Ҳосид ҳар куни кимнидир чақиб турмаса, ҳасад қилмаса туролмайди. Бу шундай дардки, ўзи бировга қишда қор бермайди, ўзгалар берганини эса кўролмайди. Гоҳо ўзига-ўзи ҳасад қилур, бу дардга уни кибру ҳаво солур. Ҳасад заҳрини солишга кимса топилмаса, ўзини-ўзи чақур. Нақадар аянчли!
Дунёда юрак хасталигидан оғриганларнинг аксари ҳасад сабаб ушбу дардга йўлиқади, ёруғ олам нурига ҳасад-ла боқиб, жон таслим қилади.
Аллоҳнинг қудрати билан чаённинг болалари ўз оналарини еб каттарар экан. Ҳасад ҳам, ҳасадчини еб битирар экан.
Эй азиз фарзанд! Ўзингни ҳасаддан сақла, ҳасад шундай дардки, у гўё аччиқ алаф кабидир, у алаф асалга қўшилса, унинг таъми ва рангини бузади. Ҳасад қалбнинг ва имоннинг кушандасидир. Бу дунёда ҳавас билан яшагин, ҳасад билан эмас. Шунда орзуингдаги бахтга эришасан.
Илону чаёндек чақма ҳар кимни,
Боласи чаённи ейди қилиб ем.
Қалбингда тўпласанг лим-лим ҳасадни,
Бир кун келиб, ўзинг йиғлайсан юм-юм.
ЎМИ Матбуот хизмати
Сайёр йиғилиш
Бугун диний соҳа вакилларига аҳолининг ишончи ортиб боряпти.
Нега? Чунки имом-хатиблар, имом ноиблари, отинойилар, "Ҳаж 2025" иштирокчилари маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга кириб, аҳоли билан самимий суҳбатлашиб, одамларни қийнаётган муаммоларнинг барҳам топишида яқиндан ёрдам бериб келмоқда.
Шу йил 6 апрель куни Юнусобод туманидаги «Умар ибн Хаттоб» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб борган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги масъул ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари, уламолар, отинойилар ҳамда «Ҳаж 2025»да ҳажга борган ҳожи оталар ва ҳожи оналар иштирок этишди.
Дастлаб кун давомида амалга ошириладиган ишлар кўлами, Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари хусусида йиғилганларга тушунчалар берилди.
Шундан сўнг пойтахтимиз туманлари бош имомлари, уламолар, тумандаги масжидлар имом-хатиблари ҳожилар билан биргаликда ҳудуддаги маҳаллаларга чиқиб, юздан зиёд хонадонга киришди.
Тадбир доирасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур тавсиялар берилди.
Адашиб турли оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшлар билан ҳам яккама-якка суҳбатлар олиб борилди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад юртимизда инсон қадри, шаъни улуғ эканини, одамларга яхшилик улашиб яшаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асрашдир.
Тадбир иштирокчилари яна «Умар ибн Хаттоб» жоме масжидига қайтиб, амалга оширилган ишларни ўртага ташлаб, келгусидаги режаларни белгилаб олишди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Юнусобод туманидаги масжидлар ҳудудларига 40 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳамда гуллар, райҳонлар экилди.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ниҳоясига етди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати