарсалардан сақлаш, унинг рўзасидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур, 30).

Муфассирлар ушбу оятни: “Эй Муҳаммад мўминларга айтингки, авратларини зинодан сақлаб, қараш ҳалол бўлмаган жойлардан кўз юмсинлар, унга назар солишни ёмон кўрсинлар. Мана шу комил имон далилидир”, деб тафсир қилганлар.  

Эркак маҳрамларининг боши, бўйин ва бўйин атрофи, болдири ва тўпиқларига қараш билан гуноҳкор бўлмайди. Бегона аёлнинг эса, юзи, кафти ва оёқларига кўзнинг ногоҳ тушишининг зарари йўқ.

Эркак кишининг бошқа эркак кишига нисбатан аврати киндик остидан тиззасининг тагигача бўлган қисмидир. Бу аврат қисмини эркакка ҳам аёлга ҳам кўрсатиши ҳалол эмас. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эркак бошқа эркакнинг авратига, аёл бошқа аёлнинг авратига қарамайди. Шунингдек, икки эркак яланғоч ҳолда, икки аёл яланғоч ҳолда бир тўшакка ўраниши мумкин эмас”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Қуръони каримда марҳамат қилинади:

“Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!..” (Нур, 31).

Ушбу оят тафсирида: “Эркак бегона аёлга қараши мумкин бўлмаганидек, аёллар ҳам номаҳрам одамга қараши ҳалол эмас”, дейилган. Аёл киши маҳрамларининг ҳам, бегона эркакларнинг ҳам киндиги остидан тиззасининг тагигача бўлган аъзоларига қараши ҳаромдир. Аёл эркак кишини кўриб шаҳватланса, ундан кўзини юмиши фарздир. Аёл киши аъзоларининг маҳрамига кўрсатиши мумкин бўлган, яъни боши, бўйин ва бўйин атрофи ҳамда тиззасидан пастки қисмига бошқа аёлнинг кўзи тушишининг зарари йўқ. Шундан бошқа аъзоларини бошқа аёл кишига кўрсатиши мумкин эмас. Чунки бу ишдан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтарганлар.

Кўз қалб буйруғини бажарувчи ижрочи ва руҳнинг эшигидир. Кўздан қалбга хайриятлар ва яхшиликлар кириши мумкин. Шунингдек, уни азобланишига сабаб бўлувчи нарсалар ҳам кириши мумкин. Инсон кўзини ҳаромдан тиймаса, ибодати кетади, таот-ҳаловати йўқолади, имон ва ишонч таъмини билмайди, қаттиқ гуноҳкор бўлади, кўзининг нури кетади ва зеҳни ўлади. Ким кўзини фаҳш ва ёмон нарсалардан юмса, Аллоҳ таоло унга имон ҳаловатини беради, инсон уни кўксида ҳис этади.

Кўзини ҳаромдан юмган мўмин қудрати буюк зот Аллоҳ таолога тоат, У зотнинг бандага берган бир неъматига эришиш, дунё ва охиратда азизлик, қалб саломатлиги, роҳати, хотиржамлиги ва фараҳи каби фойдаларига эришади. Шу билан бир қаторда банда фитна, бало ва хатолардан омонда бўлади. Аллоҳ таоло илм-маърифат ва тавфиқ бериб, тўғри йўлни кўрсатиши инсонга берилган буюк неъматдир.

Рўзада инсон оч бўлади. Очлик кўзни бўйсундиришнинг асосий омили бўлиб, уни хатодан сақлайди ва назар шаҳватини заифлаштиради. Шу билан бир қаторда кўз нурини зиёда қилади. Баъзилар таом ва ичимликдан тийилиш билан рўза тутади-ю, кўзи билан рўза тутмайди, яъни ҳаром жойлардан кўзни юммайдилар. Бу рўзанинг ҳақиқатини ва асл моҳиятини билмайдиган одамнинг рўзасидир.

Таом ва ичимликдан тийилганимиздек, ҳаром жойлардан кўзларимизни юмиш билан ҳам рўза тутайлик. Шоят қалбларимиз саломат бўлиб, руҳларимиз роҳатланиб “Аллоҳ буюкдир” деб нидо қилса. Аллоҳ таолонинг раҳмати, баракаси ва розилигини умид қилиб, кўз рўзасини тутишлик барчамизга насиб қилсин. 

 

Баҳриддин ПАРПИЕВ

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди

13.04.2026   134   4 min.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди

2026 йил 13 апрель куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига “Largest museum of Islamic civilisation” — дунёдаги энг йирик ислом цивилизацияси музейи номинацияси бўйича Геннеснинг Рекордлар китоби расмий рекорди берилди.


Тантанали тақдирлаш маросимида Геннеснинг Рекордлар китоби ташкилотининг расмий вакили — судья Шейда Субаси иштирок этиб, Марказ барча белгиланган халқаро мезон ва стандартларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади.


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — бу кенг қамровли илмий-маърифий ва музей мажмуаси бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилган йирик стратегик мегалойиҳа ҳисобланади. Мазкур Марказ “Янги Ўзбекистон”нинг ўзига хос платформаси сифатида илм-фан салоҳияти, бой маданий мерос ва замонавий технологияларни ягона маконда уйғунлаштиришга қаратилган.


Лойиҳа давлат раҳбарининг мамлакатнинг янги гуманитар қиёфасини шакллантириш, миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонни жаҳон миқёсида ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида илгари суришга қаратилган узоқ муддатли стратегиясини акс эттиради.


Бугунги кунда Марказ минтақанинг энг кўп ташриф буюриладиган илмий-маданий масканларидан бирига айланган бўлиб, ҳар куни ўртача 5 000 нафарга яқин ташрифчи қабул қилмоқда. Бу эса унинг аҳоли ва хорижий меҳмонлар орасида катта қизиқиш уйғотаётганини кўрсатади.


Марказ илк кунларданоқ янги турдаги илмий-маданий ва маърифий мажмуа сифатида концепция қилинган. Унда тарихий мерос ва замонавий мультимедиа технологиялари уйғунлашган ҳолда тақдим этилган. Экспозиция “Цивилизациялар, Шахслар, Кашфиётлар” тамойили асосида тузилган бўлиб, минтақанинг энг қадимги даврларидан тортиб, илм-фан юксалиши ва замонавий босқичигача бўлган тараққиёт изчил ёритиб берилади.


Марказ тузилмасида Қуръони карим зали алоҳида ўрин тутади. Унда Усмон Мусҳафи деб номланувчи энг қадимий қўлёзмалардан бири намойиш этилган бўлиб, у ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” реестрига киритилган. Бу ноёб асар нафақат ислом цивилизациясининг беқиёс ёдгорлиги, балки илмий-тадқиқот ва маърифий фаолиятни бирлаштирувчи муҳим маънавий марказ сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.


Марказ концепциясининг ўзига хослиги уни музей, илмий тадқиқот инфратузилмаси ва таълим муҳитини бирлаштирган илк намунага айлантириб, жаҳон музейчилик амалиётида янги босқични белгиламоқда.


Ушбу рекордга эришиш кўп ойлик тизимли иш натижаси бўлиб, музей параметрларини тасдиқлаш, тўлиқ ҳужжатлар тайёрлаш ва мустақил халқаро экспертлар иштирокида кўп босқичли верификация жараёнларини ўз ичига олди.


Музей коллекциясини шакллантиришда археология, нумизматика, тўқимачилик ва қўлёзмалар соҳасидаги етакчи халқаро мутахассислар иштирок этди. Бу эса экспозициянинг юқори илмий ва музей даражасини таъминлади.


Геннеснинг Рекордлар китоби унвонининг берилиши нафақат Марказ кўламининг эътирофи, балки ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этган юзлаб олимлар, мутахассислар ва экспертлар меҳнатига берилган юксак баҳодир.


Судья Шейда Субаси Марказ фаолиятини юқори баҳолаб, қуйидагиларни таъкидлади:

-Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарихий меросни замонавий музей технологиялари билан уйғунлаштиришнинг ноёб намунасидир. Лойиҳанинг кўлами, концептуал яхлитлиги ва амалга ошириш даражаси Геннеснинг Рекордлар китоби мезонларига тўлиқ жавоб беради. Бу шунчаки энг йирик музей эмас — балки маданиятлар мулоқоти ва билимларни келажак авлодларга етказиш учун замонавий платформа ҳисобланади.


Ушбу рекорд Ўзбекистоннинг ислом илми, маданияти ва маърифатининг муҳим тарихий марказларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлайди. Шу билан бирга, мамлакатнинг цивилизациялар мулоқоти, бағрикенглик ва маданий хилма-хиллик тамойилларига асосланган замонавий халқаро майдон сифатидаги нуфузини мустаҳкамлайди.


Геннеснинг Рекордлар китоби мақомини қўлга киритиш Марказнинг дунёдаги энг йирик шундай музей сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаб, уни интеллектуал меросни ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича етакчи халқаро платформалардан бирига айлантиради.


Келгусида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро илмий-маданий майдон сифатида янада ривожланиб, дунёнинг турли мамлакатларидан олим ва мутахассисларни бирлаштиради ҳамда “Янги Ўзбекистон”нинг гуманитар ташаббусларини глобал миқёсда илгари суришда муҳим драйвер бўлиб хизмат қилади.

t.me/islommarkazi

Ўзбекистон янгиликлари