Инсон учун киндик қони тўкилган ер қадрли бўлади, қаерда бўлмасин унга талпинаверади. Ватанни севиш, уни ардоқлаш инсон табиатидаги нозик, теран туйғу. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинага ҳижрат қилаётиб, туғилиб ўсган Ватани – Макка шаҳрига юзланиб: “Қандай яхши юртсан! Мен учун нақадар севимлисан! Агар қавмим мени сендан чиқармагинда, сендан бошқа юртда яшамас эдим”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳаётимизга маъно ва мазмун олиб кирувчи тинчлик-ҳотиржамлик каби илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Буни, айниқса, юрт ҳимоячиси деган шарафли ва масъулиятли касбни танлаган ҳарбийларимиз янада теранроқ англайди.
1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди. Жорий йил ана шу шонли сананинг 28 йиллигини нишонлаяпмиз.
Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Ушбу қутлуғ сана билан юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар, юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган ака-укаларимиз қатори юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли соҳаларда хизмат қилаётган барча ватандошларимизни муборакбод этамиз.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
тайёрлади.
Аллоҳ инсоннинг кечинмаларини жуда яхши билади. Бироқ Аллоҳга иймон келтирмаганлар бунга ишонмайдилар. “Қани бунинг исботи?” деб сўрайдилар. Ақлий далиллар албатта мавжуд. Аллоҳ инсоннинг кечинмаларини ҳам билишининг исботи ўлароқ қуйидаги ояти каримани нозил қилган:
﴿إِذَا جَاءَكَ الْمُنَافِقُونَ قَالُوا نَشْهَدُ إِنَّكَ لَرَسُولُ اللَّهِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ إِنَّكَ لَرَسُولُهُ وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ﴾
“Вақтики мунофиқлар ҳузурингга келиб: “Сиз Аллоҳнинг Расули эканлигингизга гувоҳлик берамиз” дедилар. Аллоҳ Унинг ҳақиқий Расули эканингни билади ва Аллоҳ гувоҳлик берадики мунофиқлар ёлғончидир” (Мунофиқун сураси, 1-оят).
Мунофиқлар тўпланиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишди ва гўёки у зотнинг пайғамбар эканларини тасдиқладилар. Буни ояти каримадан англашимиз мумкин. Бироқ улар гувоҳлик берган бўлсалар қандай қилиб ёлғончи бўлишлари мумкин?
Аллоҳ айтмоқдаки, уларнинг тил учида айтган гапларини қалблари тасдиқламади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликларини фақат тилларида тан олдилар. Қалблари билан эса инкор қилдилар.
Мунофиқлар қалбларидагини яширадилар. Бироқ Аллоҳ таоло эълон қилиб қўйган оятни инкор эта олмадилар. Яъни, уларга ҳам худди Абу Лаҳабга берилган имконият берилган эди. Улар келиб “Биз рост айтган эдик, сиз Расулуллоҳсиз” десалар бўларди. Ҳеч ким уларнинг қалбини очиб кўра олмас эди. Бироқ Аллоҳ уларнинг бундай дея олмасликларини эълон қилди ва уларни шарманда этди. Аллоҳ қалблардаги нарсаларни ҳам билишини Қуръони каримнинг бир қанча жойларида айтиб ўтган. Жумладан:
﴿وَإِنْ تَجْهَرْ بِالْقَوْلِ فَإِنَّهُ يَعْلَمُ السِّرَّ وَأَخْفَى﴾
“У Зот сирни ҳам, ундан махфийроғини ҳам билади” (Тоҳа сураси, 7-оят).
Одатда сир икки киши ўртасида бўлади. Аммо сирдан ҳам махфийроқ нарса нима? У инсон ҳеч кимга айтмаган, билдирмаган қалбидаги туйғуларидир. Аллоҳ таоло мунофиқларни шарманда қилган оятлардан бирида бундай деган:
﴿وَيَقُولُونَ فِي أَنْفُسِهِمْ لَوْلَا يُعَذِّبُنَا اللَّهُ بِمَا نَقُولُ﴾
“(Мунофиқлар) ичларида “Аллоҳ бизга азоб жўнатмасайди” дерлар” (Мужодала сураси, 8-оят).
Демак, мунофиқлар бу гапни ҳеч кимга, ҳатто ўзаро ҳам айтмаганлар. Фақат ичларида сақлаб юрганлар. Лекин Аллоҳ уларни шарманда қилиб бу туйғуларини ошкор қилди. Улар эса буни инкор ҳам эта олмадилар. Агар ихтиёрлари ўзларида бўлганида ҳеч бўлмаса ёлғондан бўлса ҳам “Ичимизда ҳеч нарса деганимиз йўқ” деган бўлардилар. Бироқ Аллоҳнинг илми, ихтиёри олдида ҳамма қатори ожиз эдилар.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан