Инсон комиллиги унинг фазилатларига боғлиқдир. Фазилатлари ортган сари камолотга эришиб боради. Инсон камолига боис фазилатлардан бири сабрдир. Сабр нафснинг буйруқларига эргашишдан тийилишдир, динимиз амрларини нафс майлларидан устун қўйишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сабр ҳақида бундай деганлар: “Бош тана учун қанчалик керак бўлса, сабр ҳам иймон учун шунчалик кераклидир”.
Иймон тақозо қилган иффат, ўзини босиш, шижоат, ҳилм, бағрикенглик, қаноат каби яхши хулқлар сабрда мужассамдир. Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида жуда кўп ўринларда сабрга чақиради ва сабр қилганларга юксак мукофотлар борлигини баён қилади. Жумладан: “Аммо сабр қилганлар ва яхши амаллар қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор”, дейди (Ҳуд сураси 11-оят).
Сабр доим керак. Яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда – борчилик пайтида ҳам. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилик, тўқчиликка ҳамма ҳам сабр қила олмайди. Аслида эса, банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганида эса шукр ва яхшилик билан сабр қилиши керак. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган хадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани қазо қилса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади. Бу фақат мўминларгагина бўлади”, деганлар.
Аллоҳ таоло яна: “Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир”, дейди (Бақара сураси, 153-оят).
Банда Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни ва ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб ўтиши учун ҳам, заифлик келиб қолганда ҳам, ҳавои нафсни жиловлаши учун ҳам сабрли бўлиши керак. Уламоларимиз сабрни учга бўлганлар:
Биринчиси: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳлардан сақланишга сабр.
Иккинчиси: тоат ва қурбат ҳосил қилиш учун сабр.
Учинчиси: етадиган мусибат ва қийинчиликларга сабр.
Инсонга заррача озор етса, билингки, буларнинг ҳаммаси бошга келган мусибат ҳисобланади. Инсоннинг бошига тушадиган мусибат ва мушкулотлар эса Аллоҳ томонидан синов тариқасида, бандасининг иймонини имтиҳондан ўтказиш учун юборилади. Масалан, уйда чироқнинг ўчиб қолиши ёки табиий газнинг маълум вақтгача келмаслиги ҳам мусибат. Бундай пайтларда шошма-шошарлик билан оҳ-вой қилишни ўрнига, сабр-қаноат ва чидам билан туришлиги керак бўлади. Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Сабр қоқилмас уловдир, қаноат қайрилмас қиличдир”, деганлар.
Ҳадиси шарифда “Сабр ёруғликдир” дейилади. Зеро, сабр нур каби қийинчилик зулматини кетказади ва ҳақиқатни намоён қилади. Яна бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган”, дедилар. Сабр ҳақида ҳикматли сўзлар жуда кўп. Улардан бирида бундай дейилади: “Ким боқийликни истаса, мусибатларга сабрли қалб ҳозирласин”. Чунки Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради. Бунинг учун киши иродали бўлмоғи, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам неьмат деб билиб, Парвардигорнинг хукмларига сабр билан собит туришлиги мақсадга мувофиқдир. Сабр ва чидам йўлини тутган одам гуноҳ қилишдан қўрқади, ёмон ишлардан юз ўгиради, саботли бўлади, ғафлатда қолмайди, ризқ бўлмиш ноз-неъматлар қадрини билади, яхшилик қилиш, ёмонликдан узоқ бўлиш ҳаракатига тушиб, тавба қилиш бахтига эришади. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳамма ишларимизда сабр ва қаноатли бўлишлигимизни насиб айласин!
Абдуҳалим ТЎХЛИЕВ,
Ёзёвон тумани бош имом-хатиби
Инсонлар ҳаётда бир бирлари билан аҳл иноқ яшашлари динимизда мақталган кўрсатма ҳисобланади.
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминнинг биродаридир, ҳеч бир ҳолатда унинг насиҳатини ерда қолдирмайди”. деганлар.
Динимизда мўминлар бир-бирлари билан ака-ука кабидирлар. Шундай экан, мўминлар ўртасидаги ҳақиқий муносабат туғишган биродарлари билан қиладиган муносабати каби бўлиши керак. Ҳатто зиёдароқ бўлиши даркор. Шу сабабдан биродарини севмоқ, унга гўзал муомала қилмоқ, унинг олдида камтар бўлмоқ, ўзининг ва ака-укасининг обрўсини ҳимоя килгани каби унинг ҳам шарафини ҳимоя қилмоқ мўъминлик, дўстлик шартларидандир.
Бундай аҳилликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратлари Мадинага борган вақтларида саҳобаи киром ўртасида тадбиқ этилган. Маккада бор-йўғини қолдириб, фақат Аллоҳнинг розилиги учун ҳижрат қилган маккалик муҳожирлар билан уларни қучоқ очиб кутиб олган Мадина халқи – ансорлар орасида юзага келди.
Исломга ёрдам берганлари учун мадиналик мусулмонлар ансор – ёрдамчи дейилди. Мадиналик ансор маккалик биродарига бор-йўғини топшириб, ҳақиқий самимийлик муомаласи қилган бўлсалар ҳам, аҳли Маккаликлар ўзларига кўрсатилган бу инсоний биродарликка миннатдорлик билдириш билан бирга, биродарларига ортиқча юк бўлмаслик учун савдо-сотиқ билан шуғуллана бошладилар. Бироз вақтдан сўнг эса уларнинг ўзлари бошқа муҳтожларга ёрдам бера бошладилар. Улардан бири ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Шом сафаридан келган савдо молларини туялари билан бирга Мадина камбағалларига эҳсон қилганлар.
Маълумки, инсон нуқсондан холи эмас. Аммо мусулмон ўз биродаридаги баъзи камчиликларни шартта юзига солмайди. Балки муносиб бир вақтда муносиб бир сўз билан ҳамда танҳо бир жойда айтади ва насиҳат қилади. Биродарининг хатою камчиликларини ошкор айтиш жоҳилларнинг ҳаракатидир.
Зеро, бунинг фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлади. Чунки ўртада ҳасад, гина-адоват, жанжаллар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун насиҳат қилувчилар, мутлақ танҳо бир жойда, ширин тил билан ўзининг камчиликларини ҳам бироз мисол келтириб, уни ўзидан совутиб, узоқлаштирмайдиган даражада ўгит беришлари лозим. Ҳар ҳолда, барчамиз насиҳатга муҳтожмиз.
Яратган бир-биримизни тўғри йўлга чақиришимиз ҳам динимиз амри, ҳам дунёю охиратимизнинг саодати учун зарурдир. Барчамизга шундай гўзал хулқ эгаси бўлишимизни насиб айласин.
Кенжабек Солиев,
Чуст туман “Ғойиб эронлар” жоме масжиди имом-хатиби.