Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Март, 2026   |   11 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:48
Қуёш
06:08
Пешин
12:32
Аср
16:55
Шом
18:51
Хуфтон
20:04
Bismillah
31 Март, 2026, 11 Шаввол, 1447

Мустақилликни мустаҳкамлаб

02.09.2018   4863   3 min.
Мустақилликни мустаҳкамлаб

Тарихан қисқа давр ичида, мустақиллик йилларида ўз кучимиз ва салоҳиятимизга таянган ҳолда муқаддас қадриятларимизни, тилимиз ва динимизни қайта тиклаб, бугунги кунда ҳар соҳада ҳар томонлама мустақил тараққиёт йўлидан ривожланиб бораётган эркин, демократик давлатга айландик. Маълумки, тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган энг улуғ ва олий неъматдир. Муқаддас динимиз ҳам тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғоясига айлантирган, десак, хато қилмаймиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида баён қилади: “Эй иймон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ичига кирингиз”. Ислом динининг иккинчи манбаси бўлмиш Пайғамбар (с.а.в.)нинг муборак ҳадиси шарифларида: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар”,- дейилган. 

Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таолонинг бу неъматидан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Барчага аёнки, дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкишлар содир этилмоқда. Ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошираётган тубан кимсаларга қарши доимо сергак ва ҳушёр бўлиш зарур. Зеро, Қуръони каримнинг “Моида” сурасида: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”, деб марҳамат қилинган.

Мустақиллик шарофати билан халқимизнинг маънавияти ва миллий қадриятлари қайта тикланди. Мустабид тузум давомида қатағон қилинган юзлаб юртдошларимиз, ватанимизнинг фидойи фарзандлари хотираси абадийлаштирилди. Энг улуғ ва энг азиз – Мустақиллик байрами яхшиликнинг умри абадий эканлиги ҳақида ўйлашга ундайди. 

Ўзбекистон Республикасиининг марҳум Биринчи Президенти И.А. Каримов: “Биз учун бебаҳо бойлик – тинчлик ва осойишталикни, жамиятимиздаги меҳр-оқибат, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни таъминлаш,уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар доим диққат-эътиборимиз марказида туриши лозимлигини асло унутмаслигимиз керак”, деган эдилар. Дарҳақиқат, қайси бир юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурар экан, ўша ерда тараққиёт бўлади. Биз эришаётган ютуқлар замирида ҳам ана шундай тинчлик ва осойишталик ётади. Мустақилликнинг ўтган йилларига назар ташласак, пойтахтимиз, барча вилоят ҳамда шаҳарларда, қишлоқларимиз, ҳатто юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам катта ўзгаришлар рўй бераётганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли халқимизнинг ҳар куни тўю-томошалар, байраму шодиёналар билан ўтмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш ва уларнинг қадрига етиш керак.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ жамиятимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, фуқароларнинг тинчлиги ҳамда осойишталигини асраш асосий вазифалардан бирига айланди. Шу маънода халқимиз тинчликни юксак қадрлайди, уни орзу-интилишлари ва эзгу ниятлари рўёбининг муҳим кафолати деб билади. 

Дарҳақиқат, динимиз ҳам тинчликни, мустақилликни бебаҳо неъмат деб улуғлайди. Шунинг учун ҳам Қуръони карим оятларида кўп бора тинчликка даъват этилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, ёппасига тинчлик ичига киришингиз”. Тафсир китобларида келтирилишича, ушбу оят бир томондан барча инсонлар аҳилликда тинчлик йўлини тутишлари кераклигини англатса, иккинчи томондан эса уни барқарор қилиш учун барча ҳисса қўшиши зарурлигини билдиради. Мустақил, тинч, осойишта, ҳар куни хурсандчилигу тўй-томоша бўлган юртда яшаш эса катта бахтдир. Аллоҳ таоло юртимизнинг мустақиллиги ва тинчлигини бардавом айласин. 

 

“Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус

 ислом билим юрти маънавият ва

 маърифат ишлари бўйича мудир ўринбосари Рохат Мамадшоева

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Амир Темур меросини ўрганиш учун 100 дан ортиқ хорижий олимлар бирлашмоқда

27.03.2026   22274   3 min.
Амир Темур меросини ўрганиш учун 100 дан ортиқ хорижий олимлар бирлашмоқда

Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан нуфузли халқаро илмий конференция ўтказилади. 2026 йил 9–11 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган мазкур анжуман мамлакатимиз илмий-маърифий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлиши кутилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ана шу халқаро анжуманни ўтказиш чора-тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган ПҚ-46-сон қарорига мувофиқ, жорий йилда Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижроси доирасида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида ўтказиладиган халқаро конференцияни юқори даражада ташкил этиш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ана шу чора-тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди. 

 


Марказ директори, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов раислигида ўтказилган йиғилишда Марказ илмий кенгаши аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев ҳамда мутахассислар ва ишчи гуруҳ вакиллари иштирок этди.


Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов мазкур халқаро анжуманнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бу оддий илмий тадбир эмас, балки темурийлар даври цивилизациясини замонавий илмий ёндашувлар асосида қайта англаш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тақдим этишга хизмат қилувчи стратегик платформа сифатида баҳолади.

 


Мазкур халқаро анжуман бир қатор ҳамкор ташкилотлар, илмий даргоҳлар иштирокида ўтказилади. Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси шулар жумласидандир.
Ўзбекистон ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимовнинг таъкидлашича, Фанлар академияси мазкур халқаро конференцияни ташкил этишда барча илмий ва ташкилий ресурслар билан қўллаб-қувватлашга тайёр.


Конференция доирасида кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Жумладан:
• “Амир Темур ва темурийлар даври қўлёзмалари” кўргазмаси 
• “Темурийлар нумизматик мероси” кўргазмаси 
• Европа музейлари билан ҳамкорликда тайёрланган махсус экспозициялар 


Шунингдек, “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида:
• Амир Темур даврига оид кинолойиҳалар 
• Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳаётига бағишланган фильмлар намойиши ҳам режалаштирилган. 


Анжуманда Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Америка давлатларидан 100 нафардан ортиқ хорижий олимлар ва экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.

 


Конференция доирасида хориждан олиб келинадиган темурийлар даврига оид нодир артефактларни вақтинчалик намойиш этиш, уларни сақлаш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳам алоҳида ташкилий чоралар белгиланди.


Йиғилиш якунида таъкидланганидек, мазкур халқаро илмий конференция Амир Темур ва темурийлар даври меросини, замонавий илмий ёндашув асосида қайта таҳлил қилиш, уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тақдим этиш йўлида муҳим илмий ва маданий воқеа бўлади. 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Амир Темур меросини ўрганиш учун 100 дан ортиқ хорижий олимлар бирлашмоқда Амир Темур меросини ўрганиш учун 100 дан ортиқ хорижий олимлар бирлашмоқда
Ўзбекистон янгиликлари