Буюк тобеинлардан Ато ибн Ясор раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдиларига бир киши келиб: «Бир аёлга совчи қўйдим. Менга турмушга чиқишдан бош тортди. Бошқа одам совчи қўйса, унга турмушга чиқишни истаб, (совчига рози бўлибди). Аёлнинг қилган ишидан ғазабланиб, уни ўлдирдим. Энди менинг тавба қилишимга имкон борми?» деб сўради.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ундан: «Онанг ҳаётми?» дея сўрадилар. У «Йўқ» деб жавоб берди. Шунда у киши: «Аллоҳга тавба қил! Имконинг борича солиҳ амалларни адо этиб У Зотга қурбат ҳосил қилишга урин!» дедилар.
Мен Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: «Нима учун у одамдан онаси тириклигини сўрадингиз?» деб сўрасам, у киши: «Мен онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбуброқ, У Зотга яқинлаштирадиганроқ амални билмайман» дея жавоб бердилар».
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-Бирру вас сила» номли китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Мақолада Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги алоқалар шунчаки дипломатик муносабат эмас, балки теран илдизларга эга маънавий ришталарга таяниши алоҳида таъкидланган. Муаллиф Ява оролида ислом дини ёйилишида беқиёс хизмат қилган машҳур “Вали Сонго” (Тўққиз авлиё) жамоаси вакиллари, хусусан, келиб чиқиши самарқандлик бўлган Мавлоно Малик Иброҳим Самарқандийнинг фаолияти икки минтақа ўртасидаги илк интеллектуал ва маънавий кўприк вазифасини ўтаганини қайд этади.
Мақолада асосий эътибор мотуридийлик таълимотининг Индонезия мусулмонлари ҳаётидаги тутган ўрнига бағишланади. Ш.Исломовнинг таъкидлашича, Индонезиядаги анъанавий мадрасалар бевосита Имом Мотуридий илмий мактабининг маънавий ворислари саналади. Мотуридийликка хос бўлган ақл ва нақл уйғунлиги, бағрикенглик ҳамда мўътадиллик тамойиллари бугунги Индонезия жамиятига хос инклюзивлик ва бағрикенглик фазилатларини шакллантирган асосий омиллардан.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасининг қайта тикланиши ва у ерда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Муаллиф ушбу мажмуани шунчаки зиёратгоҳ эмас, балки замонавий дунёда ислом динининг асл қадриятларини, унинг мўътадил ва рационал қарашларини тарғиб этувчи халқаро интеллектуал марказ сифатида таърифлайди.
Мақола якунида дунёдаги энг кўп мусулмон аҳоли истиқомат қиладиган Индонезия ва ислом илм-фанининг тарихий маркази бўлмиш Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги алоҳида қайд этилган. Хусусан, таълим, зиёрат туризми ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш глобаллашув даврида авж олаётган экстремизм ва радикализм таҳдидларига қарши икки давлат учун мустаҳкам маънавий қалқон бўлиши таъкидланган.
Ушбу мақоланинг Индонезиянинг нуфузли нашрида чоп этилиши ўзбек ва индонез халқлари ўртасидаги тарихий-маънавий алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Н.Усмонова,
ЎзА