Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Сентябр, 2026   |   21 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:29
Қуёш
05:51
Пешин
12:22
Аср
16:59
Шом
18:57
Хуфтон
20:15
Bismillah
03 Сентябр, 2026, 21 Рабиъул аввал, 1448

Айб кимда?

04.09.2018   16195   1 min.
Айб кимда?

Бир киши хотини олдингидай яхши эшитмаётганини пайқаб қолди. Бундан ташвишга тушди, балки қулоғига махсус эшитиш ускунаси тақиши керакдир деб ҳам ўйлади. Шундай мулоҳазалар билан дўхтир ҳузурига йўл олди. Ҳар ҳолда мутахассис билан маслаҳатлашган яхши-да.
Унинг арзини тинглаган шифокор бир синов усулини ўргатди:
– Хотинингиздан қирқ қадам нарида турасиз, одатдаги суҳбат товушида гапириб кўрасиз. Агар эшитмаса, масофани ўттиз қадамга қисқартирасиз. Яна бўлмаса, йигирма қадам. Хуллас, сизни эшитгунча яқин бораверасиз.
У бу тажрибани ўша кун оқшомдаёқ қўллашга киришди. Хотини ошхонада куймаланиб юрганини кўргач, қирқ одим нарига борди-да:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз? – деди.
Жавоб йўқ. Одам масофани ўттиз қадамга қисқартириб, саволини қайтарди:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Яна жавоб йўқ. Энди йигирма метр масофада туриб сўради:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Наҳотки! Яна жавоб бўлмади-ку!
Эр ошхона эшиги яқинига келди-да, сўровини тағин такрорлади:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Тавба-тавба! “Нима бало, аёлимнинг қулоғи том битганми?!” деб ўйлади у. Бу сафар хотинига жудаям яқин келди:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Ва ниҳоят шу гал аёли жавоб берди:
– Дадажониси, бешинчи марта қайтаряпман: ош дамлаяпман, ош.
Биз кўпинча муаммони қаршимиздаги кишилардан ахтарамиз. Балки айб ўзимиздадир. Буни эса хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Оқил одамнинг энг устун жиҳатларидан бири бошқаларнинг эмас, ўзининг нуқсонларини ўйлаши ва уларни тўғрилашидир.


Ориф Толиб

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мир араб мадрасасида янги ўқув йили олдидан мударрислар кенгаши ўтказилди

02.09.2026   10814   1 min.
Мир араб мадрасасида янги ўқув йили олдидан мударрислар кенгаши ўтказилди

Бугун, 2 сентябрь куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, олдинда турган устувор вазифаларни белгилаш ҳамда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга бағишланган кенгайтирилган мударрислар кенгаши бўлиб ўтди.


Анъанага кўра, тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тинчлик-осойишталик, илм даргоҳи фаолияти ривожи ҳамда талабаларнинг илм йўлидаги саъй-ҳаракатларига муваффақият ва барака тилаб хайрли дуолар қилинди.


Шундан сўнг таълим муассасаси директори Жалолиддин домла Сабуров, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Нарзилло домла Аҳмедов ҳамда маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Асадуллоҳ домла Нажмиддиновлар кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан маъруза қилдилар.


Кенгаш давомида янги ўқув йилида амалга ошириладиган ташкилий ва ўқув-услубий ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан: 
 

  • Таълим сифатини ошириш: Дарс машғулотларини юқори илмий савияда, замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол усуллар асосида ташкил этиш;

  • Маънавий-маърифий тарбия: Талаба-ёшларни асрий миллий ва диний қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, уларда китобхонлик ва илмга бўлган рағбатни янада кучайтириш;

  • Ижро интизоми ва масъулият: Устоз-мударрисларнинг йиллик режалари, янги ўқув дастурлари талаблари ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш.


Йиғилиш якунида янги ўқув йилида масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилиш лозимлиги қайд этилиб, устоз-мураббийларнинг машаққатли ва шарафли фаолиятига улкан зафарлар тиланди. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Мир араб мадрасасида янги ўқув йили олдидан мударрислар кенгаши ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари