Бир куни Ҳотами Той улуғ ва давлатманд инсонларни меҳмонга чақирди. Зиёфат бошланган, меҳмонлар суҳбатлашиб хурсанд бўлиб ўтиришган маҳал бошида эски салла, эгнида юпун кийим, камбағаллиги шундоқ кўриниб турган бир киши кириб келди. Уни кўрган меҳмонлар ҳайрон бўлиб қолишди. Баъзилар унга нописандлик назари билан қаради. Аммо Ҳотам бу фақир одамга ўзгача лутф ва карам кўрсатиб, қўлини кўксига қўйиб, эҳтиром ила давранинг энг тўрига ўтказди. Ҳотамнинг кўрсатган эҳтиромидан ҳамма ҳайрон бўлиб:
– Бу инсон ким, бунча эҳтиром қилурсиз? – деб сўрадилар. Уларга ним табассум билан боққан Ҳотам:
– Сизларни қадру қимматингиз, мансабу ҳурматингиз ва мақомингизга қараб жой бердим. Бу жандапўш, камтар, тавозели инсонни менинг саховатим ва карамим тўрга ўтказди.
Эй азиз фарзанд! Олий мукофот мансаб, мартаба, бойликка қараб ўлчанмайди, балки у мўминнинг тавозеш, камтарлиги ва Ҳаққа бўлган қаттиқ ишончи ва муҳаббати баландлиги билан ўлчанади. Барча авлиёлар Аллоҳ таолонинг висолига ошиқ бўлганлар. Унинг висолига етиш учун дунё роҳатини меҳнат ва машаққатларга алмаштирганлар. Натижа эса, албатта, Ёрнинг васлига етиши аниқ. Ўша Ёр муҳаббати ва ихлоси ошиқнинг қиёмат кунида улуғ мақомга сазовор бўлишига бош омил бўлади. Инсон Ҳақнинг муҳаббати билан яшаб, умрини ҳалол меҳнат, ихлосли тоат-ибодат қилиб, риё ва шуҳратпарастликдан кечиб, нафсини жиловлаб ўтса, албатта, маҳбубнинг висолига етмоғи муқаррардир.
Шермурод Тоғайнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни ҳамда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан «Давлат тили – миллий маънавиятимиз тимсоли» мавзусида маънавий-маърифий давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирдан мақсад талаба-ёшларда она тилига ҳурматни ошириш, уларни ўзбек тилининг тарихи, миллий давлатчилигимиз ва маънавий ҳаётимиздаги ўрни билан таништириш, давлат тилига оид ислоҳотларнинг моҳиятини кенг тушунтиришдан иборат бўлди.
Давра суҳбатини институтнинг «Ижтимоий фанлар ва тиллар» кафедраси ўқитувчиси Ш.Бадиев олиб борди. У 1-босқич талабаларига ўзбек тилининг тарихий тараққиёт босқичлари, совет давридаги тил сиёсати, давлат тили мақоми учун олиб борилган саъй-ҳаракатлар ҳамда мустақиллик йилларида она тилимиз нуфузини ошириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбирда тил ҳар бир миллатнинг маънавий қиёфаси, тарихий хотираси, миллий ўзлиги ва маданий меросини сақлаб қолувчи энг муҳим омиллардан бири экани таъкидланди. Халқнинг асрлар давомида шаклланган урф-одатлари, қадриятлари, илмий тафаккури ва маънавий бойликлари авлоддан-авлодга, аввало, она тили орқали етказилади.
Маърузада совет даври тил сиёсатига алоҳида тўхталинди. Бу даврда рус тилининг давлат бошқаруви, олий таълим, илм-фан ва айрим расмий иш юритиш соҳаларидаги мавқеи кучайиб бориб, ўзбек тили ижтимоий ҳаётнинг муайян йўналишларида чекланган имкониятлар билан қўлланилгани тарихий мисоллар орқали тушунтирилди. Ёзув тизимининг бир неча бор ўзгартирилгани, жумладан, араб ёзувидан лотин графикасига, кейинчалик кирилл алифбосига ўтилиши миллий ёзма меросни ўрганишга ва авлодлар ўртасидаги маънавий-маданий узвийликка таъсир кўрсатгани қайд этилди. Шу билан бирга, маърузачи ўзбек тилида адабиёт, матбуот ва илмий фаолият ривожланганини, бироқ тилларнинг расмий ва ижтимоий мавқеида тенгсизлик мавжуд бўлганини ҳам таъкидлади.
Айниқса, 1989 йил 21 октябрда «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши халқимиз маънавий ҳаётидаги муҳим тарихий воқеа сифатида эътироф этилди. Қонун билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши миллий ўзликни англаш, она тилига ҳурматни кучайтириш ва унинг давлат ҳамда жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам деб баҳоланди.
Мустақиллик йилларида давлат тилининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, нуфузини ошириш, таълим, маданият, илм-фан ва давлат бошқарувида ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилган ишларга эътибор қаратилди. Жумладан, ўзбек тилининг давлат тили сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлангани, 1995 йилда «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилингани, 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонининг аҳамияти ҳақида маълумот берилди. 2020 йилда 21 октябрнинг «Ўзбек тили байрами куни» этиб белгиланиши ҳам она тилимиз мавқеини юксалтиришга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири экани таъкидланди.
Давра суҳбатида ўзбек тилининг бой илмий ва адабий мероси ҳақида ҳам сўз юритилди. Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий ва Бобур каби буюк аждодларимизнинг туркий тиллар, адабиёт ва маънавият ривожига қўшган ҳиссаси эътироф этилди. Алишер Навоийнинг туркий тилнинг бой ифода имкониятларини намоён этган ижоди ва «Муҳокамат ул-луғатайн» асарининг тилшунослик тарихидаги аҳамияти алоҳида қайд этилди. Алломаларимиз қолдирган мерос она тилимиз нафақат кундалик мулоқот воситаси, балки юксак илмий, адабий ва фалсафий тафаккурни ифодалашга қодир тил эканини кўрсатиши таъкидланди.
Шунингдек, диний таълим муассасалари талабалари учун ўзбек адабий тили меъёрларини пухта ўзлаштириш, фикрни аниқ, равон ва мантиқий ифодалаш, диний-маърифий тушунчаларни кенг жамоатчиликка содда ва тушунарли тилда етказиш алоҳида аҳамиятга эга экани айтилди. Келажакда диний-маърифий соҳада фаолият юритадиган мутахассислар араб тили ва ислом илмларини пухта эгаллаш билан бирга, ўзбек тилининг луғавий бойлиги, услубий имкониятлари ва нутқ маданиятини ҳам чуқур ўзлаштиришлари зарурлиги қайд этилди.
Глобаллашув, рақамли технологиялар ва ижтимоий тармоқлар шароитида она тили софлиги, имло меъёрлари ва нутқ маданиятини сақлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Ёшларнинг давлат тилида саводли ёзиши, адабий тил меъёрларига амал қилиши ва интернетда ҳам она тилига ҳурмат билан муносабатда бўлиши муҳим маънавий масъулият экани таъкидланди. Бошқа тилларни ўрганиш ва ўзбек тилига ҳурмат бир-бирига зид эмаслиги, аксинча, кўп тиллилик замонавий билимларни эгаллаш ва халқаро илмий мулоқотда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириши айтилди.
Тадбир якунида она тилини асраб-авайлаш, унинг бой имкониятларидан тўғри фойдаланиш, миллий илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш ҳар бир зиёли ва ёш мутахассиснинг муҳим бурчи экани таъкидланди.
Мазкур давра суҳбати талабаларнинг ўзбек тили тарихи ва давлат тили сиёсатига оид билимларини бойитиш, миллий ўзликни англаш туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда она тилига ҳурмат-эҳтиромни юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим тарбиявий тадбирлардан бири бўлди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Матбуот хизмати