Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у зотга бурда (либос) ҳадя қилди. У зот алайҳиссалом уни кийдилар. У зотнинг ўша кийимга эҳтиёжлари бор эди. Саҳобалардан бири уни кўрди-да, «Эй Аллоҳнинг Расули, бу бунча ҳам чиройли экан. Менга кийдиринг шуни» деб у зотдан ўша либосни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол ечиб, ўша одамга бердилар. Шунда саҳобалар ўша одамга «Яхши иш қилмадинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кийимга эҳтиёжлари борлигидан уни кийган эдилар. Кейин сен у зот ҳеч кимни қуруқ қайтармасликларини билиб туриб сўрадинг» дейишди. Буни эшитган бояги одам «Аллоҳга қасамки, мен у либосни кийиш учун сўрамадим. Балки мен уни кафаним бўлиши учунгина сўрадим» деди. Бухорий ривояти.
Ўша саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг либосларини ўзида сақлаб турди ва охири ўша кийим унинг кафани бўлди.
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Шу йил 24 март куни Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан саралаб олинган гуруҳ раҳбарлари учун махсус ўқув семинари бўлиб ўтди. Ушбу тадбир “Ҳаж – 2026” мавсумини юқори савияда, намунали ва тартибли ташкил этиш, зиёратчиларимизга муносиб шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилди.
Ўқув машғулотларини Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Самадов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Бобомурод Рустамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш маркази директори Мақсуд Каримов олиб боришди.
Йиғилиш давомида нотиқлар гуруҳ раҳбарларига яқинлашиб келаётган ҳаж мавсумининг ташкилий ишлари, унга доир энг муҳим вазифалар ва масъулиятли жиҳатлари алоҳида тушунтириб ўтилди. Хусусан, зиёратчиларга Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳаж ибодатига пухта тайёргарлик кўриш, ҳаж амалларини адо этишнинг тартиб-қоидалари ва муборак қадамжоларни зиёрат қилиш одоблари хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, соҳа мутасаддилари гуруҳ раҳбарларига ҳаж сафарига доир амалдаги қонунчилик ва бошқа меъёрий ҳужжатларни ҳам пухта билиш, зиёратчилар билан ишлашда доимо хушмуомала бўлиш, ўзаро ёрдам муҳитини шакллантириш муҳимлигига урғу қаратишди.
Семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Шунингдек, келгусида Фатво маркази уламолари билан ҳаж ибодатига оид шаръий масалалар бўйича дарс машғулотлари олиб бориш режа қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати