Мавлид ойи бўлди элга мукаррам,
Боиси туғилган расули акрам.
Ойларни ичинда бўлак эҳтиром,
Қилар ҳалқим бу ойни иззати икром.
Муборак улуғ ой салом ассалом!
Робиул аввални душанба куни,
Туғилди бу кунда олам сарвари.
Оллоҳни танлаган хос расули,
Бандалар ичинда танлаган қули.
Қабул айланг умматни сизга саломи!
Оллоҳни расули туғилган бу ой,
Мўжиза хислатга бу ой жуда бой.
Ўчиб қолди минг йил ўчмаган олов,
Яксон бўлди каъбадаги бутлар ва санам.
Биздан салом қабул айланг расули акрам!
Мўминлар бошидан кетиб жахолат,
Зиё бўлиб келди илму маърифат.
Вайрон бўлди шу кеча Хисрав саройи,
Қуриди кўп турган савани кўли.
Олллоҳ яхши кўрган зот, расул туфайли!
Кофирлар, мушриклар қилиб надомат,
Ўтган кунларига қилдилар нафрат.
Оллоҳ суюган пайғамбари сизга саловат,
Оллоҳни расули туғилган бу ой.
Саловот саломни айтингиз бисёр!
Арзийди ҳар куни айтсангиз кўп бор,
Охиратда расулуллоҳ шафоати бор.
Саловотни тўхтатманг бу ойда зинҳор,
Расулуллоҳ сизга бўлсин саловот минг бор.
Охиратда расул акрам шафоати бор!
Ҳар ким айтса ҳақ расулга салом саловот,
Барча этар топганидан эхсон хасанот.
Ҳақ ҳабиби расулига қилиб эҳтиром,
Умид қилиб ҳар бир уммат сиздан шафоат.
Сизга бўлсин расулуллоҳ салом-саловат!
Муҳаммад МУКАРРАМОВ,
Косон тумани бош имом-хатиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Байҳақий, Ибн Мунзир ва ал-Ҳоким Абу Имрон ал-Жунийдан ривоят қиладилар:
«Умар розияллоҳу анҳу бир роҳибнинг олдидан ўтиб кетаётиб, тўхтади. Роҳиб чақирилди ва унга: «Бу мўминларнинг амири», дейишди.
Бас, Умар унга синчиклаб қараб чиқди. Роҳибнинг таркидунё қилиб, чарчаб-ҳориб, қийналгани кўриниб турар эди. Умар унинг бу ҳолини кўриб, йиғлади. Унга:
«Бу насроний!» дейишди.
«Билдим, лекин унга раҳмим келди. Аллоҳ азза ва жалланинг «Амал қилувчилар, чарчовчилар. Қизиган ўтга кирурлар», деганини эсладим. Унинг чарчаб, ижтиҳод қилиб туриб, дўзахга кирганига раҳмим келди», деди Умар».
Залолат йўлини танлаб, ўзини беҳуда қийнаб юрган инсонга раҳми келиб, йиғлаш учун инсон ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қалби каби буюк қалбга соҳиб бўлиши керак. Аллоҳ таолонинг Иймон-Ислом деб аталмиш улуғ неъматига муяссар бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига етган бахт-саодатнинг бошқаларга ҳам насиб этишини чин мусулмон сифатида жуда ҳам истар эдилар. Шунинг учун ҳам роҳибни кўрганларида чидаб тура олмай, йиғлай бошладилар. Атрофларидаги кишилар бу ҳақиқатни англаб етмай, ўзларича бошқача таъвил қилдилар. Улар: «Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу одамнинг насроний эканлигини билмасдан, ҳавас қилиб йиғламоқдалар», деб тушундилар. Аммо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу унинг кимлигини билганлари ва шунча ўзини қийнагани билан иймони бўлмаганлиги учун дўзахга киришини ўйлаб йиғлаётганларини айтдилар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди