Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўнғич куёвлари
Абул Ос ибн Робиъ
“Абул Ос менга фақат рост гапирди. Ваъда бериб, ваъдасига вафо қилди.”
(Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)
Абул Ос ибн Робиъ Абшамий[1] Қурайший барчага бирдай манзур бўладиган, жуда кўркам ва навқирон йигит эди. Тақдир уни барча наъматлар, шу жумладан олий насл насаб билан ҳам сийлаган эди. Шунинг учун у виқор, салобат, мардлик, вафо ва ота боболар меросини эъзозлашда араб ёшларига намунага айланди.
Абул Ос тижоратга муҳаббатни икки сафар, яъни қишки ва ёзги риҳлат соҳиблари бўлган Қурайшдан мерос қилиб олди. Унинг уловлари Маккадан Шомга тинимсиз бориб келарди. Карвонида юзта туя икки юзта одам бор эди. Маҳорати, ростгўйлиги ва омонатдорлигидан яхши хабардор бўлганлиги учун одамлар молларини ўзиникига қўшиб тижорат қилиши учун унга олиб келиб берар эди.
Холаси, Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг аёли, Хадича бинти Ҳувайлид уни ўз боласидек яхши кўрар эди. Уни шунчалар яхши кўрганидан нафақат қалбининг тўридан, балки уйидан ҳам у учун маълум жой ажратган эди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг ҳам Абул Осга муҳаббати Хадича бинти Ҳувайлидникидан кам эмасди.
Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг хонадонида кунлар жуда тез ўтиб, катта қизлари Зайнаб балоғатга етди ва муаттар бўйли атиргул каби гўзал бўлиб вояга етди. Қурайш улуғларидан кўпчилигининг ўғли унга совчи қўйди. Акси ҳам бўлиши мумкинми ?!. Ахир у Қурайш қизларининг насл-насаб ва одоб-ахлоқ жиҳатидан энг пешқадами эди. Аммо уларга йўл қайда ?! Улар билан Зайнабнинг ўртасини Макканинг энг забардаст йигитларидан бири Абул Ос ибн Робиъ тўсиб турарди.
Зайнаь бинти Муҳаммад Абул Осга турмушга чиққанидан саноқли йиллар ўтиб, Макка водийлари илоҳий нур билан мунаввар бўлди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоят ва ҳақ дин билан Пайғамбар қилиб жўнатди ва яқин қариндошларини огоҳлантиришни амр этди. Аёллардан у зотга биринчи иймон келтирганлар, аёли Хадича, қизлари Зайнаб, Руқайя, Умму Гулсум ва Фотима эди. Гарчи ўша пайлари Фотима онамиз ҳали жуда ёш бўлсаларда. Лекин куёвлари Абул Ос қизлари Зайнабни жуда яхши кўриб, эъзозласада, ота-боболарининг динидан воз кечишни ҳоҳламади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қурайш ўртасида низо кучайиб кетгач, баъзиси баъзисига: “Шўрингиз қурисин, қизларини ўғлингизга олиб бериш билан Муҳаммаднинг ташвишини енгиллатиб қўйдингиз. Агар қизларини қайтариб юборсангиз, улар билан машғул бўлиб, сизни унитади” деди. Улар: Бу қандай ҳам яхши фикр дейишди ва Абул Оснинг олдига бориб: Эй Абул Ос хотининг билан ажрашиб, уйига қайтариб юбор. Қурайш аёлларидан ҳоҳлаганингни сенга никоҳлаб берамиз дейишди. У: Аллоҳга қасамки, унинг эвазига дунёнинг барча аёлларини таклиф қилсангиз ҳам аёлимдан ажралмайман деди. Бироқ қизлари Руқайя ва Умму Гулсум жавоби берилиб, уйларига олиб келиб ташланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бундан хурсанд бўлдилар. Ҳатта Абул Ос ҳам бошқа куёвлари каби иш тутишиин ҳоҳладилар. Аммо у аёлидан кечишга ўзида куч топа олмади. Ҳали у пайт муслима аёлларнинг мушрикларга никоҳланиши ҳаром қилинмаган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб, у