Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Октябр, 2026   |   13 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:26
Қуёш
06:45
Пешин
12:12
Аср
15:47
Шом
17:32
Хуфтон
18:46
Bismillah
24 Октябр, 2026, 13 Жумадул аввал, 1448

Айб кимда?

04.09.2018   19350   1 min.
Айб кимда?

Бир киши хотини олдингидай яхши эшитмаётганини пайқаб қолди. Бундан ташвишга тушди, балки қулоғига махсус эшитиш ускунаси тақиши керакдир деб ҳам ўйлади. Шундай мулоҳазалар билан дўхтир ҳузурига йўл олди. Ҳар ҳолда мутахассис билан маслаҳатлашган яхши-да.
Унинг арзини тинглаган шифокор бир синов усулини ўргатди:
– Хотинингиздан қирқ қадам нарида турасиз, одатдаги суҳбат товушида гапириб кўрасиз. Агар эшитмаса, масофани ўттиз қадамга қисқартирасиз. Яна бўлмаса, йигирма қадам. Хуллас, сизни эшитгунча яқин бораверасиз.
У бу тажрибани ўша кун оқшомдаёқ қўллашга киришди. Хотини ошхонада куймаланиб юрганини кўргач, қирқ одим нарига борди-да:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз? – деди.
Жавоб йўқ. Одам масофани ўттиз қадамга қисқартириб, саволини қайтарди:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Яна жавоб йўқ. Энди йигирма метр масофада туриб сўради:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Наҳотки! Яна жавоб бўлмади-ку!
Эр ошхона эшиги яқинига келди-да, сўровини тағин такрорлади:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Тавба-тавба! “Нима бало, аёлимнинг қулоғи том битганми?!” деб ўйлади у. Бу сафар хотинига жудаям яқин келди:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Ва ниҳоят шу гал аёли жавоб берди:
– Дадажониси, бешинчи марта қайтаряпман: ош дамлаяпман, ош.
Биз кўпинча муаммони қаршимиздаги кишилардан ахтарамиз. Балки айб ўзимиздадир. Буни эса хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Оқил одамнинг энг устун жиҳатларидан бири бошқаларнинг эмас, ўзининг нуқсонларини ўйлаши ва уларни тўғрилашидир.


Ориф Толиб

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Хушхабар: Қўшкўпир туманидаги “Хазрати Эшон бобо” масжидига илк ғишт қўйилди

22.10.2026   18342   1 min.
Хушхабар: Қўшкўпир туманидаги “Хазрати Эшон бобо” масжидига илк ғишт қўйилди

Уламоларимиз: "Бирор ҳудудда масжид барпо этилса, шу масжиднинг баракаси бутун аҳолига татийди. Шу ерга файз, унум ва барака инади", дейишган. 

Қўшкўпир туманида жойлашган “Хазрати Эшон бобо” жоме масжидини қайтадан қуриш учун тамал тоши қўйилган эди. Бугун, мазкур масжиднинг янги биноси қурилишига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Хоразм вилоят бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев ва тумандаги имом-хатиблар, мутасаддилар, маҳалла фаоллари ва нуроний отахонлар иштирок этди.

Янги жоме тез орада мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилишини Аллоҳ таоло насиб этсин. Бу хайрли ишга ҳисса қўшаётганлардан Роббимиз рози бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот  хизмати

Ўзбекистон янгиликлари