Муқаддас Ислом динимизда қўшничилик ҳақ-хуқуқларига катта эътибор қаратилган бўлиб, улар ким бўлишидан қатъий назар улар билан қўшничилик бурчимизни адо этишимиз зарур.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай мархамат қиладилар:
“Қўшнилар уч хил булади:
Битта ҳақи бор қўшни, иккита ҳақи бор қўшни ва учта хақи бор қўшнидир. Битта ҳақи бор қўшни − мушрик қушнидир, унинг қўшничилик ҳақи бор холос. Иккита ҳақи бор қўшни эса, мусулмон қўшнидир. Унинг мусулмонлик ҳақи ҳамда қўшничилик ҳақи бор. Учта ҳақи бор қўшни эса, мусулмон ва қариндош қўшнидир унинг қўшничилик, мусулмонлик ва қариндошлик ҳақлари бор.”
Ҳадиси шарифларда қўни-қўшничилик ҳаклари одоблари тўғрисида зикр қилинган муборак сўзларига эътибор бериб, унга амал қилиб, фарзанд-у зурриётларимизга ҳам унинг савоб-у гуноҳларини тушунтириб боришимиз зарурдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
“Жаброил алайҳиссалом менга қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узок уқтирдиларки, мен ҳатто кўшнилар бир-бирларидан мерос олишини ҳам тайинласалар керак, деган хаёлга бордим”.
Ваҳоланки, хозирда аксар қўшнилар бир бирлари билан бўлаётган муомалалари мутлоқ ҳадисларда зикр этилаётган ҳақларига тўғри келмайди.
Арзимаган сабаблар билан ўрталарида жанжаллар, нохуш ҳолатлар содир булаётгани ҳаммамизга маълум. Бир ёки икки қарич ерни деб, бир-бирлари билан ёқалашиш, маҳаллада шарманда бўлиб, ўз шаъни, миллати, дини эсидан чиқиб кетаётган қўшнилар сафларимизда кўпайиб боряпти. Буларнинг ҳаммасининг сабаби дунёга бўлган муҳаббатимиз, очкўзлигимиз, ислом динимизни яхши тушунмаганимиз оқибатидандир. Қўшнилар томон баланд иморатлар қуриш, сояли дарахтлар экиш ёки ариқларда оқиб келадиган сув йўлларини ёпиб қуйиш билан қўшниларга озор бераётган қўшнилар албатта йуқ эмас. Натижада ўртадаги муносабат, муомала, борди-келдилар камайиб бормоқда. У ҳам бўлса, бегоналар эмас, яқинлар, қариндошлар, ҳаттоки ака-укалар ўртасида содир буляпти. Луқмони Ҳаким шундай деган эканлар “Оғир тош кўтардим, темир кўтардим, аммо ёмон қўшнидан оғирроқ нарса кўрмадим”.
Қўшнининг ҳақлари тўғрисида динимизда яна қуйидагича кўрсатмалар берилган:
Агар бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса, қарз бермоқ, вафот этса, дафнда қатнашмоқ, бирор қувонарли ҳодиса руй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, ҳамдардлик бирдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳақига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева нарсалардан келтирганда қўшниларга ҳам улашмок, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капкир овози ёки таом ҳид билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозимдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни қўшнилар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Қўни-кўшнилар билан самимий алокаларимиз янада яхшиланиб боришини Аллоҳ таоло барчамизга насиб айласин.
Ҳабибулло Ибодов
“Халқобод” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ Байтуллоҳни қуришди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни ҳажга чақиришга буюрди. Натижада, бу ер нафслар ошиқадиган, қалблар эса у томон шошадиган муборак жойга айланди.
Ҳижратнинг тўққизинчи санасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлга қодир бўлган одамларга ҳаж фарзлиги ҳақидаги оят нозил бўлди. Ҳаж диндаги фарзлардан бир фарз, Ислом рукнининг бир рукни бўлди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Ҳаж ибодати умрда бир марта адо этиладиган фарз амалдир. Ундан ортиғи нафл ҳисобланади. Эҳтиёжи ва қарамоғидагиларнинг нафақасидан ташқари Байтуллоҳга бориб келишга етарли маблағи бор ҳар бир ақли расо, балоғатга етган, озод, соғлом мусулмонга ҳаж амалини адо этиш фарздир. Бундай шароитлар мавжуд бўлса-да, уни кечиктирган, гуноҳкор бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳажни ирода қилса, шошилсин. Чунки киши бемор бўлиши, улови йўқолиб қолиши ва узри чиқиб қолиши мумкин”, деганлар.
Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, бу муборак ибодатни адо этиш учун юртимиз ҳожиларига барча шароитлар муҳайё қилинган. Улар ҳеч нарсага чалғимайди, бирор нарса ҳақида ўйламайди ҳам, хавотирга ҳам тушмайди, фақат ибодат қилади, ибодатнинг лаззатини ҳис қилади.
Ҳаж ибодати давомида гуноҳ қилмаган, фаҳш сўзлар айтмаган ҳожи, худди онадан янги туғилгандек гуноҳларидан пок бўлади. Бунинг учун ҳажга борувчилар қуйидагиларга амал қилишлари зарур:
– энг аввало, ниятни холис қилиш. Зеро, ҳар бир амал ниятга боғлиқ. Ҳар бир банда ниятига яраша савобга эга бўлади.
– ҳажнинг аркон ва амалларини тўлиқ ўрганиш;
– маблағнинг ҳалол бўлиши. Бу ҳар бир мусулмон учун муҳим ишлардан бўлиб, барча солиҳ амаллар, жумладан, ҳаж ибодатининг ҳам мақбул бўлиш шартларидан саналади. Зотан, Аллоҳ таоло покдир. Фақат покиза амалнигина қабул қилади;
– зиммадаги қарзларни узиш. Зеро, ҳақдор ҳақини кечмагунича Аллоҳ таоло кечмайди;
– омонатларни эгаларига қайтариш;
– аразлашганлар билан орани ислоҳ қилиш, улар билан ярашиш;
– қайтиб келгунича аҳли оиласи ва қарамоғидагиларга етадиган нафақа қолдириш;
– ўтган гуноҳларга тавба қилиш;
– Аллоҳ таолонинг розилигидан бошқа ўй-хаёлларни қалбдан чиқариш;
– сафар давомида гуноҳдан, беҳуда ишлардан ва бузуқ сўзлардан йироқ бўлиш;
– ҳамсафар йўлдошлар билан гўзал муносабатда бўлиши. Улар билан тортишмаслик, эътирозларига сабаб бўладиган ишларни қилмаслик, уларга озор етказмаслик ва улардан етган азиятларга сабр қилиш;
– талбия айтиш (Лаббайка Аллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк, иннал ҳамда ван-ниъмата лака вал мулк лаа шарийка лака) ни кўпайтириш;
– Аллоҳни дoимo зикp қилиш, иcтиғфоp aйтиш, Қypъoни кapимни тилoвaт қилиш; тилни ёлғoн, ғийбaт кaби бeҳyдa сўзлapдaн тийиш;
– ибодатларни бажаришда дангасалик, эринчоқлик қилмаслик, ғайратли, шижоатли бўлиш, вақтни ғанимат билиш;
– замзам сувидан тўйиб-тўйиб ичиш;
Аллоҳ таоло барчамизга бу улуғ ибодатни тўла-тўкис адо этишни ва унинг фазилатларига эришишни насиб айласин.
Даврон НУРМУҲАММАД