ерда мусулмонлар сони орта бошлагач, Қурайш у зот билан уришиш учун Бадрда саф тортди. Абул Ос ҳам мажбуран улар билан чиқди. Чунки уни мусулмонлар билан уришишга ҳоҳиши ҳам, уларга ёмонлик қилиш нияти ҳам йўқ эди. Лекин қавми орасидаги мавқеъи уни улар билан сафарга чиқишга ундади. Бадр Қурайшнинг мағлубияти билан якунланди. Бир қисми ўлдирилди, бир қисми асирга тушди ва яна бир қисми қочиб қутилди. Асирга тушганлар орасида Зайнаб бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эри Абул Ос ҳам бор эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларга ўзларини озод этишлари учун товон пули белгиладилар. Уни асирнинг қавми орасидаги мавқеъи ва бойлигидан келиб чиқиб, минг дирҳамдан тўрт минг дирҳамгача қилиб тайинладилар. Элчилар асирларни озод этиш учун Макка билан Мадинани орасида қатнай бошлашди. Зайнаб ҳам элчисини эри Абул Осни озод қилиш учун тавон пули бериб Мадинага жўнатди. Юборган моллари орасига Абул Осга турмушга чиқаётганда онаси, Хадича бинти Хувайлид совға қилган тақинчоқни ҳам солди. Тиқинчоқни кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларини чуқур қайғудан бўлган шаффоф парда қоплади. Қизларига жуда ачиндилар ва саҳобаларига қарата: “Зайнаб Абул Осни тавонига мана бу молни жўнатибди. Агар асирини қўйиб юбориб, молини қайтариб беришни ҳоҳласангиз, шундай қилинг” дедилар. Саҳобалар: Ҳа, эй Аллоҳнинг Росули, сиз учун шундай қиламиз дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абул Осни қўйиб юборишдан олдин, қизлари Зайнабни дарҳол Мадинага жўнатиб юборишни шарт қилиб қўйдилар. Абул Ос Маккага етиб бориши билан ваъдасига вафо қилишга шошилди. Хотинига сафарга таёрланишни буюриб, отасининг элчилари Маккадан узоқ бўлмаган жойда кутиб турганини айтди. Аёли учун озуқа ва уловини тайёрлаб, укаси Амр Робиъга уни бирга олиб бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиларини қўлига топширишни тайинлади. Амр бин Робиъ камонини елкасига осиб, ўқдонини қўлига олди ва Зайнабни ҳавдажга[2] ўтқазиб, куппа-кундузи, очиқчасига, Қурайшнинг кўз ўнгида Маккадан чиқиб кета бошади. Буни кўрган қавмни жаҳли чиқиб кетди ва узоққа кетмасидан уларга етиб олиб, Зайнабни қаттиқ қўрқитишди. Шунда Амр камонини тортиб, ўқдонини олдага қўйди ва: Аллоҳга қасамки, ким унга яқинлашса, кўксига ўқ жойлайман деди. У бирорта ўқи нотўғри кетмайдиган мерган эди. Шунда Абу Суфён ибн Ҳарб унинг ёнига келиб: Эй биродаримнинг ўғли, гаплашиб олгунимизча камонингни тушириб тур, деди. У камонини туширди. Абу Суфён: “Сен тўғри иш қилмаяпсан... Зайнабни очиқчасига, ҳамманинг кўз ўнгада олиб чиқдинг. Ҳамманинг кўзи сизда. Бадрда мағлубиятга учраганимиз ва отаси Муҳаммад бизга қандай зарар еткезганини арабларнинг барчаси билиб бўлди. Агар унинг қизини ҳозиргига ўхшаб, очиқчасига олиб чиқиб катсанг, бошқа қабилалар бизни қўрқоқликда айблашади ва бизни обрўсиз, хор деб билишади. Уни олиб ортингга қайт ва бир неча кун эрининг уйида қолдир. Одамлар Қурайш уни қайтарганини гапира бошлагач, орамиздан яширинча олиб чиқиб, отасига жўнатасан. Уни ушлаб туришга ҳеч қандай эҳтиёжимиз йўқ.” Деди. Амр рози бўлди ва Зайнабни олиб Маккага қайтди. Орадан саноқли кунлар ўтиб, уни Маккадан олиб чиқди акаси айтгандай ва отасининг элчиларини қўлига топширди.
