Ҳосид ҳар куни кимнидир чақиб турмаса, ҳасад қилмаса туролмайди. Бу шундай дардки, ўзи бировга қишда қор бермайди, ўзгалар берганини эса кўролмайди. Гоҳо ўзига-ўзи ҳасад қилур, бу дардга уни кибру ҳаво солур. Ҳасад заҳрини солишга кимса топилмаса, ўзини-ўзи чақур. Нақадар аянчли!
Дунёда юрак хасталигидан оғриганларнинг аксари ҳасад сабаб ушбу дардга йўлиқади, ёруғ олам нурига ҳасад-ла боқиб, жон таслим қилади.
Аллоҳнинг қудрати билан чаённинг болалари ўз оналарини еб каттарар экан. Ҳасад ҳам, ҳасадчини еб битирар экан.
Эй азиз фарзанд! Ўзингни ҳасаддан сақла, ҳасад шундай дардки, у гўё аччиқ алаф кабидир, у алаф асалга қўшилса, унинг таъми ва рангини бузади. Ҳасад қалбнинг ва имоннинг кушандасидир. Бу дунёда ҳавас билан яшагин, ҳасад билан эмас. Шунда орзуингдаги бахтга эришасан.
Илону чаёндек чақма ҳар кимни,
Боласи чаённи ейди қилиб ем.
Қалбингда тўпласанг лим-лим ҳасадни,
Бир кун келиб, ўзинг йиғлайсан юм-юм.
ЎМИ Матбуот хизмати
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модул таълим тизими 1-босқичида таҳсил олаётган имом-хатиблар учун «Бугунги кун дин олими: илм, масъулият ва замонавий ёндашувлар» мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда проректор Ёқубжон Бухарбаев иштирок этди.
Давра суҳбатида бугунги шиддатли ахборот асрида дин пешволари зиммасидаги улкан масъулият, жамиятда соғлом маърифий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли, айниқса ёшларнинг диний саводхонлигини тўғри шакллантириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида замонавий имом-хатиб нафақат чуқур диний билим эгаси, балки кенг дунёқараш, юксак муомала маданияти ва таҳлилий тафаккурга эга бўлиши зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, замонавий медиа ва ахборот воситаларидан оқилона фойдаланиш, турли ёт қарашларга қарши илмий асосда маърифат билан жавоб бериш ҳамда соф ислом қадриятларини шахсий ибрат орқали халққа етказиш муҳимлиги қайд этилди.
Очиқ ва самимий руҳда кечган дарсда имом-хатиблар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Тадбир диний таълим билан амалиёт уйғунлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати