Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Апрел, 2025   |   10 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:33
Қуёш
05:55
Пешин
12:30
Аср
17:01
Шом
18:59
Хуфтон
20:15
Bismillah
08 Апрел, 2025, 10 Шаввол, 1446

Эътикоф

05.06.2018   55633   50 min.
Эътикоф

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча Оламлар Роббиси бўлган Аллох таъолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз, Унинг оиласи барча саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Эътикофнинг фазли

Ибн Аббс розияллоҳу анҳудан ривоят:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирувчи ҳақида:

«У гуноҳларни ушлайди ва эътикоф ўтирувчи учун яхшиликларни, барча яхшиликларни қилувчига ўхшатиб, жорий қиладир», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Демак, эътикоф уни қилувчи шахсни гуноҳлардан тўсади ва эътикоф ўтирувчи учун ҳамма яхшиликларни қилаётганларга ёзилаётган савобга ўхшаш савоб ёзилади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ушбу қабр соҳибини:

«Ким ўз биродари ҳожати учун юриб, уни чиқарса, унга ўн йил эътикоф ўтиргандан яхши бўлур. Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасида осмон гардишидан кенгроқ уч хандақ қилади», деганларини эшитдим».

Табароний ва Байҳақий ривоят қилган. ал-Ҳоким саҳиҳ, деган.

Ушбу ҳадисда эътикоф ўтириш киши учун охиратда қанчалар катта бахт-саодатга сабаб бўлишини баён қилиши билан бирга ўзгаларнинг ҳожатини чиқариш ундан бир неча чандон яхшиликларга эриштириши таъкидланмоқда.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирса, худди икки ҳаждек ёки икки умрадек бўлади», дедилар».

Байҳақий ривоят қилган.

Бу ривоятда ҳам эътикофнинг фазли улуғ экани таъкидланмоқда. Шунинг учун бу фазлга эришиш мақсадида иложини қилиб, эътикоф ўтириш керак.

Эътикофнинг хикматлари

Расулуллоҳ сав “Огоҳ бўлингиз танада бир парча гўшт бор, агар у ислоҳ бўлса, тананинг барчаси ислоҳ бўлади, агар у фасод бўлса, тананинг барчаси фасод бўлади, у қалбдир.” Қалбнинг фасод бўлишига кўпинча Аллоҳга юзланишдан чалғитадиган инсоннинг ҳаёт ташвишлари, муаммолари ва бошқа машғулотлари сабаб бўлади. Бу машғулликлар сирасига инсоннинг нафсига ёқадиган турли таомларни кўп истеъмол қилиш, ўйин-кулги, ортиқча кераксиз гаплар билан узун-узун суҳбатлар, кўп ухлаш ва бошқаларлар киради. Аллоҳ таоло ўз шариатига шундай ибодатларни киритдики, уларда инсоннинг барча қалбий ва жисмий ҳасталикларига шифо топиш мумкин бўлади. Эътикоф деб номланган ибодатимиз иншааллоҳ бизга ўзининг битмас туганмас фойдалари билан ёрдам кўрсатади. Эътикоф  ҳам рўза каби қалбнинг қалқонидир.

Дунё шу даражада тезлашиб кетган-ки кўз очиб юмгунча бир кунимиз, ҳафтамиз, ой ва йилларимиз бизни ташлаб кетмоқда. Баъзан ўзи бугун нима ишларимга улгурдим деб ўйлаб қоламиз. Кексаларимиз айтганидек дунё ишларимиз ҳеч адо бўлмайди. Ҳаттоки уйидаги ишлар билангина банд бўлган уй бекаларимиз ҳам уйининг ишларини ҳеч тугата олмаётганидан шикоятда бўладилар. Юқоридаги гапларни келтиришимиздан мақсад шу-ки, биз шу қадар банд бўлиб қолганмизки Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиб, хотиржам охиратимиз хусусида тафаккур қилишга ҳам вақтимиз йўқ.

Бизнинг динимиз роҳибликни асло тарғиб этмайди, аксинча мусулмонлар доимо бир-бирлари билан алоқада, жам бўлиб яшашлари ва ибодатларини ҳам биргаликда қилишларига чақиради.

Лекин баъзида инсон ўзининг қилган ишларини сарҳисоб қилиш учун ҳам узлатга чекиниши фойдадан ҳоли эмас, чунки бу анбиёлар суннатидир. Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига ҳам турли кўринишлардаги эътиқофларни насиб этган. Мусо ас Тур тоғида, Муҳаммад ас Ҳиро ғорида, Юнус ас эса балиқнинг қорнида ўз Роббиларига ёлғиз ҳолда ибодат қилдилар, тафаккурга чўмдилар.

Эътикофда инсон ҳам рўзадор бўлади, Аллоҳ зикри билан банд бўлади ҳамда нафс талаб қилган нарсалардан узоқда бўлади. Эътикофда ўтириш билан инсон нималарни қўлга киритади? Қуйида бир қанчасини келтириб ўтамиз, булар эса фақатгина биз кўра олганимиз холос, буюк ҳикмат эгаси бўлган Роббимиз эътикофнинг ичига яна қандай сирларни жойлаштирган унинг ўзига маълум.

Эътиофда ўтирган инсон рўзасини гўзал шаклда тутади.

Рўзанинг савобини кетказадиган беҳуда ва ножоиз сўзлар ва амаллардан тийилади.

Эътикофни кечалари бедор ҳолда ўтказгани учун иншааллоҳ охирги ўн кунликка яширинган қадр кечасини топиш имконига эга бўлади.

Эътикоф аслида савобли амал, унинг рамазон ойида бажарилиши эса шу савобларнинг янада кўп бўлишига сабаб бўлади.

Ўзини ва нафсини яхши ишларга кўниктиради.

Аллоҳ учун ибодатга ажраб чиқиб, пайғамбарлар суннатини адо этган бўлади.

Ўзини ўзи сарҳисоб қилиб олади, агар ҳар ойда бир марта эътикоф ўтирса, бир ойлик ишларини, йилда бир марта ўтирса йиллик амалларини ҳисоб китоб қилиб олишга эришади. Яъни шунча вақт мобайнида қандай яхши амаллар қилдим, қандай гуноҳларга йўл қўйдим. Яхши ишларимни холис Аллоҳ учун қилдимми ёки...

Гуноҳлар қилдим, уларнинг кетидан ювилиб кетиши учун савобли иш қилдимми ёки чин тавбамни қилдимми ёки аксинча инсонлигимга бориб унутиб юбордимми?!

Қайси амалларни бажаришда оқсаяпти, шу жиҳатларни ўрганиб муолажа қилиб чиқади.

Қуръон ва ҳадисларни тафаккур билан ўқиш имкониятини қўлга киритади.

Энди эътикофнинг таърифи билан танишиб олсак

«Эътикоф» луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қолиш» ва «лозим тутиш» маъноларини ифода қилади.

Шариатда эса

«Рўзадорнинг жамоат масжидида эътикоф нияти ила қолишидир».

Эътикофнинг шариатда мавжуд эканига Куръон, суннат ва ижмоъ далолат килади.

Аллоҳ таоло:

Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, эътикоф ўтирувчилар ва рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар деб амр қилдик

«Бақара» сурасидаги ушбу оятда Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларга берган амри ҳақида хабар бермоқда. Байтуллоҳни неча тоифа ибодат қилувчилар учун поклашлари лозимлиги айтилмоқда. Ана ўша ибодат қилувчи тоифалар ичида эътикоф ўтирувчилар ҳам зикр қилинмоқда.

Демак, эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодатдир.

Демак, эътикоф Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан, қадим замонлардан буён бор

Яна Аллоҳ таоло:

«Ва у(аёл)ларга масжидларда эътикоф ўтирганингизда яқинлик қилманг», деган (Бақара: 187).

Бу эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига яна бир далил. Эътикоф ўтирган шахс ўз жуфти ҳалоли ила жинсий яқинлик қилмаслиги ва эътикоф ибодати масжидда адо этилиши лозим.

Эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига ушбу оятлар далилдир. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, то Аллоҳ у кишини вафот эттиргунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ўтиришди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади:

1. Вожиб.

Бунга назр қилинган эътикоф киради.

2. Суннати муаккада.

Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.

3. Мустаҳаб.

Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради.

Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб у ила банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узилишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади.

Унинг ози бир кундир. Аммо имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи: «Эътикофнинг ози бир оз муддат бўлса ҳам бўлади», деганлар ва шунга фатво берилган. Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради. Худди нафл рўзани бузган одам қазосини тутиши вожиб бўлганга ўхшаб.

Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон ҳожатларидан бошқа нарса учун чиқмайди.

Инсон ҳожатлари деганда катта ва кичик тоҳарат ушатиш, нажосатни кетказиш ва жунубликдан ғусл қилиш каби ишлар кўзда тутилади. Мазкур ишларни қилиб бўлиши билан дарҳол эътикоф ўтирган жойига қайтади. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар инсон ҳожатидан бошқа нарса учун уйга кирмас эдилар».

Молик ривоят қилган.

Уламоларимиз: «Жума ўқиладиган масжидда эътикоф ўтириш афзал», дейдилар.

Агар узрсиз маълум вақтга чиқса, эътикофи бузилади.

Шунингдек, ғарқ бўлаётган ёки ёнаётган нарсани қутқариш каби фавқулодда ҳолатларда, шунингдек, бемор кўриш, жанозада қатнашиш, гувоҳлик бериш каби ишлар учун чиқса ҳам эътикофи бузилади ва қазо лозим бўлади.

У, эътикоф ўтирган масжидида еб-ичиши, ухлаши, савдо молини масжидга келтирмасдан олди-сотди қилиши мумкин. Бошқа кишига бу ишларни масжидда қилиш мумкин эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирганларида шундай қилганлар ва бу ҳожатларни масжиддан чиқмасдан бажариш мумкин.

У жим ўтирмайди. Фақатгина хайрли нарсаларни гапиради.

Эътикоф ўтирган одам оғзига мум солингандек жим ўтириши мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Эътикофдаги киши, намоз ўқиш, тиловат, зикр, ҳадис ўқиш, илм ўрганиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва бошқа Пайғамбарларнинг сийратларини, аҳли солиҳлар ҳақидаги хабарларни ўрганиш билан машғул бўлади.

Агар кечаси ёки унутиб бўлса ҳам жинсий алоқа қилиш эътикофни бузади. Шунингдек, фарждан бошқа ерга жинсий алоқа қилиш, ўпиш, ушлаш туфайли маний нозил қилса ҳам, эътикоф бузилади. Чунки, эътикоф ҳам худди намоздек нарса. Мазкур нарсаларнинг барчаси намозни бузади. Аммо нозил қилмаса, мазкур ишлар ўзи ҳаром бўлса ҳам, эътикоф бузилмайди. Аёл киши уйида эътикоф ўтиради.

Яъни, уйидаги намоз ўқийдиган ерида. Чунки, аёл киши учун энг қулай жой ўшадир.

Агар бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кунларнинг кечаларини ҳам ўтириш лозим бўлади.

Шунингдек, бир неча кеча эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кечаларнинг кундузларини ҳам ўтириш лозим бўлади.

Бунда шарт қилмаган бўлса ҳам, кетма-кет ўтирилади. Икки кунни назр қилган бўлса, икки кундуз ва икки кеча ўтиради. Наҳорнинг ўзини ният қилиш жоиз.

Эътикофнинг шартлари

1. Мусулмон, ақлли ва балоғатга етган бўлиши.

2. Ният.

3. Масжидда бўлиши.

4. Жанобат, ҳайз ва нифос қонларидан тоза бўлиш.

Эътикоф килган одамга мустахаб бўлган нарсалар

1. Намоз ва Куръон тиловати каби тоат-ибодатларни мўл қилиш.

2. Фойдасиз бўлган сўзлардан, жанжал, тортишув ва сўкинишдан сақланиш.

3. Масжид ичидаги бир ердан ажралмаслиги. Имом Муслим р.а Нофеъ разияллоҳу анҳудан қуйидаги сўзларни нақл қилди. Нофеъ деди: «Ибн Умар менга масжиддаги расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф килган ерни кўрсатди».

Эътикофдаги одамга мубоҳ (рухсатли) бўлган нарсалар

1. Зарурий эхтиёж учунгина ташқарига чиқиш.

Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Касални зиёрат қилмаслик, жанозада иштирок этмаслик, хотинларга қўл теккизмаслик ва улар билан ковушмаслик, зарурий эҳтиёжи учунгина ташқарига чиқиш, эътикофдаги одам учун суннатдир» (Имом Абу Довуд ривояти.

2. Масжидда унинг тозалигига риоя қилиш билан бирга  ейиш, ичиш ва ухлаш.

3. Эхтиёжсис сўзлаш ва бошқалар билан гаплашиш.

4. Сочни тараш, тирноқларни олиш, баданини тозалаш, чиройли кийимларни кийиш ва хушбўйланиш.

Оиша разияллоху анхо дедилар: «Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам эътикоф қилган пайтларида, хужрага бошларини киритар ва мен бошларини ювар эдим (бошка бир ривоятда: бошларини тарар эдим)» (Муттафақун алайҳ).

5. Эътикоф қилган еридан оиласини кузатиш учун чиқиш.

Софийя разияллоху анҳо расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай қилганларини ривоят килганлар.

Эътикофдаги одамга макруҳ бўлган нарсалар

1. Олди-сотти қилиш.

2. Ичида ва ташида гуноҳ бўлган сўзларни сўзлаш.

3. Ибодат деб эътиқод қилган ҳолда мутлақо сўзлашдан тийилиш.

Эътикофни бузадиган нарсалар

1. Масжиддан оз бўлса-да, ташқарига заруратсиз чиқиш.

2. Жинсий алоқа қилиш.

3. Телбалик ёки мастлик сабабли ақлсиз холатга келиш.

4. Муртадлик (Аллох бундан ўзи сакласин!).

5. Покликни кетказгани учун ҳайз ва нифос қонларининг келиши.

Эътикофга кириш ва эътикофдан чиқиш вақти

Эътикоф, масжидга кириш ва у ерда туриш билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилишни ният қилиш билан бошланади. Агар одам рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофга киришга ният қилса, масжидга рамазоннинг йигирманчи куни Куёш ботишидан аввал киради ҳамда рамазон ойининг охирги куни қуёш ботганидан сўнг эътикофидан чиқади. 

Эслатмалар:

1. Эътикоф қилишни нафл ўларок бошлаган, кейин эса эътикофини тўхтатган одам, эътикофининг қазосини қилиши лозим. Чунки расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаввол ойида эътикофининг қазосини қилган эдилар.

2. Хотин киши масжидда фитнадан саломат бўлиб, эридан изн олиш шарти билангина, эътикоф қилиши мумкин. Агар эридан рухсат олмай эътикофга кирса, эри уни масжиддан чиқариши мумкин. Эътикофнинг хотин-қизларга нисбатан хукми, эркакларнинг хукми кабидир. Бирок, хотин-қизлар хайз қони кўрсалар, эътикофлари бузилади. Агар қонлари тўхтаб, пок бўлсалар, эътикофини келган еридан охирига қадар давом эттирадилар. Эътикофдаги хотин-қизлар масжиднинг эркаклар намоз ўқимайдиган тарафида парда тўсиб олишлари суннатдир.

Оиша ра дан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва:

«Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссаломнинг мазкур ўн кунликда эътикоф ўтиришлари уларда Лайлатул Қадр борлиги учундир. Чунки ўн кечаю кундуз узлуксиз масжидда эътикоф ўтирган одам Лайлатул Қадрни топиши муқаррар.

Шунинг учун ҳам ҳозирда аҳли солиҳ кишилар доимо Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришга ҳаракат қиладилар. Имкони бор ҳар бир киши бу ишни қилса, жуда ҳам яхши бўлади. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Чунки У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умри шарифлари охирлаб қолганини сезиб, солиҳ амалларни кўпроқ қилишга ўтган эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари шунга ўхшаш ишларни кўп қилганлари маълум ва машҳур. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтиришни ирода қилсалар, Бомдодни ўқиб эътикоф жойига кирар эдилар. У зот капа қуришга амр қилдилар. Бас, қурилди. Рамазоннинг охирги ўнлигида эътикофни ирода қилган эдилар. Бас, Зайнаб ҳам ўзига капа қуришга амр қилди. У қурилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан бошқа завжалари ҳам ўзига капа қуришга амр қилдилар ва қурилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдодни ўқиб бўлгандан сўнг назар солдилар. Бирдан капаларни кўрдилар ва: «Яхшиликни ирода қиляптиларми?» дедилар.

Сўнг амр қилиб, ўз капаларини йиғиштирдилар ва Рамазонда эътикоф ўтиришни тарк этдилар. Кейин Шавволнинг биринчи ўн кунлигида эътикоф ўтирдилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирмоқчи бўлганларида масжидлари ичига кичик капа қурдирар эдилар.

Бир йили, бошқа ривоятларда айтилишича, Оиша онамиз ҳам У киши эътикоф ўтирганда, эътикоф ўтирмоқчи бўлибдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўраган эканлар, изн берибдилар. Сўнг Ҳафса онамиз ҳам Оиша онамиз орқали изн сўраган эканлар, у кишига ҳам изн берибдилар. Ҳафса онамиз ҳам ўзларига капа қурдирибдилар. Зайнаб бинти Жаҳш онамиз ҳам ўзларига эътикоф ўтириш учун капа қурдириб олибдилар.

Эътикоф ўтириш бошланадиган куни Бомдод намозини ўқиб бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтиришни бошлаш мақсадида капалари томон юзлансалар, унинг яқинида бир неча капалар турибди. Шунда:

«Бу(аёл)лар яхшиликни ирода қиляптиларми?» дептилар-да ўз капаларини йиғиштириб қўйишни буюрибдилар. Эътикоф ўтирмаптилар. Чунки, масжид ичида капа кўпайиб кетса, намозхонларга халал бериши турган гап. Бунинг устига эътикоф ўтиришдан асосий мақсадлардан бири аҳли аёлдан бутунлай ажраб, Аллоҳга ибодат қилиш.

Мазкур ҳолатда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун бу мақсад ҳосил бўлмайдиган кўринган.

Учинчидан, масжидга турли одамлар кириб чиқади, агар оналаримиз капа қуриб ўтирсалар, унга кириб чиқиб турсалар ўнғайсиз ҳолга тушишлари мумкин.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Эътикоф масжидда бўлиши.

2. Эътикоф ўтирувчи ўзига капа қуриб олса яхши бўлиши.

3. Эътикоф Бомдоддан кейин бошланиши.

4. Баъзи фойда учун ёки ноқулайликнинг олдини олиш учун бошламоқчи бўлган ишни қолдириш мумкинлиги.

5. Узр туфайли Рамазон охирида эътикоф ўтира олмаган одам Шавволнинг охирида ўтирса ҳам бўлиши.

6. Аёл киши ўз эридан сўраб эътикоф ўтириш керак. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар, у кишига тавба устуни ортига тўшак солиб ёки сўри қўйиб берилар эди».

Ибн Можа ишончли санад ила ривоят қилган. 

София розияллоҳу анҳо айтдиларки:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Мен кечаси у кишининг зиёратларига келдим, бироз гаплашдим, сўнг уйим томон турдим. У киши мени кузатгани мен билан турдилар. (У кишининг уйи Усома ибн Зайднинг масканида эди). Бас, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икковингиз шошилманг, бу (аёл) София бинти Ҳуяййдир», дедилар.

«Субҳаналлоҳ! Эй, Аллоҳнинг Расули!» дейишди.

«Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишидан қўрқдим», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Эътикоф масжидда бўлиши.

2. Аёл киши кечаси бирор жойга борса жоизлиги.

3. Эътикоф ўтирган кишини хотини зиёрат қилса жоиз.

4. Эътикоф ўтирган шахс ўз зиёратчиси билан гаплашиб ўтирса мумкинлиги.

5. Эътикоф ўтирган киши ўз зиёратчисини кузатиб чиқса бўлиши.

6. Кишилар кўнглига ёмон гумон келтириши мумкин ишларда эҳтиёт бўлиши кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги икки киши қоронғида аёл киши билан турганликларини кўриб, ҳар хил хаёлга бормасин деб аёл ўз хотинлари эканлигини айтиб қўйдилар.

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига меҳрибонликлари. Уларга гуноҳ бўлиши мумкин нарсанинг олдини олишлари.

8. Ажабланганда «Субҳаналлоҳ» дейиш жоизлиги.

9. Шайтон инсонда қоннинг йўлида юриши, унинг иғвосидан жуда ҳам эҳтиёт бўлиш лозимлиги.

ЭЪТИКОФ УЧУН РЎЗА ШАРТМИ?

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, мен жоҳилият даврида Масжидул Ҳаромда бир кеча эътикоф ўтиришни назр қилган эдим» , деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Назрингга вафо қил. Бир кеча эътикоф ўтир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жоҳилият давридаги назрга ҳам вафо қилиш керак.

2. Рўзасиз эътикофга ўтирса бўлади. Чунки кечаси рўза йўқ.

3. Масжидул Ҳаромда эътикофга ўтирса бўлади. Аммо жумҳур уламолари, жумладан, Имом Абу Ҳанифа ҳам рўзасиз эътикоф бўлмайди, дейдилар. Уларнинг далиллари келгуси ҳадиси шариф.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят:

«Эътикоф ўтирувчи учун бемор кўргани бормаслик, аёл кишига қўл тегизмаслик ёки қучоқламаслик, зарур бўлмаган ҳожат учун чиқмаслик суннатдир. Рўзасиз эътикоф йўқ. Жомеъ масжиддан бошқа жойда эътикоф йўқ».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Эътикофнинг суннатига хилоф иш қилган одамнинг эътикофи бузилади.

Эътикоф ўтирган одамга рўза шарт, деганларга ушбу ҳадис, шарт эмас, деганларга олдинги ҳадис далилдир.

Эътикофга жомеъ масжид шарт, деганлар ушбу ҳадисни далил қилиб олганлар. Баъзилар уйдаги намозгоҳда, хусусан, аёллар эътикоф ўтирса жоиз, дейдилар.

Нажоҳ ал Ҳалабийнинг “Фиқҳул ибадат” китобида айтилишича нафл эътикоф учун рўза шарт эмас дейилади, ундан бошқалари учун шартдир

 

Сурайё Ибрагимова

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти катта ўқитувчиси 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Эътиқод остонасидаги “троя оти”

07.04.2025   1411   33 min.
Эътиқод остонасидаги “троя оти”

Ёшлар учун муқаррар офат, юрт учун улкан хатар

 

Диний радикализм. Бу ижтимоий феноменга беписандлик қилиш ёки уни ижтимоий тажриба сифатида синаб кўриш, ўта хатарли. Ҳозирга қадар бундай уринишларнинг деярли барчаси ҳалокатли зилзиладан кўра, каттароқ фожиаларга сабаб бўлган. Аммо бир неча йиллардан бери, бирор-бир юртни истило этиш, итоатда тутиш, ҳудудий яхлитлигига рахна солиш, мустақиллигидан қисман ё тўла жудо этиш учун диний радикализм омилидан фойдаланишга уринишлар кузатилади. Шу сабаб, франсуз шарқшуноси, сиёсатшунос ва диншунос эксперт – Оливье Руа истеҳзо билан: “Ислом радикаллашаяптими ёки радикаллашув исломлашаяптими?..” деган эди.

 

Бугунга келиб, диний радикализм – истилочиликнинг янги бир тури сифатида кашф этилди. У жамият аъзоларининг руҳий ҳолати ва хулқидаги салбий ўзгаришларга, тизгинсиз эҳтиросга, ақл-идрок ва мантиққа зид, ҳатто паранойяга мойил ҳолатга, қўрқув, таҳдид ёки ахборот манипуляцияси билан юзага келадиган оммавий психозга ҳам сабаб бўлмоқда.

 

Диний радикализм, илм-маърифатдан ортда қолган, ҳунарга рағбат қилмай, жаҳолатга ботган халқлар учун “Троя оти” сингари кулфат манбаидир. Чунки, у туб ўзгаришни мақсад қилган ғоялар ва ҳаракатларга эврилгач, экстремизмни, прозелитизмни ҳатто миссионерликни озиқлантирувчи ўғитга айланиб, терроризмни қўллаб-қувватлайди.

 

Иқтисодий танглик ёки коррупция мамлакат тараққиёти ва мустақиллиги учун қанчалик жиддий хатар бўлса, диний радикализм унлардан-да кескинроқ хавф туғдириб, давлат тақдирини савол остида қолдириши мумкин. Буни айрим давлатлар мисолида кўриб турибмиз.

 

Радикализм фақат динга оид...ми?

 

Йўқ. Унинг кўплаб шакллари бор. Асосий шакллари сифатида қуйидагилар тилга олинади: Диний-сиёсий қарашлар асосида мавжуд тизимни ўзгартишни истовчи, экстремистик ташкилотлар ёки ҳаракатларга айланиб, терроризмга сабаб бўладиган диний радикализм.

 

Сиёсий ёки ижтимоий тизимга қарши бўлиб, социализм, коммунизм, фашизм ва анархизм сингари сиёсий ҳаракатларни туғдирадиган сиёсий радикализм.

 

Радикал феминизм ва ЛГБТ ғояларига ўхшаш қарашлар билан жамият ижтимоий таркибини емирувчи, ирқ, жинс, синф ёки бошқа ижтимоий муаммоларга нисбатан муросасиз бўлган ижтимоий радикализм.

 

Этник гуруҳ ҳуқуқларини таъминловчи ёки бошқалар билан муносабатлардаги устувор талабларни акс эттирувчи, миллий-ирқий ўзликни ҳимоя қилиш заруратидан келиб чиқадиган этник радикализм.

 

Жамиятнинг экологик қонун-қоидаларига қарши, табиатни ҳимоя қилиш ё табиий ресурсларни асраш мақсадида жаҳон ёки маҳаллий миқёсдаги тизимларни ўзгартиришни талаб этадиган экологик радикализм.

 

Янги технологияларни татбиқ қилишни, турмуш тарзини ёки ишлаб чиқариш усулларини ўзгартиришни талаб этадиган технологик радикализм.

 

Динга, диний эътиқодга нисбатан муросасиз ёндашувда бўлган, диний ғояларни рад этиб, уларга қарши фаол курашадиган атеистик радикализм.

 

Бу шаклларни боғлайдиган умумий жиҳат ягона бироқ диний радикализмнинг ижтимоий ҳодисага айланиш эҳтимоллиги ҳамиша юқори.

 

Қолаверса...

 

Ҳар бир ижтимоий ҳодисани илмий тадқиқ этиб, ўз манфаати йўлида қўлловчилар бор. Сўз бирор неъматни тортиб олиб ёки ўғрилаб эга чиқишни афзал кўрадиган ва бу йўлда ҳар қандай разилликдан қайтмайдиган кимсалар ҳақида бормоқда. “Уларнинг радикаллашув жараёнига нима алоқаси бор”, деганга жавоб шундай: улар моддий-маънавий неъматлар ва инсон ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлдириши учун шу йўлни танлайди, афсус.

 

Диний радикализмни дастаклаш учун бошқа объектив ва субъектив сабаблар ҳам бор. Илм-ҳунар ривожланиб, жамият тараққиётига диний қарашлар тўсиқ бўлмаган, иқтисод ва саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар гуллаб-яшнай бошлаган давлатлар, истеъмолчилик қисматидан қутилиб, ишлаб чиқарувчига айланади. Бу эса, дунё бозорини эгаллаб олган, савдо урушида шафқатсиз, ер ости, ер усти ва инсон ресурслари истеъмолида улкан эҳтиёжга эга ғирромларга ёқмайди. Негаки, ёлчитиб бирор-бир маҳсулот ишлаб чиқармаган, ҳатто оддий михга муҳтож “учинчи дунё мамлакатлари” қаторидаги бир давлат, ўз ривожи йўлига қўйилган барча тузоқлардан эсон-омон ўтиб, тараққий эта бошлади.

 

Нима деб ўйлайсиз?

 

Тайёр бойликдан жудо бўлаётган ғирром бунга жим қараб турадими?

 

Албатта йўқ. Бундай давлатни тараққиётдан тўхтатиш учун барча имкониятлар ишга солинади. Гуманитар инқирозни келтириб чиқариш, савдо уриши, озиқ-овқат эмбаргоси, техника ё хизматларга нисбатан санкциялар, ҳарбий чекловлар қўлланилиб, ҳатто жаҳон ҳамжамиятини ишонтирадиган бирор-бир баҳона билан тўғридан-тўғри босқин уюштиришгача бўлган найранглар ўйланади. Диний радикал гуруҳларни қўллаб-қувватлаш шундай найрангларнинг бири бўлиб, натижада босқинга кенг йўл очилади.

 

Диний радикализм истило учун баҳона...ми?

 

Ҳа, шундай. Негаки, глобаллашув ва оммавий ахборот воситалари, кино, мусиқа ва брендлар воситасида миллий ғоя билан миллий маданиятни йўққа чиқарадиган, мафкуравий мустақилликка таҳдид соладиган, ахлоқни бузиб, сиёсий беқарорликни юзага келтирадиган, истеъмолчилик кўникмасини шакллантириб, иқтисодий таназзулга етаклайдиган “оммавий маданият” омилининг “меваси”ни узоқ кутиш керак.

 

Қолаверса, бирор сиёсий ҳаракат мақсадини белгилаб, лидерлар ва ташкилий гуруҳ иштирокида ахборот кампаниясини ташкил этиб, кучли ва таъсирли шиорлар, тамғалар ва рамзларни ишлаб чиқиш, пухта стратегик режа билан иш юритиб халқ хайрихоҳлигини қозониш улкан харажатсиз бўлмайди.

 

Бирор-бир юртни талон-тарож этиш мақсадида миллий-маданий бирликни таназзулга етаклайдиган, давлат манфаатларини заифлаштирадиган, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни кучайтириб, ватанпарварликни сусайтирадиган космополитизм сингари ғоялар тарғиби учун сармоя тикиб мақсадга етиш ҳам осон эмас. Диний радикализм омили эса, бу мақсадга анча осон эриштиради. Онгсиз мавжудотлар ўргатилиб, онгли мавжудотлар ишонтириб бошқарилиши инобатга олинса, истилочилар учун радикаллашув омилининг жуда кўп афзалликлари бор. Турли найранглар билан ёқилган бу гулхан алангаланиб олса бас, кейин ўтин танламайди. Миллати, бой ё фақирлиги, кекса ёки ёшлиги, баркамол ёхуд ногиронлигидан қатъий назар, эркаклар, аёллар ҳатто кексалар ва болаларни ҳам ўз домига тортаверади.

 

Диний радикализмни қўллаб-қуватлаган лойиҳалар бор...ми?

 

Албатда бор. Ҳозиргача бир қанча давлатлар диний радикализмни қўллаб-қуватлаш борасида қон тўкилиши ва хўрликларга сабаб бўлган кўплаб лойиҳаларни синаб кўрган. Уларнинг аксари ё тасодифан ёки атай оммага очиқлаб ҳам қўйилган. Мисол тариқасида айримларини айтиб ўтамиз.

 

Собиқ Совет Иттифоқи Афғонистонга бостириб кирганидан сўнг, 1979–1989 йиллар мобайнида АҚШ ва Британия махсус хизматлари амалга оширган “Циклон операцияси” шундай лойиҳаларнинг бири бўлган.

 

Афғон мужоҳидларини қурол ва маблағ билан таъминлаб, диний радикал гуруҳларнинг шаклланишга кўмак кўрсатган бу лойиҳа, охир-оқибат “Ал-Қоида” ва “Толибон” каби экстремистик, террористик ва диний радикал гуруҳларнинг пайдо бўлишига олиб келган. Иқтисодиёт ва тинчлик институти маълумотларига кўра, ИШИД ва унинг бўлинмалари 2024 йили 22 мамлакатда 1800 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган.

 

1990–2000 йиллар мобайнида Чеченистондаги сепаратистларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ғарб разведка агентликлари, хусусан, МРБ ва МИ-6, Чечен радикал жангариларини Россияга қарши восита сифатида қўллаб-қувватлаб, маблағ ва қурол билан таъминлаган.

 

2011–2020 йиллар мобайнида Сурия ҳукуматини қулатиш мақсадида АҚШ ҳамда Британия томонидан Ироқ ва Суриядаги диний радикал гуруҳларга тўғридан-тўғри амалий ёрдам кўрсатилган. Натижада радикал исломий ташкилот бўлган ИШИД янада кучайган. Айни вақтга келиб, 30 мамлакатда фаолият юритаётган ИШИД ва Покистон толиблари террористик гуруҳининг кенгайиши қайд этилмоқда. 2024 йили 4200 дан ортиқ киши бу гуруҳларнинг қурбонига айланган.

 

2011 йили Ливияда ҳукмрон режимига қарши бўлган диний радикал гуруҳлар қурол ва маблағ билан таъминланган. Лойиҳа устидан назоратнинг йўқотилиши эса, бу гуруҳларнинг Ливияда ҳалигача давом этаётган беқарорликни келтириб чиқишига сабаб бўлган.

 

2012–2017 йилларда Суриядаги диний радикал жангариларни қўллаб-қувватлаш учун Моссад, МРБ ва Ғарбнинг бошқа разведка агентликлари “Operation Timber Sycamore” лойиҳасини амалга оширган.

 

Бундай лойиҳаларни яратувчилардан бири

 

АҚШ президенти Жимми Картернинг 1977–1981 йилларда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси, “Буюк шахмат тахтаси” ва “Стратегик нигоҳ” сингари машҳур асарлар муаллифи Збегнев Бжезинский.

 

У ўзининг геосиёсий стратегиясидан келиб чиққан ҳолда, диний радикал гуруҳларни қўллаб-қувватлашни ёқлаган. АҚШнинг глобал геосиёсий мақсадлари ҳимоясида радикал ғоялардан ҳам фойдаланиш ташаббусини ўз асарларида ҳам илгари сурган. Кейинчалик, собиқ иттифоқнинг Афғонистонга бостириб киришига қарши диний радикал гуруҳларни ривожлантириш лойиҳаси оқибатни кўргач, радикаллаштириш лойиҳалари бўйича синовларнинг назоратдан чиқиб кетиши мумкинлигини ҳам тан олган.

 

Чунки, бу тажрибалар мобайнида қўллаб-қувватланган диний-радикал гуруҳлар ўз ҳомийларига қарши чиқиши натижасида глобал терроризм пайдо бўлди. “Ал-Қоида” ташкилоти эса, глобал миқёс касб этиб, 2001 йилнинг 11 сентябрида АҚШда мислсиз фожианинг содир бўлишига сабаб бўлди.

 

Диний радикал гуруҳларнинг кучайиши Афғонистонда, Ироқда, Сурияда, Ливияда, Яманда, Африка ва Осиё қитъаси ҳамда Океания минтақасидаги айрим давлатларда беқарорликка туртки бериб, урушларни келтириб чиқарди. Турли террор актларининг содир этилишига, геосиёсий кескинлик ва ҳарбий можароларнинг бошланиб кетишига олиб келди. Натижада, қочқинлар муаммоси ва гуманитар инқирозлар юз берди. Сурия, Ироқ, Афғонистон ва Африкадан миллионлаб қочқинлар Европа ва бошқа минтақалардан бошпана излашга мажбур бўлди. Яна миллионлаб кишилар очарчилик, турли касалликлар ва зўравонликлардан азият чекаётир.

 

Диний радикаллаштириш бўйича қўлланилаётган усуллар

 

Таҳлиллар дунёда бир неча ўн йиллардан бери оилалар, миллатлар ва халқлар, айниқса ёшлар, ахборот ёрдамида радикаллаштирилаётганига далолат қилади. Негаки, ахборот чиндан ҳам бу борада самарали омил. У фейк – ёлғон хабарлар, дезинформация – қасддан тарқатиладиган нотўғри маълумотлар, маълум бир мафкура, масалан сохта салафийлик ғоялари тарғибини кўзлайдиган ахборот манипуляцияси усулларига эга.

 

Қолаверса, маълум аудиторияга мослаштирилган радикал-экстремистик материалларнинг яратилиши ва тарқатилишини таъминлайдиган диний радикал контентларни оммалаштириш усули ҳам бор.

 

Интернет орқали радикаллаштириш усули эса, турли бот ҳамда радикал қарашларни оммалаштирувчи “тролль фабрикалари”, кибер-жанг ва хакерлик ҳаракатларидан, радикал ғояларни муҳокама қилиш ва тарқатиш учун ҳисса қўшиши мумкин бўлган махсус гуруҳлар ва форумларнинг платформаларидан самарали фойдаланишни ўргатади.

 

Бундан ташқари, ҳиссий ва психологик таъсир усули ҳам бор. Унда жамиятда хавотир ҳиссини кучайтириш учун таҳдид омилидан фойдаланиш, “Биз ва улар” концепцияси воситасида ёшларни радикаллаштириш ва радикал ҳаракатларни кенг ёйиш кўзда тутилади.

 

Яна маданият ва таълим, ижтимоий фанлар, фильмлар, мусиқа ҳамда адабиёт воситасида мутаассиб қарашларни шакллантириш усули ҳам мавжуд. Ҳозирга қадар тадқиқотчилар томонидан аниқланган бу усуллар, радикалистик, экстремистик ва террористик тарғибот лойиҳаларини амалга оширишда, ўз буюртмачиларига сезиларли қулайлик берган. ИШИДнинг онлайн тарғибот лойиҳаси эса, бунга яққол мисолдир.

 

Ўз вақтида ИШИД ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни жалб қилиш учун махсус медиа марказ ташкил қилиб, форумлар ва бир қанча мобил иловалар орқали иш юритган. Бу ҳаракат ҳануз давом этмоқда.

 

“Ал-Қоида” террористик ташкилотининг “Ас-Саҳаб” медиа маркази глобал радикаллашувни қўллаб-қувватлаш учун минглаб тарғибот материалларини ишлаб чиққан. “Ал-Қоида”нинг Сомалидаги “Аш-Шаббоб” ёки Ямандаги “Араб ярим ороли” қанотига қарашли медиа марказ ҳануз фаол.

 

“Нашида” усули

 

Ички ишлар вазирлиги экспертлари берган маълумотларга кўра, нашидага ўхшаш қўшиқлар билан радикаллаштириш усули ишлаб чиқилган ва у бир неча босқичдан иборат. Бунда дастлаб маром ва оҳанги уйғун, киши руҳини кўтарувчи мусиқа яратилади. Мумтоз нашидалардан фарқ қилмаслиги учун уларга ҳамоҳанг ҳам қилинади. Шу боис, араб тилини тушунмайдиганлар уни оддий нашида деб ўйлаб, ёдлаб олгиси келади.

 

Бу жараён тингловчи билан психологик алоқа ўрнатиш, деб аталади.

 

Кейинги босқичда, нашида кирилл ё лотин ёзувида таржимасиз транскрипсия ҳолида тарқатилади. Натижада, нашида матнини ўқиган аксар киши уни ёдлаб олади. Нашида ғояси онги остидан шу тариқа жой эгаллайди.

 

Учинчи босқичда эса, ақидадан йироқ, радикал диний қарашлар билан тўйинган “нашида”нинг араб тилидаги матни таржимаси билан тарқатилади. Бу босқичга етиб келган киши, манипуляция натижасида радикалистик, террористик ва экстремистик қарашларга мойил бўлиб қолади.

 

Ўзбекистон Республикасининг бунга қарши курашишни кўзда тутган қонунига кўра, бундай “нашида”ларни эшитган ва тарқатганлар билан дастлаб профилактик суҳбат ўтказилади. Бу ҳол яна такрорланса, маъмурий жавобгарлик, ундан кейин эса жиноий жавобгарлик қўлланилади.

 

Айримлар буни ўта қаттиқ чорадай талқин этади. Аммо ундаймас. Аслида, ҳозирга қадар ўта қаттиқ чоралар, фақат радикал ғоялар ҳукмрон бўлган ҳудудларда кузатилган. Бундай жойларда террористик ғояларига зид материалларни тарқатган, сақлаган, тинглаган ва кўрганлар сўзсиз қатл этилган. Бунга инкор қилиб бўлмас далиллар бор.

 

Бугуннинг “Қадимчилар”и

 

Жаҳолат илдиз отган ижтимоий муҳит диний радикализм учун жуда қулай. Диний қарашлар билан ўта уйғунлашган миллий қадриятларга, анъаналар ва урф-одатларга “патологик хаста” даражасида садоқатли, бирор-бир радикал оқимга қаттиқ боғланган, на диний, на дунёвий илми бўлмаган, дунёқараши “раҳнамо”лар таъсирида шаклланган, арабча айтганда “Самиъна ва атоъна” яъни “эшитдик ва иқрор бўлдик”, деган тамойилга амал қилувчи кишилар радикал муҳит гулханига мой сепувчилардир.

 

Бундай кишилар, мутаассиб диндорлар туфайли XIX аср охири ва XX аср бошларида Марказий Осиё, Қозоғистон, Татаристон ва Қофқозда фаолият кўрсатган “Қадимчилар”ни эсга солади. Бу ҳаракат аъзолари жадидча ислоҳотларни диний анъаналарга зид деб билгани учун Туркистонда оғир оқибатларга олиб келган фитналар содир бўлган эди.

 

Бугун ўзини жамиятдан ажратиб, ўлкада кенг тарқаган мазҳабга эргашмаётган, кийиниш ва хулқ-атворда “ғалат”лик касб этган, давлат хизматини ножойиз санаб, аёлларнинг таълим олишини ва ҳунар эгаллашини истамаётган, мияси “Авгий отхонаси”дан фарқ қилмай қолган кишиларнинг ўша “Қадимчилар”дан нима фарқи бор?

 

Радикализмни дастаклайдиган сохта даъватчилар

 

Радикал даъватчиларга эргашишдан наф, ундан истилочиликнинг бир усули сифатида фойдаланиб турганларга, яна динни тижоратга айлантирган сохта даъватчиларга бор, холос. Гарчанд уларнинг аксари хорижда бўлса-да, интернет берган имконият туфайли юрт ичида ҳам диний радикал ғояларни тарғиб этаётгани жавонибидан, ҳам ички, ҳам ташқи таҳдиддир.

 

Имом Шофий роҳимаҳуллоҳнинг “Қирқ олимни бир далил билан енгдимбир жоҳилни қирқ далил билан енголмадим” деган гапи, виртуал оламда онлайн воизлик қилаётган радикал даъватчиларга нисбатан айтилгандай, гўё. Уларга ишониб, жувонмарг бўлганлар эса, сон-саноқсиз.

 

Бу эса, эксперт Ной Такернинг “Диний радикализм ҳақидаги мифлар ҳукуматларнинг секуляризм сиёсатини оқлаш учун ишлатилади”, деган сўзларини шубҳада қолдиради. Бу сўз кишига бир томонлама ёндашувдай, диний радикал ҳаракатларни оқловчи баёнотдай эшитилади, гўё.

 

Алоҳида таъкидлаш лозим бўлган яна бир омил

 

Диний китоблар нашри билан боғлиқ масала. Бугун мамлакат миқёсида диний адабиётларни нашрга тайёрлаш ҳуқуқидан олти юзга яқин нашриёт фойдаланмоқда. Ўттиздан ортиқ нашриётлар диний адабиётларни тайёрлаш ва таржима қилиш билан фаол шуғулланади[10].

 

Бу нашриётларда кимлар хизмат қилаётгани, диний билимга эга муҳаррирлар, мусаҳҳиҳлар, дизайнерлар, саҳифаловчилар бор ё йўқлиги, чоп этилаётган диний адабиётларда ақида, мазҳаб, тариқат масалаларига нечоғлик эътибор берилиши, сўз ўйинлари ё очиқ-ойдин хатоликлар билан сингдирилиши мумкин бўлган диний-мафкуравий ғояларга нисбатан муҳаррирларнинг ҳаммасида ҳам иммунитет бор йўқлигига, ижобий жавоб йўқ. Шунинг учун диний мавзудаги китобларни нашрга тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланадиганларнинг фаолияти муайян талаблар билан алоҳида лицензияланадиган фаолият турига айлантирилиши эл учун хайрли бўларди.

 

Босқин фалсафаси

 

Ҳа шундай ибора бор. Бирор халқни босиб олиш ва давлатни истило этишни оқловчи фалсафий қараш у. Унга кўра, истилочи – халоскор, босқинчи – адолат курашчиси. Бунга фалсафага мисолни ўтган асрдан, ўз халқимиз бошидан ўтказган қора кунлардан излаш кифоя.

 

Ўз-ўзидан бирор-бир ҳудудни “меники”, деб эгаллаб олиш амримаҳол. Босиб олиш учун барчани бирдек ишонтира оладиган баҳона керак. Башарият асрлар мобайнида бундай баҳоналарнинг кўпига гувоҳ бўлган.

 

Инсон ҳуқуқларининг топталиши, демократик қадриятларнинг таъқиб этилиши, болалар ҳуқуқининг бузилиши, аёлларга шафқатсизликнинг ҳаддан ошгани, оммавий қирғин қуролларига эгалик, диний, ирқий, этник озчиликнинг таъқиб этилаётгани, радикал муҳитнинг халқаро террорчилар учун қўл келаётгани, умуминсоний ахлоқ нормаларига риоя этилмаётгани каби баҳоналар айрим давлатларга босқинчиларнинг кириб келишига, баъзиларнинг яккалаб қўйилишига сабаб бўлган.

 

Диний эркинлик баҳонасида радикал қарашларни дастаклайдиган ёвуз кучлар учун ер ости, ер усти ва инсон ресурсларига бой бўлган ёки геостратегик жиҳатдан қулай нуқтада жойлашган ҳудудларда диний радикализм урчиши, айни муддао. Улар кўз остига олган бирор-бир давлатда, бу ижтимоий ҳодисани келтириб чиқариш ва қўллаб-қувватлаш учун иқтисодий, сиёсий, диний, илмий, ҳуқуқий ҳатто ҳарбий кўмак кўрсатишга ҳам тайёр. Муҳими, диний радикализм илдиз отса бас. Кейин эса, радикализм домида қолган давлат ҳақида хунук хабарлар тарқатилиб, чуқур инқироз юзага келганига барча ишонтирилади.

 

Афсуски, диний радикал муҳит ривожланган жойда, охир-оқибат бундай инқироз чиндан ҳам содир бўлади. Натижада, босқинга баҳона туғилади.

 

“Демак, бу балодан қутқарувчи валломат бор экан-да”, деб ўйлаётган бўлсангиз, чучварани хом санабсиз. Яқин тарих гувоҳ: бундай баҳоналар билан кириб келган босқинчилар адолатни тиклаш ё зулмни бартараф этиш биланмас, ер ости ва ер усти ресурсларини талон-тарож қилиш, инсон ресурсларидан эса ўз манфаати йўлида фойдаланишдан нарига ўтмаган.

 

Бу гапларни инкор қилувчилар ҳам бор. Ундайларнинг фикрича, босқин тараққиётга ҳам хизмат қилади. Агар чиндан шундай бўлса, миллий ўзликка, миллий ғояга, миллий менталитетга, она тилига, ахлоқ ва миллий қадриятларга, урф-одатлар, анъаналар ва миллий тарихга қаттиқ зарба бериш эвазига тақдим этилган бундай тараққиётнинг товони, аниқ қимматга тушади.

 

Радикаллашувга қарши курашда эътиборталаб жиҳатлар

 

Бирор бир ахборот манбаини тўсиб қўйиш муаммони ҳал қилмайди. Радикал ғоя тарғиботчилари билан виртуал полигонда юзма-юз туриш лозим. Бу уларга басма-бас тайёрланадиган медиа маҳсулотлар билан амалга оширилади. Шу боис, виртуал оламда фаол ахборот манбаларининг бу курашдаги ўрни беқиёс. Афсуски, ўзбек тилли контентлардаги аҳвол кишини мамнун этмайди. Ушбу йўналишда хизмат қилаётган айрим марказларда интернет йўналишини назарда тутган штат бирликлари етишмаслиги сабабли, “ҳашар” билан иш тутилади. Қолаверса, таҳлил, суриштирув, телеочерк, радио очерк, телевизион эсселар, ҳужжатли фильмлар, қаҳрамоннинг психологик кечинмалари ва хулосаларини очиқлайдиган фильм-портрет жанрларида медиа маҳсулотлар яратиш борасидаги ижодий ташаббуслар бюрократик тўсиқлар туфайли амалга ошмай қолаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

 

Диний радикализм ҳодисаси ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, геосиёсий, диний-маърифий таҳлилларда акс этган давра суҳбатлари, ток шоулар ва подкастларга интернет нашрлари, телерадиоканаллар, газета ва журналлардан ўрин ажратилиши ёшларнинг моҳиятни англашида жуда муҳим.

 

Нега-ки, радикал ғоялар “25-кадр” назарияси, онг ости тарғиботи, нейролингвистик дастурлаш, “Метафора ва тарихий аналогиялар”, “тақиқланган мева эффекти” сингари юзлаб усуллар билан сингдирилмоқда. Шу боис, ахборот-таҳлил ва медиа марказлар ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари тасарруфидаги оммавий ахборот воситаларининг ролини инобатга олган ҳолда ҳаракат қилиш вақти етди.

 

Муваффаққиятли қадам

 

Сўнги йилларда “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси остида, реабилитацион характердаги суҳбатлар тез-тез ташкил этилмоқда. Бу ҳолат диний-маърифий муҳитни соғломлаштиришда муваффақиятли қадам сифатида эътироф этилиши шарт.

 

Нега?

 

Тасаввур қилинг: улкан тўйхонадасиз. Ҳофизлар қулоқни қоматга келтиради. Бирга ўтирганлар билан суҳбатлашиш нари турсин, ҳол сўраш ҳам амримаҳол. Ахборот тарқатиш ва қабул қилишда бугунги жамиятнинг аҳволи ҳам шундай.

 

Сони бир неча мингларни ташкил этаётган ахборот манбалари: веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, мобил иловалар, телерадиоканаллар, газеталар, журналлар ва китоблар сабаб, зарур чақириқни, огоҳлантиришини ё мақтовини ўз вақтида илғаб олиш имкони кам.

 

Хўш, шу ҳолда кимгадир зарур гап қандай етказилади?

 

Олдига бориб, қулоғига шивирланади, албатта. Тарғибот тадбирлари ва реабилитацион характердаги суҳбатлар ҳам шунга ўхшайди. Ҳар қанча шовқинга қарамай, керакли кишига аталган гап, аниқ етказилади.

 

Воизнинг иқтисодий, сиёсий, геосиёсий, гуманитар, этник, ирқий, диний ва ғоявий-мафкуравий жиҳатларни пухта билиши эса унга устунлик беради. Воиз вазифаси махсус гуруҳлардан ташқари, гоҳида ёзувчиларнинг, журналистларнинг, мактаблардаги синф раҳбарларининг, профессор-ўқитувчиларнинг, олий таълим муассасаларидаги тютерларнинг, кино соҳаси вакилларининг ҳамда маҳалла идораларида хизмат қилаётганларнинг ҳам зиммасига тушади, гоҳида. Демак, уларнинг, яна жамиятнинг маълум бир қатлами билан мулоқотда бўлиш имконига эга бўлган бошқаларнинг, блогер ва влогерларнинг диний радикализм борасидаги тушунча ва тасаввурларини кенгайтирадиган қисқа муддатли малака ошириш ўқувларига эътиборни янада кучайтириш, бунда энг улкан урғуни ҳуқуқий билим беришга қаратиш лозим. Чунки, содир этилаётган диний экстремистик мазмундаги жиноятларнинг аксари, (айниқса, лайк босиш ва тарқатиш) ҳуқуқий билимнинг етишмаслиги натижасида содир этилмоқда.

 

Нега энди “киночи”лар?

 

Биринчидан, томошаларнинг энг катта қисми сериалларга тўғри келади. Иккинчидан, томошабиннинг аксари уй бекалари – аёллар. Учинчидан, бола тарбияси, билими, ахлоқи, эътиқодга отадан кўра кўпроқ таъсир ўтказиши мумкин бўлган оналарни унутмаслик лозим. Чунки, ёшлар онгини эгаллашга ҳаракат қилаётган радикал ғояларга қарши курашда, холис ахборот билан қуролланган оналардан кўра яхшироқ курашчи йўқ.

 

Тадқиқотчилар сериаллар, мультфильмлар ва бадиий фильмларнинг диний эътиқодга, психология ва дунёқарашга кўрсатиши мумкин бўлган таъсирини аллақачон исботлашган. Йиллаб давом этадиган сериаллар соғлом ёки радикал ёхуд ахлоққа зид ғояларни сингдириши мумкин. Улкан ҳажмда тайёрланиб виртуал оламга сингдирилаётган салбий медиа маҳсулотларнинг оқибатни бартараф этиш учун кино соҳаси вакилларининг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратиш шарт.

 

Диний мавзудаги видео ва аудио роликларнинг кузатувчиси кўп. Бу эътиқодни тижоратга айлантирган кимсаларга қўл келиб, дунёвий илм-ҳунар ва банк хизматини бойкот қилишга чақирадиган, дунёвий давлат тузумини инкор этиб, жиноятга ундайдиган роликларнинг урчишига сабаб бўлмоқда. Шундай экан, уларга нисбатан “ғояга қарши ғоя” усулида жавоб қилиш, миллий сериалларнинг эътиқодга, ахлоққа, таълим-тарбия ва дунёқарашга кўрсатадиган ижобий имкониятидан фойдаланиш лозим. Токи, яратилаётган сериаллар ва ёзилаётган сценарийлар бу омилнинг жамият учун қанчалик хатарли эканлигини оналарга англата олсин.

 

Мисол

 

– Қўшнимнинг биттагина ўғли бор, – дейди бир дўстимиз, – ҳовлисида бақир-чақир бўлганини ёки ким биландир “сен-мен”га борганини кўрмаганмиз. Шу кишига кўз тегиб, интернетдаги мутаассиб бир воиз таъсирига тушган келини “ҳунар” чиқарди. Эрига “ота-онангизга хизмат қилишга шаръан мажбур эмасман”, дебди. Уйидан жанжал аримай қолди.

 

У бўлди, бу бўлди, хуллас иш ажримгача борди. Ўртада икки гўдак бор. Охири, ота-она “гўдаклар бўзлагунча, биз ўз кунимизни кўрайлик” деди шекилли, ўғилни қолдириб кўчиб кетишди. Кейинроқ, келин реаблитация гуруҳи вакилларидан бирига йўлиқибди. Натижани қаранг, қайнота-қайнонасидан кечирим сўраб, қайтариб олиб келишди.

 

Бу гап бироз бўрттирилган, муболағага қоришганга ўхшар, эҳтимол. Аммо аксарият оилалар бу каби муаммолар билан юзма-юз келаётгани бор гап. Ижодкорлар ва зиёлилар билан бўлган учрашувда ана шундай жиҳатларни назарда тутган Янги Ўзбекистон Президенти “Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт...”, деган эди.

 

Мунозараларнинг оқилона ечими

 

“Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси – миллат, халқ ва давлат ривожига кенг йўл очаётган Янги Ўзбекистон Раҳбарининг, жамиятдаги турли ҳодисаларга нисбатан маърифий ёндашувидан даракдир.

 

Бу ёндашув, “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланишига сабаб бўлди.

 

Ушбу қонун фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати, вазифалари, принциплари ҳамда устувор йўналишларини белгилаб беради. Фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини кафолатлаш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурматни таъминлаш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва дунёвийликни қарор топтириш бу қонуннинг асосий мақсадларидан биридир.

 

Концепция қабул қилингунгача бўлган жараёнда, диний радикал ғоялардан манфаатдор кимсалар, экстремистик ҳаракатлар ва радикал оқим вакиллари ҳамда теран тафаккурдан маҳрум кимсалар фитна ва иккиланишларга хизмат қилувчи гап-сўзларни ўртага ташлади. Ҳатто баъзи оммавий ахборот воситалари бу ҳолни эътиқод эркинлигини бўғиш ёки чеклаш сифатида талқин этди.

 

Бундай қарашлар бир ёқлама, миллат ва давлат манфаатларига хизмат қилмайдиган, фитнага мойил фикрлардан иборат эди. Аслида, ҳеч бир мустақил давлатга алоҳида мавзулар ва йўналишлар бўйича Концепциялар ё Доктриналар қабул қилишни ўз Конституцияси ҳам, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳам ман этмайди. Зотан, шу меъёрдан келиб чиқиб, давлатнинг дин борасидаги сиёсати юзасидан турли баҳс-мунозараларга нуқта қўядиган, турли зиддиятларга барҳам берадиган, эътиқод эркинлигини қатъий кафолатлаб, диний-маърифий муҳитни мустаҳкамлайдиган қонуни қабул қилинди.

Унутмайлик, Ўзбекистон илм-ҳунар тараққийсига улкан эътибор қаратаётган, ғоявий ва мафкуравий таҳдидларга маърифий ёндашув билан жавоб берадиган, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат. Бу юртда тушунчалар билан эмас, Қонунларга асосан иш юритилади. “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун эса, шу тамойил асосидаги давлат ва дин муносабатларини белгилайди.

Концепция борасида сўзни бунчалик олисдан бошламай, кичикроқ бир муносабат билан ҳам кифояланиш мумкин эди. Аммо Янги Ўзбекистон Президентининг “Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”, деган сўзлари бундай қилишга изн бермади. Шунинг учун диний радикализм муҳити олиб келиши мумкин бўлган оқибатлар ҳақида, амалга оширилаётган ишлар ва ечимини кутаётган масалалар тўғрисида батафсил сўз юритгимиз, бу Концепциянинг халқимизни, илдизи минг йилларга тақалган миллатдошларимизни ана шундай оқибатлардан ҳимоя қилувчи манбага айланиши мумкин эканлигига далолат қилгимиз келди.

 

Негаки, радикаллашувнинг ҳеч бир кўриниши башариятга бахт олиб келмайди. Ўз тараққиёти ва фаровонлигини диний радикализмда, деб ўйлаганлар мутаассибона бошқарувнинг қурбонига айланаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Эътиқод эркинлиги билан диний радикаллашув бир-биридан тубдан фарқ қилишини улардан яхшироқ англаган киши бормикан?!.

 

Англаганнинг иқрори

 

Уч-тўрт йил муқаддам, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида диний радикализм сабаб ўз юртидан мажбурий бош олиб кетган бир олимдан интервью олдик. Ўз илтимосига кўра, шахсини очиқламаймиз.

 

– Мамлакатингиз кўп йиллардан бери уриш гирдобида. Гоҳида бу юртда ҳеч тинчлик бўлганми, деб ўйлаймиз. Жамиятингизнинг шу аҳволга келиб қолишга нима сабаб бўлган, – деб савол бердик у кишига.

 

Саволдан суҳбатдошимизнинг кўзлари ёшланди.

 

– Бир вақтлар менинг юртим ҳам сизнинг юртингиз каби осойишта эди, – деди сўнг ички бир алам билан. – Аёл-қизлар мактабларда, коллежлар ёки университетларда ўқирдилар, эркак-аёллар баробар меҳнат қилардилар. Болаларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам ҳуқуқларини қонун ҳимоя этарди. Кимнинг кўзи тегди, билмайман. Бир замонга келиб, қонунлар биланмас, диний тушунчалар билан иш кўриш урф бўлди.

 

Икки-уч йилда вазият шу даражага етди-ки, шариат судларнинг фаолиятига расман рухсат берилди. Мардум (одам) давлат судига боради, исботи йўқ. Ютқазади. Шариат судига уч кишини эргаштириб “мана шулар гувоҳ” деб борса бас, фойдасига ҳукм чиқади. Бора-бора шунчаликка етди-ки, шариат суди олдида “гувоҳлар бозори” пайдо бўлди. Савдолашиб, “гувоҳ” билан судга кираверасиз. Натижада, давлат судига эҳтиёж қолмади.

 

Дунёнинг илмини назар-писанд қилмай, диний таълимга зўр бердилар. Шунчалик-ки, бир қишлоқда камида ўнта ҳужрачи. Зиёлилар ҳам, аҳли илм ҳам, ота-онанинг аксари ҳам бу ҳолатдан чўчиш ўрнига мамнун бўлдилар. Ана аҳвол. Кейин юртга ёв кирганда у билан савашишга на қурол топдик, на илмга таянган ақлий салоҳият.

 

Ҳозир эса, кимнидир дўппослатиб ўлдириб юбориш учун, оламонга бир оғиз ёлғон кифоя. Қарийб эллик йилдан буён ҳали униси, ҳали буниси кириб ватанни пайҳон қилади. На таълимни, на саноатни, на иқтисодни тиклашга имкон берадилар. Асли бандаларга ҳидоят бўлган дин, мутаассиблар туфайли юртимизни ҳалокатли оқибатларга элтди...

 

Қочқинлик қисматига айланган олимни тинглаб: жаҳолат таълимга, тарбияга, ғоялар ва мафкураларга синга бошлаган жойда, инсон учун фақат фожиани кафолатлаш мумкин экан, деган хулосага келгандик ўшанда.

 

Хулоса

 

Имом Мотуридий замонларидаги бузғунчи оқимлар ҳам асл моҳиятига кўра, бугунги радикал оқимлардан катта фарқ қилмаган. Уларнинг барчаси, диндан жамият ичида фитна қўзғаш, халқни пароканда қилиш ва давлатни заифлаштиришда шунчаки бир омил сифатида фойдаланган.

 

Ўз даврда Мўътазила, Жаҳмийя, Қадария, Хаворижлар ва келиб чиқиши Шиа мазҳабига боғланувчи Ғулот фирқалари улкан фитналарга сабаб бўлган. Бугун ўша фитначилар ўрнини Сохта салафийлик, “Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий”, “Ал-Қоида”, ИШИД, “Мусулмон биродарлар”, “Боко Ҳаром”, “Аш-Шаббоб” сингари ҳаракат ва оқимлар эгаллаган.

 

Шунинг учун диний радикаллашув омилига қарши курашга энг аввало ота-оналар ҳушёр бўлиши, боласи фойдаланаётган манбаларни кузатиб бориши, уларнинг қандай сайтларга, қайси ижтимоий тармоқларга, кимнинг шахсиятига қизиқаётганини эътиборсиз қолдирмаслиги лозим.

 

Энди эса, мулоҳазаларга якун ясаймиз. Янги Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги борасидаги халқчил сиёсати берган имкон туфайли, ижтимоий ҳодиса бўлган диний радикализм ҳақида узунроқ сўз айтдик. Бундан кўзланган мақсад Ватанимизга, миллатдошларимизга, халқимизга эзгулик соғинишдир. Негаки, Президент Шавкат Мирзиёев айтганидек, “Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигидир”.

 

Абдулҳамид Мухторов,

“Зиё” медиа маркази директори

Манба: “Jadid газетаси 2025 йил 4 апрель, 14(66)-сон

 

Паранойя – ақлий ё руҳий жиҳатдан бузилиб, атрофидаги воқеалардан хавф-хатар кўра бошлаш.

Троя оти – қадимги юнонистонликларнинг Троя шаҳрини забт этиш учун ишлатган машҳур макри. Бу воқеа Гомернинг “Илиада” ва Вергилийнинг “Энеида” асарларида тасвирланган.

Прозелитизм – кишини ўз динидан воз кечиб, бошқа динни қабул қилишга мажбурлаш.

Миссионерлик – бир динга эътиқод қилувчилар орасида бошқа динни тарғиб қилиш.

Бот – автоматик равишда маълум бир вазифани бажарадиган дастур ёки сунъий интеллект тизими.

“Тролль фабрикалари” – бу ташкил этилган гуруҳ ёки муассаса бўлиб, ижтимоий тармоқларда, форумларда ва оммавий ахборот воситаларида чин ё ёлғон маълумот тарқатиб, жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатади.

“Биз ва улар” концепцияси – Социал-психологик ҳодиса. У кишилар ўзларини ижтимоий, маданий, сиёсий ёки диний жиҳатдан “биз” (ўз гуруҳи) ва “улар” (бошқа гуруҳлар) деб табақалашни илгари суради. Бу концепция бирлик ҳиссини шакллантириши ёки нотенглик ҳиссини қўзғаб, зиддиятларни туғдириши мумкин.

Ўхшатиш ҳидоятга бошловчи динга, соғлом ақидадаги кишиларга тааллуқли эмас.

“Авгий отхонаси” – бу ибора ювилмаган, тартибсиз ва жуда нопок бўлиб кетган жойни тасвирлаш учун ишлатилади. Юнон мифологиясидаги Авгий отхоналари билан боғлиқ ривоятдан келиб чиққан.

Ушбу маълумотлар АОКА мутасаддилари берган далиллар асосида тақдим этилмоқда.

МАҚОЛА