Абул Ос аёлидан ажраганидан кейин Маккада анча вақт турди. Макка фатҳидан озгини олдин Шомга тижорат билан чиқди. Юзта туя, бир юз етмишта одами билан Маккага қайтаётганида Мадинага яқин жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшинларидан бири унга рўпара келиб, карвонини одамлари билан асирга олди. Абул Ос эса қочиб кетди. Тун тушгач, Абул Ос зулумат қўйнида Мадинага яширинча кириб олди ва Зайнабни олдига бориб ундан бошпана сўради. Зайнаб унга омонлик берди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозига чиқдилар. Меҳробда туриб энди такбири таҳримани айтган эдилар, Зайнаб аёлларнинг суфасига чиқиб, баланд овозда: “Эй инсонлар, мен Зайнаб бинти Муҳаммадман. Абул Осга омонлик бердим. Сиз ҳам унга омонлик беринг” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан салом бергач, одамларга қайрилиб қарадилар ва: Мен эшитган нарсани сизлар ҳам эшитдингизми ?! дедилар. Улар: Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули дейишди. У зот: “Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, сизлар эшитган нарсани эшитмагунимча бу гапларнинг бирортасидан ҳам бехабар эдим. Мусулмонларнинг энг кичиги ҳам омонлик беради” дедилар. Сўнгра уйларига кирдилар ва қизларига: Абул Осни ҳурматини жойига қўй. Аммо билиб қўй, сен унга ҳалол бўлмайсан, дедилар. Сўнгра карвонни эгаллаб, одамларини асирга олган қўшин одамларни чақириб уларга: Бу кишини бизга ким эканини яхши биласиз. Агар унга яхшилик қилиб, молини қайтариб берсангиз, бизни хурсанд қилган бўласиз. Улар: Молиин қайтариб берамиз эй Аллоҳнинг Росули дейишди. У молини олиш учун келганида улар: “Эй Абул Ос, албатта сен Қурайшнинг обрўли одамисан. Шу билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакисининг ўғли ва куёви бўласан. Мусулмон бўлмайсанми, биз сенга бу молнинг ҳаммасини қайтариб берамиз. Макка аҳлининг молларини олиб қолиб ҳузур-ҳаловатда, биз билан Мадинада яшайсан дейишди. У: мени нақадар ёмон ишга, янги динимни хиёнат билан бошлашга чақираяпсиз!.” деди.
Абул Ос карвон ва ундаги молларни олиб Маккага қайтди ва барча ҳақдорларга ҳаққини адо қилиб бўлгач: “Эй Қурайш жамоаси, орангизда мендан молини олмаган бирор киши қолдими ?” деб сўради. Улар: Йўқ, Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин. Сени вафодор, улуғ киши эканингга яна бир бор амин бўлдик дейишди. У: “Ҳақларингизни адо қилиб бўлдим. Мана энди, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик бераман... Аллоҳга қасамки, Мадинада Муҳаммаднинг ҳузурида мусулмон бўлишимдан, молларимизни еб кетишни ирода қилган деб ўйлашингиз тўсган эди. Молларингизни қайтариб, зиммамдаги масъулиятдан қутилганимдан сўнг мусулмон бўлдим” деди. Сўнгра чиқиб Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жўнади. У зот Абул Ос ибн Робиъни эҳтиром билан кутиб олдилар ва жуфти ҳалоли Зайнабни қайтариб бердилар ва у ҳақида кўпинча: “Абул Ос менга фақат рост гапирди. Ваъда бериб, ваъдасига вафо қилди.” Дер эдилар.[3]
Манбалар асосида
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
“Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби А. Собиров.
[1] Абдушшамс қабиласига мансуб.
[2] Туя устига ўрнатилган аёллар тахтиравони. О Юсупов. Ан-наъим 872-бет.
[3] Доктор Абдурроҳман Раъфат. Суварун мин ҳаятис саҳаба 388-395-бетлар.
ҲИДОЯТ
Исрофгарчиликка йўл қўймаслик оиладан бошланади
Ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар ҳам ақлан, ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
Таассуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай, бирваракайига исроф қилинишини кузатиш мумкин.
Хўш, исроф нима? Бугун ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун тежамкорликни нимадан бошлаши керак? Бу борада динимизда нима дейилган?
Аллоҳ таоло исрофнинг ёмон иллат эканлиги ҳақида Қуръони каримда марҳамат қилган. Жумладан, “Аъроф” сураси, 31-оят мазмунида: “...Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”, дейилади.
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. “Исроф” деганда кераксиз нарсаларга беҳуда пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам мақтанишнинг юқори кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан, бундай дейилган: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад ривояти).
ОҚАР ДАРЁ БЎЛСА ҲАМКИ, СУВНИ ТЕЖАНГ
Ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймасликни ўз оиласидан бошлаши керак. Бу борада ўзлари намуна бўлиб, фарзандларига тўғри тарбия бериши лозим. Дастлабки тежамкорликни сувдан бошлаш зарур. Аллоҳ бандаларига берган неъматларидан унумли фойдаланиб, исрофгарчиликка йўл қўймасликка буюради. Бироқ кўпчилик эрталаб сув жўмрагини тўлиқ очган ҳолда юз-қўлни ювишади.
Афсуски, айрим юртдошларимиз қовун-тарвуз, ичимликларни салқинлатиш ёки машиналарни ювиш учун кўп миқдорда тоза ичимлик сувини ишлатади. Бу – исрофдир. Ўша мева ёки ичимликларни бошқа йўл билан ҳам совутиш, машина юваётганда бир челакка сув олиб, увол қилмасдан ювиш мумкин-ку, ахир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бутун инсониятга қарата шундай марҳамат қилади: “Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?” (“Воқеа”, 68-70).
Сув нафақат истеъмол, балки покланишимиз учун ҳам муҳимдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар (Муттафақун алайҳ). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тахминан, 0,688 литр сув билан таҳорат қилардилар. Бу нарса ҳаммамизга ўрнак бўлиши лозим.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Бир куни Саъд таҳорат қилаётган чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга қарата: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?!”, дедилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” дея ажабланди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир”, дея унга танбеҳ бердилар (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Аввалги пайтларда таҳорат учун сув алоҳида идишга олиниб, оз-оздан қуйиб амалга оширилган. Ҳозирда махсус қувур ва жўмраклари орқали сув ўтказилиб, сувдан фойдаланишда қулайлик пайдо бўлган. Аммо бу, сувдан хоҳлаганича фойдаланиш, уни исроф қилиш мумкин, дегани эмас. Балки, бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилиб, тежамкорлик йўлига ўтишимиз ҳаммамиз учун бирдек зарур.
Қолаверса, бугун аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш дунёвий муаммо даражасига кўтарилган бир паллада қўни-қўшни, ёру дўстларимизни сувни тежашга чақирсак, дунёда ютуқларга, охиратда эса Аллоҳнинг розилигига сазовор бўламиз.
Шундай экан, ҳар биримиз сувни исроф қилмасдан, тежамкорлик билан ишлатишни ўрганайлик!
ҚАНЧА ТАОМ ТАНОВУЛ ҚИЛМОҚ КЕРАК?
Ким исрофгарчиликка йўл қўяди? Албатта, увол-савобнинг фарқига бормаган одам. Шундай оилалар бор, вақти келса қолипли нонга пул тополмайди. Шундай оилалар бор, фақат бирон йиғин сабаб ёпган нон сотиб олади.
Таассуфки, бугун айрим чиқиндихоналарда турли нонлар, ширинликларни, ҳатто овқат қолдиқларининг ташлаб юборилаётганини кўриб, ақлингиз шошади. Уни бир одам исроф қилмагани аниқ. “Танаси бошқа дард билмас”, деганларидек, атрофдагиларнинг ҳаёти ундай одамларни қизиқтирмаслиги аниқ. Агар қизиқтирганида, қўшнисининг яшаш шароити ўйлантирганида эди, бугун бундай нонлар, турли таомлар чиқиндихоналардан жой олмас эди.
Айтишингиз мумкин, кўп қаватли уйларда турадиган одамларнинг моли бўлмагач нима қилсин, деб. Аммо меъёр деган нарса бор-ку! Наҳотки бир кунлик меъёр қанчалигини англаш қийин бўлса?!
Айнан мана шу меъёрни ҳар бир оила эрталабки нонушта олдидан бир кунда қанча нон, овқат ва бошқа таомлар зарурлигини билиши керак. Киндий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони – қориндир. Кишига ҳаракат қилиши учун керак бўлган миқдордаги таом кифоя қилади, ёки бўлмаса қорнини уч қисмга бўлсин, бир қисми таом учун, бир қисми сув учун, яна бир қисми нафаси учундир” (Имом Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло айтади: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф, 31).
Ноннинг увоғи ёки бир бурда нон ҳам аслида бутун ноннинг кичкина бўлагидир. Кўзимизга илмаган ушоқ ҳам йиғилса, бутун нон бўлади. Шундай экан, бизлар барча неъматларнинг қадрига етиб, уларни кичик санамаслигимиз лозим. Акс ҳолда, киши неъматларга нонкўрлик қилган бўлади. Неъматларни қадрлашни, уларни кичик санамай барчасига бирдек яхши муомалада бўлишни Пайғамбаримиздан ўрганишимиз керак.
МЕЪЁРДАН ОШСА, ИСРОФГАР БЎЛАДИ
Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талаби ва бунинг учун бандага улуғ савоблар ваъда қилинган. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади.
Саховат – яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, хоҳ амали, хоҳ молу давлати билан бўлсин, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради.
Шуни билингки, кийимда ҳам исрофгарчилик бўлади. Инсон ўзига керакли, фақат ҳожатига етарли либос кийиши керак. Мода ортидан қувиб, сон-саноқсиз кийим-кечак ва турли либосларни сотиб олиш исроф ва бу такаббурликка олиб боради.
НЕЪМАТЛАРНИ ҚАДРЛАШИМИЗ КЕРАК
Бизда бир тушунча бор: қайси неъмат арзон бўлса, уни хоҳлаганча ишлатиш мумкин, нархи қиммат нарсаларни тежаш керак. Бу нотўғри. Сабаби, Аллоҳ берган неъматларнинг қадри унинг инсонлар наздидаги баҳоси, қиймати билан ўлчанмайди.
Газ ва шу каби неъматлар, одатда, тежаб ишлатилади. Сабаби, эртага унинг пулини тўлаб қўйишни ўйлаймиз. Йўқ, биз неъматларни катта-кичикка ажратмасдан, барини қадрлашимиз керак. Ким билади, биз ҳозир қадрига етмаётган нарса вақти келиб, энг қимматбаҳо нарсага айланар. Неъматлар бардавом бўлсин, заволга учрамасин, десак, вақтида уларнинг қадрига етайлик.
Биз юқорида моддий неъматлар исрофи ҳақида гапирдик. Лекин исрофнинг энг ёмон кўриниши – маънавий соҳадаги исрофгарчиликдир. Буларга, асосан, қуйидаги икки нарса киради:
биринчиси, умрни исроф қилиш. Аллоҳ таоло бандасига берган энг қадрли неъматлардан бири айнан умрдир. Унинг қадри шундаки, бошқа барча неъматларни қайта тиклаш, қўлдан чиқаргач, яна унга эришиш мумкин, аммо умр бундай эмас. Шу сабаб умрни исроф қилишдан узоқ бўлайлик;
иккинчиси, илм ва истеъдодни исроф қилиш. Илм эгаллаш – улуғ фазилат. Илм соҳиби бўлгач, уни ҳаётга татбиқ этиш – илмига амал қилиш ва ўзгаларга илм ўргатиш ҳар бир зиё аҳлининг бурчидир. Акс ҳолда, ўргатилмаган ёки амал қилинмаган илм исрофдир. Бунинг учун банда охиратда жавоб беради.
***
Биз Аллоҳга суюкли халқлардан, маҳбуб умматлардан бўлишни хоҳласак, исрофдан сақланайлик! Аллоҳ берган ҳар бир неъматни катта-кичик демасдан, қадрига етайлик. Шунда ризқимиз янада зиёда бўлади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.
ҚЎЛЛАНМА
ҲАР БИР ОИЛА БИЛИШИ ШАРТ!
Уламолар исрофга йўл қўядиган кишиларнинг ҳолатларини таҳлил қилиш орқали, исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омилларни, исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратларидан қутулиш йўлларини аниқлаганлар.
ИСРОФГА ЙЎЛ ҚЎЙИШГА САБАБ БЎЛАДИГАН ОМИЛЛАР:
– аввало, тарбия ўчоғи бўлмиш оилада фарзандларни сабрли ва қаноатли қилиб тарбиялаш ўрнига, улар томонидан бўладиган барча талабларни меъёридан ошириб таъминлаб бериш;
– маишатпараст, дунёпараст кишилар билан улфат ва суҳбатдош бўлиш, уларнинг ҳолатларидан таъсирланиш;
– тезликда, машаққат чекмай тангликдан кейин кенгликка, фақирликдан кейин бойликка эришиш;
– нафснинг хоҳиш ва истакларига сўзсиз итоат этиш;
– бу дунё ҳаёти охират учун тайёргарлик кўриш даври эканлиги, охиратда эса бу дунёда қилинган амаллар учун ҳисоб-китоб бор эканини унутиш ёки тушунмаслик;
– умуман, инсон ҳаётида мўътадиллик ва меъёр деган тушунчалардан йироқ бўлиши.
ИСРОФГАРЛИКНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТ ВА АСОРАТЛАРИ:
– Аллоҳнинг муҳаббатидан мосуво бўлиб, Унинг ғазаби ва қаҳрига мубтало бўлиш;
– шайтонни хурсанд қилиб, унинг шеригига айланиш;
– ҳаётдаги қийинчилик ва машаққатларни кўтара олмаслик, ожизлик ва нотавонликка маҳкум бўлиш;
– танада турли касалликларнинг пайдо бўлиши, қалб қотиши, фикрнинг ўтмаслашуви;
– жамиятда ялқовлик, текинхўрликнинг авж олиши, қашшоқлик ва тиланчиликнинг кўпайиши.
ИСРОФГАРЛИКДАН ҚУТУЛИШ ЙЎЛЛАРИ:
– ҳар ишда Аллоҳ таоло буюрган мўътадил йўлни тутиб, ҳаддан ошиш ва исрофгарликдан ўзни сақлаш;
– Пайғамбар алайҳиссалом, саҳоба ва тобеинлар ҳамда улуғ зотларнинг ҳаёт тарзларини ўрганиб, уларга эргашиш;
– дунёдаги фақир ва мискинлар, уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юрган халқларнинг ҳолатини кўз олдига келтириш;
– исрофгар, дунёпараст одамлардан узоқлашиб, қалби синиқ, хокисор кишиларга яқин юриш;
– оила ва фарзандларни сабр ва қаноат каби гўзал фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш.