Барчамиз яхши биламизки, Қадр кечаси йилнинг энг улуғ кечасидир. Бу кеча энг улуғ ой ичига яширилган. У кечада қилинган ибодатлар, дуолар, зикрлар Қадр кечаси мавжуд бўлмаган бошқа минг ойдан яхшироқдир. Бу ҳақида Қуръонда очиқ айтиб қўйилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ
“Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).
Қуръон нозил бўлган бу кечада дуолар ижобат бўлади, амалларнинг савоби жуда улуғ бўлади. Бу кечада қилинадиган дуо ҳақида ҳадиси шарифларда келган.
عن عائِشةَ رَضِيَ اللهُ عنها قالت: قلتُ: يا رسولَ اللهِ، أرأيتَ إنْ عَلِمْتُ أيُّ ليلةٍ ليلةُ القَدرِ، ما أقولُ فيها؟ قال: قُولي: اللَّهُمَّ، إنِكَّ عَفُوٌّ تُحِبُّ العَفوَ فاعْفُ عَنِّي
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтдилар: «Эй Расулуллоҳ, агар Қадр кечаси қайси кеча эканини билсам (яъни, қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам), унда нима деб дуо қилай?» дедим. У зот: «Аллоҳумма иннака Афуввун туҳиббул афва фаъфу ъанний» деб айт!» дедилар». Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Насоий, Ҳоким, Байҳақий ривоят қилишган.
Дуонинг маъноси: «Ё Аллоҳ, албатта, Сен Афуввсан (гуноҳларни кечирувчи, афв қилувчисан), кечиришни яхши кўрасан, мени афв қилгин, кечиргин».
Улуғ кечада Оиша онамизга тавсия қилинаётган дуони кўряпсизми?
Оиша онамиз барча оналаримиз ичида энг ёши бўлганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ичидан фақат у кишига бокира ҳолларида уйланганлар.
Онамизга бўҳтон қилишганда Аллоҳ таолонинг Ўзи оятлар нозил қилиб, онамизнинг покликларини эълон қилган. Бу оятлар қиёматга қадар тиловат қилинади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари охирида бетоб бўлганларида Оиша онамизнинг уйларида қолишга бошқа оналаримиздан рухсат олганлар.
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ҳам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида бўлди.
Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кимни кўпроқ яхши кўришлари ҳақида сўрашганида у зот алайҳиссалом “Оишани” деганлар. “Эркакларданчи?” дейишганда, “Унинг отасини” деб жавоб берганлар.
Мана шу айтилганлар онамизнинг фазилатлари нақадар улуғлигини кўрсатади. Мана шундай мақомдаги кишига Қадр кечасида Аллоҳ таолодан афв, кечирим сўраш буюрилмоқда.
Энди биз кўзимизни каттароқ очайлик! Қадр кечасини ғанимат билиб, бу кечада кўпроқ ибодат қилишга, Роббимиздан кўпроқ мағфират сўрашга ҳаракат қилайлик! Зеро, ҳар бир инсон хатокордир. Хато қилувчиларнинг яхшиси эса тавба қилувчилардир.
Аллоҳ таоло бизга раҳм қилсин! Гуноҳларимизни кечирсин! Қадр кечасида ихлос билан ибодат қилиб, гуноҳларимиз кечирилишини насиб этсин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Индонезия ОАВларида Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми, унинг якунлари ва халқаро аҳамияти кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Хусусан, “Garuda TV”, “Indonesiainside”, “Kabarsurya”, “Apaberita”, “Retizen (Republika)” “Kalimantan Post”да турли материаллар эълон қилинди.
Таъкидланишича, “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” шиори остида ташкил этилган форумда кўплаб мамлакатлардан олимлар, дин арбоблари, экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этган.
Индонезия оммавий ахборот воситалари форумнинг энг муҳим натижалари сифатида Тошкент декларацияси қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратди. Ислом цивилизацияси меросини рақамлаштириш, электрон кутубхона ва ягона реестр яратиш, музейлар ҳамда тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича илгари сурилган таклифлар форумнинг муҳим амалий натижалари сифатида баҳоланди.
Мақолаларда Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Самарқанд, Бухоро ва Термиз каби шаҳарларнинг жаҳон илм-фани ҳамда ислом маданияти ривожида тутган ўрни юксак баҳоланган.
Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий сингари буюк алломаларнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилган.
Индонезия оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материаллар таҳлили шуни кўрсатадики, I Халқаро ислом цивилизацияси форуми нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун муҳим халқаро илмий-маърифий воқеа сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати