Илму ҳикмат бир илоҳий нур-зиё,
Илму ҳикмат билан диллар пурзиё.
Зебу зийнат, молу дунё ўткинчи,
Завқу азоб, орзу-ҳаво ўткинчи.
Заковат-ла сақланар қалб жаҳлдан,
Бахт бешиги ясалгай илм, ақлдан.
Ўрганамиз илм-ла дин-диёнатни,
Фарзу вожиб, суннату сир-синоатни.
Илм иста, ғафлатга ҳеч кўнмагин,
Бекор сўзлаб, узун ухлаб, сўнмагин.
Илмсиз қалб бўлармиди саломат?
Дардинг борми, йўқ ишингда давомат.
Илм йўллар сени рушду ҳидоятга
Ва олгайдир ихлосингни ҳимоятга.
Илм иста, бўлгин омон, эй дўстим,
Шунда жаннат йўли осон, эй дўстим.
Ибодуллоҳ Аҳроров
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
(“Ҳидоят”журнали 2002, 2 сон)
Тошкент ислом институти магистратура таълим босқичининг илк битирувчиларига диплом топшириш маросимида Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев сўзга чиқиб, мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний таълим тизими мутлақо янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, магистратура босқичини тамомлаётган ёш мутахассислар юқори илмий салоҳият, мустаҳкам билим ва амалий кўникмаларга эга бўлиб, бугунги кунда уларга нафақат диний соҳада, балки давлат ва жамоат ташкилотларида ҳам эҳтиёж мавжуд.
Шунингдек, диний таълим йўналишида берилган дипломларнинг давлат таълим тизимида тўлиқ тан олинаётгани, битирувчиларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини давом эттириши учун кенг имкониятлар яратилгани ҳамда соҳада узлуксиз таълим тизими изчил йўлга қўйилгани қайд этилди.
Тадбирда диний-маърифий соҳада фаолият юритиш оддий касб эмас, балки юксак масъулият, ватанпарварлик, садоқат ва фидойиликни талаб этадиган шарафли хизмат экани таъкидланди. Илм аҳли зиммасида халқ маънавиятини юксалтириш, маърифатни кенг ёйиш ва жамиятда эзгу қадриятларни мустаҳкамлашдек улуғ вазифалар мужассам эканига урғу берилди.
Тадбир доирасида илмий фаолиятда юқори натижаларга эришган илк 10 нафар магистр Дин ишлари бўйича қўмитанинг Мақтов ёрлиғи ҳамда замонавий планшетлар билан тақдирланди.
Ушбу эътироф ёш мутахассисларнинг илм-фан йўлидаги изланишларини янада ривожлантириш, уларнинг юрт тараққиёти, халқимиз маънавий юксалиши ва фаровонлиги йўлидаги фаолиятига муносиб туртки бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати