Бир куни Ҳотами Той улуғ ва давлатманд инсонларни меҳмонга чақирди. Зиёфат бошланган, меҳмонлар суҳбатлашиб хурсанд бўлиб ўтиришган маҳал бошида эски салла, эгнида юпун кийим, камбағаллиги шундоқ кўриниб турган бир киши кириб келди. Уни кўрган меҳмонлар ҳайрон бўлиб қолишди. Баъзилар унга нописандлик назари билан қаради. Аммо Ҳотам бу фақир одамга ўзгача лутф ва карам кўрсатиб, қўлини кўксига қўйиб, эҳтиром ила давранинг энг тўрига ўтказди. Ҳотамнинг кўрсатган эҳтиромидан ҳамма ҳайрон бўлиб:
– Бу инсон ким, бунча эҳтиром қилурсиз? – деб сўрадилар. Уларга ним табассум билан боққан Ҳотам:
– Сизларни қадру қимматингиз, мансабу ҳурматингиз ва мақомингизга қараб жой бердим. Бу жандапўш, камтар, тавозели инсонни менинг саховатим ва карамим тўрга ўтказди.
Эй азиз фарзанд! Олий мукофот мансаб, мартаба, бойликка қараб ўлчанмайди, балки у мўминнинг тавозеш, камтарлиги ва Ҳаққа бўлган қаттиқ ишончи ва муҳаббати баландлиги билан ўлчанади. Барча авлиёлар Аллоҳ таолонинг висолига ошиқ бўлганлар. Унинг висолига етиш учун дунё роҳатини меҳнат ва машаққатларга алмаштирганлар. Натижа эса, албатта, Ёрнинг васлига етиши аниқ. Ўша Ёр муҳаббати ва ихлоси ошиқнинг қиёмат кунида улуғ мақомга сазовор бўлишига бош омил бўлади. Инсон Ҳақнинг муҳаббати билан яшаб, умрини ҳалол меҳнат, ихлосли тоат-ибодат қилиб, риё ва шуҳратпарастликдан кечиб, нафсини жиловлаб ўтса, албатта, маҳбубнинг висолига етмоғи муқаррардир.
Шермурод Тоғайнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан
2026 йил 14 октябрь куни Россия Федерациясининг Уфа шаҳрида Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров иштирокида «Ислом омиллари ва қадриятлари» XVII Халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Анжуман доирасида ташкил этилган «Евроосиё маконида ислом таълимини ривожлантириш» мавзусидаги II халқаро давра суҳбатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий фаолияти ва халқаро ҳамкорликка қаратилган ташаббуслари тақдим этилди, хабар бермоқда iccu.uz.
Конференция Россия мусулмонлари Марказий диний бошқармаси, Россия Ислом университети, Ислом маданияти, илм-фани ва таълимини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Бошқирдистон Республикаси раҳбари ҳузуридаги Давлат ва конфессиялараро муносабатлар бўйича кенгаш иштирокида ташкил этилди. Унда Россия мусулмонлари Марказий диний бошқармаси раиси, Олий муфтий, Шайхул-Ислом Талгат Тожуддин қутлов сўзи билан қатнашди. Шунингдек, турли мамлакатлардан келган олимлар, диний ва жамоат арбоблари ислом таълими, маънавий қадриятлар ва халқаро илмий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари Гулнора Ғаниева иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Марказ фаолиятига бағишланган видеоролик ва тақдимотни намойиш этди. Унда Марказда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, тарихий-маданий меросни ўрганиш ва уни замонавий ёндашувлар асосида тарғиб этиш борасидаги натижалар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, Марказда бугунги кунга қадар 800 га яқин илмий лойиҳа ишлаб чиқилгани ва уларнинг 600 га яқини амалиётга жорий этилгани таъкидланди. Шунингдек, аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни ёш авлодга етказиш, ислом цивилизациясининг илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилиш ҳамда таълим жараёнларида замонавий технологиялардан фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Гулнора Ғаниева ўз чиқишида 2027–2030 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё ва Россия олимлари ҳамда илоҳиётшуносларини бирлаштирувчи ягона илмий-маърифий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Мазкур ташаббус мутахассислар ўртасида мунтазам илмий мулоқот ва тажриба алмашишни йўлга қўйиш, қўшма маърифий тадбирларни ташкил этиш ҳамда замонавий технологиялар асосида тарихий ва маънавий меросни кенг жамоатчиликка, айниқса, ёш авлодга етказишга қаратилган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ушбу халқаро анжумандаги иштироки Марказнинг тарихий-маданий меросни ўрганиш ва тарғиб этиш билан бир қаторда, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва янги маърифий ташаббусларни илгари суришга хизмат қилувчи илмий платформа сифатидаги фаолиятини намоён этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати