Саҳар пайти туриб, кундузи рўза тутиш ниятида еб-ичиш саҳарликдир. Саҳарлик қилиш мустаҳабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлик қилишга кўп тарғиб этганлар. Бир ўринда саҳарликнинг баракаси, фазилатини эслатиб: “Саҳарлик қилинг, саҳарликда барака бор”, деган бўлсалар (Муттафақун алайҳ), бошқа бир ўринда: “Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қилади”, деганлар (Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Ҳатто қорни тўқ, бирор нарса ейишга у қадар эҳтиёжи йўқ киши ҳам ҳеч қурса сув ичиб олиши яхшидир. Бу билан у суннатга эргашган бўлади.
Пайғамбаримиз рўзани саҳарлик қилмай, улаб тутишдан қайтарганлар. Аммо саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунча ҳеч нарса еб-ичмай рўза тутса, рўзаси дуруст бўлаверади.
Саҳарликни тонгга яқин қилиш афзал. Фақат тонг кириб қолгунгача кечиктирмаслик керак. Чунки субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Саҳарликни вақти ўтиб кетганига гумон қилинадиган пайтга қадар кечиктириш тахримий макруҳ саналади (“Фатовои Ҳиндия”).
Саҳарлик қилиб бўлгач: “Навайту ан асума совма шаҳри Рамазона минал фажри илал мағриби, холисан лиллаҳи таъала. Аллоҳу акбар”, деб дуо қилинади.
Маъноси: Рамазон ойининг рўзасини холис Аллоҳ учун субҳдан кун ботгунгача тутишни ният қилдим. Аллоҳ Буюкдир.
Аллоҳ таоло тутаётган рўзаларимизни даргоҳида қабул қилсин!
Ориф ТОЛИБ
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли Зотдир” (Нисо сураси, 106-оят).
Бу хитоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлса-да, у зот орқали бутун умматга, уларнинг ҳар бир аъзоси ва ҳолатига йўналтирилгандир.
Тасаввур қилинг, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шахсан сизга хитоб қилиб: «Аллоҳдан мағфират сўранг!» демоқда. Демак, истиғфорнинг шаъни улуғдир. Зеро, агар гуноҳлар бўлса, Аллоҳ уларни афв этади, агар гуноҳ бўлмаса, бу бандаликни изҳор қилиш ва даражаларнинг кўтарилишидир. Истиғфор ёмонликларга каффорат, ёки даражаларга юксалишдир.
Истиғфорнинг ҳам дунёда, ҳам охиратда ўз асарлари (натижалари) бор. Ривоят қилинишича, бир киши шайхнинг ҳузурига келиб, фарзанд кўрмаётганидан шикоят қилди. Шайх унга: «Аллоҳга истиғфор айт», деди. Бошқа биров келиб, ерларига ёмғир ёғмай, қурғоқчилик бўлаётганидан арз қилди. Унга ҳам: «Аллоҳга истиғфор айт», деди. Учинчи киши яна бошқа бир муаммо билан келганида, унга ҳам худди шу жавобни берди. Шунда одамлар: «Ҳамма дарднинг давоси истиғформи?» деб сўрашди. Шайх уларга Аллоҳ таолонинг ушбу оятларини тиловат қилиб берди:
«Бас, дедимки: «Роббингиздан мағфират сўранг, албатта У ўта мағфиратлидир. У зот устингизга осмондан барака (ёмғирини) юборади. Ва сизга молу мулк, бола-чақа билан мадад беради ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни беради. Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг улуғворлигини (қўрқинчини) умид қилмайсиз?» (Нуҳ сураси, 10-13 оятлар).
Бу истиғфорнинг дунёвий, ҳис қилинадиган натижалари борлигига, шунингдек, қалб нури ва софлигига оид имоний таъсирлари ҳамда охиратдаги самараларига — Аллоҳнинг авфи, ёзиладиган ҳасанотлар ва ўчириладиган гуноҳларга далилдир: «Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади» (Ҳуд сураси, 114-оят). Шу билан банда Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратининг кенглигида бўлади.
Шу сабабдан ҳам истиғфор қалб нури ва дуолар ижобат бўлишининг омилларидан биридир. Истиғфор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг доимий суннатларидан бўлган. Шунинг учун ҳам аҳлуллоҳлар (Аллоҳнинг дўстлари) бизни кундалик вазифамизни (вирдни) истиғфор билан бошлашга, ҳар куни эрталаб ва кечқурун юз мартадан истиғфор айтишга йўналтирадилар.
Ҳадиси шарифда келганидек: «Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар қандай ғамдан кушойиш, ҳар қандай торликдан чиқиш йўлини (махраж) беради ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради».
Демак, ким дунёни хоҳласа — истиғфор айтсин, ким охиратни хоҳласа — истиғфор айтсин!
Профессор, доктор Али Жума.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси