Қизалоқнинг қўлларида иккита олма бор эди. Онаси ундан “Қизим, олманинг биттасини менга бер” деб сўради. Қиз онасига тикилиб турди-да, кейин қўлидаги олмаларни бирин-кетин тишлади. Онаси қизининг бу ишидан бироз хафа бўлиб, “Меҳр билан боққан қизим шундай қилдия” деган нарса хаёлидан ўтди. Ўз қизидан бундай муомалани кутмаганди. Қизидан узоқлашиб, бошқа хонага чиқмоқчи бўлганида, қизи унинг ортидан чақирди ва “Онажон, мана буниси ширинроқ экан” деди-да, олмаларнинг бирини онасига узатди.
Қизалоқ онасига ширин олма бериш учун уларни тишлаб кўрганди. Онаси эса бу ҳолни бироз нотўғри тушунди ва қизидан хафа бўла бошлади. Қизининг гапидан кейин она ундан бекорга хафа бўлганини англади.
Ҳар қанча илмли, тажрибали ва дунёқараши кенг инсон бўлманг, бошқалар ҳақида ҳукм чиқаришга шошилманг. Одамларга ўз мақсадларини баён қилиб беришлари учун имкон беринг.
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
1. Жаннатдаги “Райён” эшиги муборак бўлсин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир эшик бор, уни “Райён” деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
2. Дўзахдан узоқ бўлиш муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутар экан, Аллоҳ таоло унинг юзини шу туфайли етмиш куз (етмиш йиллик масофага) дўзахдан узоқ қилади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
3. Рўзанинг шафоати муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади", деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
4. Аллоҳ таолога рўбарў бўлгандаги хурсандчилик муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “... Роббисига йўлиққанда, рўзаси ила хурсанд бўлади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
5. Дўзахдан омонлик муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
6. Ўтган гуноҳларингиз кечирилгани муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Насоий ривояти).
7. Қабул бўлган дуолар муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзадорнинг дуоси рад этилмайди”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
8. Аллоҳнинг мукофоти муборак бўлсин!Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “...фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Ўзи муваффақ этиб тутган рўзаларимизни Ўзининг розилиги билан мукофотласин!
Даврон НУРМУҲАММАД