Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Октябр, 2026   |   14 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:27
Қуёш
06:46
Пешин
12:12
Аср
15:46
Шом
17:31
Хуфтон
18:44
Bismillah
25 Октябр, 2026, 14 Жумадул аввал, 1448

Идда муддатлари

03.09.2018   34095   3 min.
Идда муддатлари

 «Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин бошқа ерга тегмай ўзини  сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.

Идда муддатлари:

  1. Эри талоқ қилган аёл талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди.

Аллоҳ таоло:

«Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ уларнинг раҳмларида халқ қилган (яратган) нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар, Аллоҳга ва охират кунига иймонлари бўл-са», деган (Бақара, 228).

Аллоҳ таоло аёлларнинг бачадонларида яратган нарсадан мурод эса, ҳайз ёки ҳомиладир. Мўмина-муслима аёл бу нарсаларни беркитмаслиги керак. Мисол учун, ери талоқ қилган бўлса, талоқдан кейин ҳомила аниқ бўлса ҳомиласини яшириб, уч марта ҳайз (ой кўрмоқ, узрли бўлмоқ) кўрдим, деб бошқа эрга тегишга шошмаслиги лозим.

Ҳанафий мазҳабимиз уламолари эри талоқ қилган хотин талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди, дейдилар.

  1. Ёши кексалиги ёки жуда ёшлиги ёки бўйи етган бўлса ҳам умуман ҳайз кўрмайдиган аёл уч ой идда ўтиради.

Аллоҳ таоло:

« Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам», деган.  (Талоқ, 6)

  1. Эри вафот этган ҳомиладор бўлмаган аёл талоқ қилинса тўрт ой ўн кун идда ўтиради.

Аллоҳ таоло:

«Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой ўн кун кутарлар», (Бақара, 234) деган.

Яьни, Бу эри ўлган аёлларнинг идда муддатидир. Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдошилик ҳурматидан тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб. Эри ўлган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини туғишидир.

  1. Эри вафот етган ҳомилали аёл ҳомиласини туғиши билан иддаси чиқади.

Аллоҳ таоло:

«Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир», деган.  (Талоқ, 6)

Бундан ташқари, идда ўтириш шарт бўлмаган ўрин ҳам мавжуд. Фуқаҳолар бунга қуйидаги оятни далил қиладилар:

Аллоҳ таоло:

«Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар», деган. (Азҳоб, 49)

Эр-хотин никоҳлангандан сўнг бирга яшамай, эр аёлини талоқ қилган бўлса аёл идда ўтириши вожиб эмас. Чунки ҳомила бўлишининг эҳтимоли йўқ. Оилавий турмуш ҳурмати ҳам йўқ.

Иддани шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор:

Биринчиси, эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.

Иккинчиси, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.

Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади.

 Бундан ташқари, илм фан тараққий этган ҳозирги кунда бошқа ҳикматлари ҳам аниқланмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, кейин бевосита, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилдилар.

Аллоҳ таоло бизларга Ўз амри илоҳиларига амал қилиб ҳаёт кечиришни насиб этсин. Зеро У зот ҳар бир нарсага қодирдир.

 

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

ЎМИ матбуот хизмати

 

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳудудларда отинойилар ўртасида «Заковат» баҳслари ўтказилди

29.09.2026   77523   1 min.
Ҳудудларда отинойилар ўртасида «Заковат» баҳслари ўтказилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан хотин-қизларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган хайрли лойиҳалар изчил давом этмоқда.


Шу мақсадда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими ташаббуси ҳамда масъуллари бевосита иштирокида жойларда бош имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ва маҳалла отинойилари ўртасида «Заковат» интеллектуал беллашувлари ташкил этилмоқда.


Хусусан, мазкур билимлар баҳси Тошкент шаҳри, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди: 
 

  • Тошкент шаҳрида кечган баҳсларда отинойилар тарихий, адабий, мантиқий ва диний билимларини синовдан ўтказди. Якунда «Тасним» жамоаси 1-ўринни эгаллади, «Маърифат соҳибалари» 2-ўринга, «Оқилалар» жамоаси эса 3-ўринга муносиб кўрилди.

  • Хоразм вилоятида «Илм — зиё, тафаккур — камолот сари йўл!» шиори остида ўтган беллашувда ЎМИ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи Дилфуза Эгамова, диний соҳа вакиллари ҳамда ҳудуд отинойилари қатнашиб, билим ва тажриба алмашишди.

  • Сурхондарё вилоятида эса иштирокчилар ижтимоий-сиёсий, ақидавий-фиқҳий ва мантиқий саволларга жамоавий тарзда жавоб бериб, юқори тайёргарлик намойиш этди ҳамда республика босқичи йўлланмаларини қўлга киритди.


Мазкур интеллектуал тадбирлар жамиятда, хусусан, оилалар ва хотин-қизлар орасида маънавий соғлом муҳитни мустаҳкамлашда фидойилик кўрсатиб келаётган отинойиларнинг дунёқарашини янада кенгайтириш ва ўзаро ҳамжиҳатлигини кучайтиришга хизмат қилади.


Беллашувлар сўнгида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ҳудудларда отинойилар ўртасида «Заковат» баҳслари ўтказилди Ҳудудларда отинойилар ўртасида «Заковат» баҳслари ўтказилди Ҳудудларда отинойилар ўртасида «Заковат» баҳслари ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари