Рамазон истиғфор ойидир. Яъни, бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилишади. Имом Аҳмад “Муснад” китобида келтиришича, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Рамазон ойида Менинг умматим бошқа ҳеч қайси умматларга берилмаган бешта хислат билан неъматланди: биринчиси, Рўзадорнинг оғзидан келаётган ҳид Аллоҳ таоло учун мушк-анбардан ҳам ёқимлироқдир. Иккинчиси, улар то оғизларини очгунларича фаришталар уларнинг гуноҳларини кечиришини Аллоҳдан сўраб туришади. Учинчиси, Рамазон ойи кирганида дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. (Тўртинчиси,) Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатни зийнатлайди. Сўнгра: “Эй жаннат, сенга Менинг рўзамни тутиб қийналган солиҳ бандаларим кириб роҳатланишлари учун зийнатлан ва безакларингни чиройли қил!” деб буюради. (Бешинчиси, Рамазон ойининг) охирги кечасида у(рўзадор)ларнинг гуноҳлари кечирилади. (Саҳобалар): “Ё Расулуллоҳ, у Қадр кечасими?” деб сўрашганида, у зот (алайҳиссалом): “Йўқ, лекин ишчи қилаётган иши битганида унга ҳақини берилади”, деб марҳамат қилдилар”. Яъни, у кеча Қадр кечаси эмас, аммо худди бировга бир иш буюрилганида у ўша ишни битиргач, ҳақини ўталгани каби, Рамазон ойи тугаши билан Аллоҳ таоло рўзадор бандаларига ҳақларини беради – уларнинг гуноҳларини кечиради.
“Раҳмат ойи рамазон” китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Оқилон» жоме масжиди имом-хатиби Неъматулла домла Исмоиловнинг волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, имонларини, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг ортидан қолган фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатлари ўрнини яхшиликлар ила тўлдирсин. Буюк Парвардигор онахонни Ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».
Жаноза намози бугун, 23 октябрь куни жума намозидан сўнг Тошкент шаҳридаги “Чимир ота” жоме масжидида ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси