Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Октябр, 2026   |   12 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:25
Қуёш
06:43
Пешин
12:12
Аср
15:48
Шом
17:34
Хуфтон
18:47
Bismillah
23 Октябр, 2026, 12 Жумадул аввал, 1448

Идда муддатлари

03.09.2018   33896   3 min.
Идда муддатлари

 «Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин бошқа ерга тегмай ўзини  сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.

Идда муддатлари:

  1. Эри талоқ қилган аёл талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди.

Аллоҳ таоло:

«Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ уларнинг раҳмларида халқ қилган (яратган) нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар, Аллоҳга ва охират кунига иймонлари бўл-са», деган (Бақара, 228).

Аллоҳ таоло аёлларнинг бачадонларида яратган нарсадан мурод эса, ҳайз ёки ҳомиладир. Мўмина-муслима аёл бу нарсаларни беркитмаслиги керак. Мисол учун, ери талоқ қилган бўлса, талоқдан кейин ҳомила аниқ бўлса ҳомиласини яшириб, уч марта ҳайз (ой кўрмоқ, узрли бўлмоқ) кўрдим, деб бошқа эрга тегишга шошмаслиги лозим.

Ҳанафий мазҳабимиз уламолари эри талоқ қилган хотин талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди, дейдилар.

  1. Ёши кексалиги ёки жуда ёшлиги ёки бўйи етган бўлса ҳам умуман ҳайз кўрмайдиган аёл уч ой идда ўтиради.

Аллоҳ таоло:

« Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам», деган.  (Талоқ, 6)

  1. Эри вафот этган ҳомиладор бўлмаган аёл талоқ қилинса тўрт ой ўн кун идда ўтиради.

Аллоҳ таоло:

«Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой ўн кун кутарлар», (Бақара, 234) деган.

Яьни, Бу эри ўлган аёлларнинг идда муддатидир. Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдошилик ҳурматидан тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб. Эри ўлган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини туғишидир.

  1. Эри вафот етган ҳомилали аёл ҳомиласини туғиши билан иддаси чиқади.

Аллоҳ таоло:

«Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир», деган.  (Талоқ, 6)

Бундан ташқари, идда ўтириш шарт бўлмаган ўрин ҳам мавжуд. Фуқаҳолар бунга қуйидаги оятни далил қиладилар:

Аллоҳ таоло:

«Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар», деган. (Азҳоб, 49)

Эр-хотин никоҳлангандан сўнг бирга яшамай, эр аёлини талоқ қилган бўлса аёл идда ўтириши вожиб эмас. Чунки ҳомила бўлишининг эҳтимоли йўқ. Оилавий турмуш ҳурмати ҳам йўқ.

Иддани шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор:

Биринчиси, эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.

Иккинчиси, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.

Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади.

 Бундан ташқари, илм фан тараққий этган ҳозирги кунда бошқа ҳикматлари ҳам аниқланмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, кейин бевосита, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилдилар.

Аллоҳ таоло бизларга Ўз амри илоҳиларига амал қилиб ҳаёт кечиришни насиб этсин. Зеро У зот ҳар бир нарсага қодирдир.

 

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

ЎМИ матбуот хизмати

 

Фиқҳ
Бошқа мақолалар

Мазҳабга эргашмасликнинг зарарли оқибати

06.10.2026   43820   7 min.
Мазҳабга эргашмасликнинг зарарли оқибати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

20-аср охирида мусулмон оламида ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами пайдо бўлди. У ҳам бўлса, мазҳабсизликка чақирувчилар жамоасидир. Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс бирор шаръий масалада улардан бирининг ёълини ўзига лозим тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади.
Мазкур тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва Суннат туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, фиқҳий мазҳабларга эргашиш Китоб ва Суннат таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса хатога ёъл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий ИИИ асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, суннат таълимотига кўра, ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир.
Аслида, саҳобаи киромларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳнинг суннатига мурожаат қилганлар. Улар бирор-бир масалада Қуръон ва суннатдан далил тополмай қолганларидагина ижтиҳодга қўл урганлар. Бу эса асосий эътибор қаратиладиган ва эргашиладиган ҳолат. Шунинг учун ҳам мазҳаб тутиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга тақлид қилиш Аллоҳни қўйиб, уларни Раббилари қилиб олиш, дея баҳоланмаган.
Ўзларини Ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва суннат турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратилиши ва бу уларнинг бирлигига рахна туғдираётганлиги ҳақида жар солинмоқда.
Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканлигига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилар-у, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади.
Мазҳабга эргашиш аслида залолатдан узоқ бўлмоқ демакдир. Мазҳабсизлик тарафдорлари ўз даъволарини асослашда ихтилоф ва тақлид ибораларига алоҳида урғу берадилар.
Маълумки, исломда ихтилоф ақидавий ва фиқҳий йўналишларга хос. Ақидавий ихтилоф Аллоҳ таолога эътиқод қилишда турли-туманлик шаклида юзага келиб, мусулмонлар ички бирлигининг заифлашуви, турли тоифаларга бўлиниб кетишдек салбий оқибатларга сабаб бўлган. Бунинг оқибатида хорижий, мўътазилий, қадарий, жабарий ва муржиъий каби кўплаб тоифалар вужудга келишига замин яратилган.
Фиқҳий ихтилофлар эса мутлақо бошқа мазмунга эга бўлиб, мазҳабларнинг ибодат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларга турлича ёндашувининг натижаси ўлароқ вужудга келган. Бундай ҳолат асло нуқсон ёки ихтилоф манбаи сифатида талқин этилиши мумкин эмас. Аксинча, ислом шариатининг замон ва маконга мослашувчанлиги ва мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Масалан, бирор-бир манзилга етиш учун турли томонлардан бориш имкони бўлса, киши нисбатан энг яқин ва қулай йўлни танлайди. Мусулмон шахс томонидан бирор-бир мазҳабни тутиши ҳам айнан шундай ҳолатга қиёслаш мумкин. Зеро, уларда у ёки бу масала муайян халқ, миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари, менталитети ҳамда ижтимоий муносабатларнинг характеридан келиб чиқиб, энг қулай ва маъқул шаклда ҳал қилинган.
Ислом уламоларининг иттифоқига кўра, диннинг аслига тааллуқли бўлган ақидавий масалаларда тақлид қилиш мумкин эмас. Унинг акси ўлароқ, фиқҳий масалаларда эса бирор-бир мазҳабга эргашиш, яъни тақлид қилиш лозим бўлади.
Тақлид қилувчи
Тақлид қилувчи — шариат кўрсатмаларига амал қилишда мустақил ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс бўлиб, бирор-бир мазҳаб раҳнамоларига эргашишини англатади. Яъни, фиқҳий мазҳаблар асосчиларидан бири бўлган имомнинг шариатдаги амали ва фикрини қабул қилган ва унга эргашган шахсдир.
Усул ул-фиқҳ уламолари “тақлид — шариатга амал қилишда далилини билмаган шахснинг уни билган ва ечимини берган шахс фикрини англамасдан қабул қилиб, амал қилишидир”, дея таърифлаганлар.
Демак, муқаллид (тақлид қилувчи) ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс бўлиб, мужтаҳидга тақлид қилиб, унинг фатвосига амал қилади. Худди шу ишнинг ҳукми бўйича ислом уламолари томонидан уч хил фикр илгари сурилган.
Биринчиси, Ибн Ҳазм ва унга ўхшаш баъзи уламолар тақлид қилиш мутлақо жоиз эмаслиги, балки ҳар ким ўзи мустақил равишда Қуръон ва суннатдан ҳукм чиқариши лозимлигини уқтирганлар. Бошқа уламолар бу қарашни бутунлай инкор этиб, ҳар бир мусулмоннинг мужтаҳид даражасига етиши мутлақо мумкин эмаслигини баён этишган.
Иккинчиси, тақлид қилишни вожиб деб қарайдиганлар. Улар исломдаги йирик мужтаҳидлардан кейин ижтиҳод эшиги ёпилган ва ижтиҳод қилиш мумкин эмас, деб таъкидлайдилар. Бу гапнинг эгалари ҳижрий учинчи асрдан кейин ижтиҳод эшиги ёпилгани ҳақида уламоларнинг қарори чиққанини далил қилиб келтирадилар.
Ушбу гап узоқ муддат ҳукм сурган қарор сифатида танилган ва унга сўзсиз амал қилинган.
Учинчидан, мутлақ мужтаҳид бўлмаган киши учун мужтаҳид олимлардан бирига тақлид қилиш лозим бўлади. Баъзи фиқҳий масалаларда мужтаҳид бўлса ҳам, ўз ижтиҳоди ила аниқлай олмайдиган масалаларда тақлид қилиш керак бўлади. Бу ёъналишнинг тарафдорлари қуйидаги далилларни келтирадилар:
Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 43-оятида айтади:
فَاسْأَلُواْ أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ
“Бас, ўзингиз билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг.”
Уламолар бу ояти каримада Аллоҳ таоло билмаган шахс билган инсонлардан сўраши лозимлигига буюраётганини таъкидлайдилар. Бу эса одамлар ичида билимли ва билимсизи бўлиши муқаррарлигини далолат қилади. Билмаган киши биладигандан ўзи билмаган масалани сўраши лозим. Бу эса, ўз навбатида, билимсиз кишининг олим инсонга тақлид қилиш вожиблигини англатади. Усул уламолари ушбу оятни оми инсоннинг мужтаҳид олимга тақлид қилиши вожиб эканига энг асосий далил деганлар. Ушбу оятга биноан, “ҳаммага тақлид вожиб” деган гап ҳам, “ҳаммага ижтиҳод вожиб” деган гап ҳам тўғри эмаслиги келиб чиқади.
 
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадис шарифнинг ўрни”, Ҳилол нашр, Тошкент. 2022.
2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Фиқҳий ёъналиш ва китоблар”, Ҳилол нашр, Тошкент. 2022.
3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, Ҳилол нашр, Тошкент. 2022.
 


Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани
Ҳасанхон қори масжиди имом хатиби
Нажмиддин домла ҲАСАНОВ