Айни пайтда юртимизда Мавлид ойи кенг нишонланмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини ўрганиш, Ислом тарихига оид билимларни мустаҳкамлаш ва диний-маърифий илмларни кенгроқ тарғиб этиш мақсадида турли танлов ва тадбирлар ўтказилмоқда.
29 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандир» номли сийрат мусобақаси бўлиб ўтди. Унда институт талабалари ўзаро мусобақалашишди. Тадбир кўтаринки кайфият ва дуои хайрлар билан ўтди. Ушбу мусобақа якунларига кўра ғолиблар аниқланиб, "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор совғалар тақдим этилди.
19 – 29 ноябргача Тошкент ислом институтининг @islaminstitutuz номли телеграм каналида “Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танийсизми” номли тезкор савол-жавоб мусобақаси ўтказилди. Мусобақа ғолиблари аниқланиб, қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.




"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ҲАЙВОНЛАР ҲАМ БИЗ КАБИ УММАТ.
“Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир” (Анъом сураси, 38-оят).
ҲАЙВОНГА ОЗОР БЕРИБ, ДЎЗАХГА ТУШГАН АЁЛ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир аёл мушук тўғрисида дўзахга кирди. У мушукни боғлаб қўйиб, овқат бермади ва ер ҳашаротларини ейишига ҳам йўл қўймади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
ҲАЙВОНЛАР БОРАСИДА АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИНГ!
Расулуллоҳ алайҳиссалом орқаси қорнига ёпишган туянинг олдидан ўтиб қолдилар ва: “Бу тилсиз ҳайвонлар тўғрисида Аллоҳдан қўрқингиз. Уларни яхши миниб, яхши едиринглар”, деганлар.
МЕНИ БЕКОРДАН БЕКОРГА ЎЛДИРДИ...
Набий алайҳиссалом айтдилар: «Ким чумчуқни ҳам бекордан ўлдирадиган бўлса, у қиёмат куни Аллоҳга: “Ё Роббим, фалончи мени бир манфаат юзасидан эмас, бекордан бекорга ўлдирди”, дейди».
АЛЛОҲНИНГ ЛАЪНАТИГА ҚОЛИШДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзи куйдирилган эшакнинг олдидан ўтдилар ва: “Бунга белги қўйган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дедилар.
ПИЧОҒИНГИЗНИ ЎТКИРЛАНГ.
Ҳайвонни сўяётганда пичоқни ўткирлаш шарт. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага яхшиликни вожиб этгандир. Агар ўлдирсангиз, чиройли ўлдиринг. Сўйсангиз, чиройли сўйинг. Пичоғингизни ўткирланг”.
ҲОЛИНГГА ВОЙ...
Умар розияллоҳу анҳу қўйни сўйиш учун оёғидан судраб кетаётган кишининг олдидан ўтиб унга: “Ҳолингга вой, уни ўлимга чиройли олиб боргин”, дедилар.
ХАЛИФА ҚАЙТАРГАН АМАЛ
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ жониворлар устига оғир юк юклашга ва темирли қамчи билан ҳайдашга рухсат бермасдилар.
АЗОБЛАШГА ҲЕЧ КИМНИНГ ҲАҚҚИ ЙЎҚ!
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Бир вақт кичкина қуш кўриб қолдик. Унинг иккита жўжаси бор эди. Жўжаларини олиб қўйган эдик, тепамизда гир айланиб уча бошлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким буни безовта қилди? Боласини унга қайтаринг”, дедилар. Сўнг биз ёндирган чумоли уясига кўзлари тушиб: “Бунга ким ўт қўйди?” деб сўрадилар.
“Биз”, деган эдик, “Парвардигордан бошқанинг олов билан азоблашга ҳаққи йўқ”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД