Усмонхон АЛИМОВ – 1950 йили Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олди. Кўп йиллар Самарқанд вилоятидаги “Имом Бухорий” жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлади. 1989–1990 йиллари Марокашдаги Қаравиййин дорилфунунида ўқиди. 2000–2006 йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили бўлиб хизмат қилди. 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайланди. Усмонхон Алимовнинг “Орлотда акс этган тарих”, “Долзарб саволларга ҳақзарб жавоблар”, “Ҳаётбахш маънавий мерос”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти”, “IX–XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳазрати Имом (Ҳастимом)”, “Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг муборак васиятлари” (9 та китоб), “Сўраган эдингиз” туркумидаги рисолалари, “Оилада фарзанд тарбияси” (3 та китоб), “Илмнинг фазилати”, “Истиқлол шарофати”, “Хайр-эҳсон фазилатлари”, “Гўзал одоб – фарзанд камоли” каби асарлари нашрдан чиққан. Нажмуддин Насафийнинг “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” номли машҳур асарини араб тилидан ўзбекчага таржима қилган. Муфтий ҳазрат Қуръони карим маъноларини таржима ва тафсир қилиб, “Тафсири ирфон” номида чоп эттирмоқда.
Тошкент Ислом университетининг фахрий фан доктори Усмонхон Алимов 2012 йили нуфузли халқаро ташкилот – Ислом олами уюшмаси (Робита) Таъсис мажлисининг аъзоси бўлди.











Ўзбекистонда никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилди. Бу президент 14 октябрь куни имзолаган қонунда назарда тутилган. Ўзгаришлар шу санадан кучга кирди, хабар бермоқда Gazeta.uz.
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш энди базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (аввал — 5 бараваридан 10 бараваригача).
Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга бериш ёки уйлантириш учун БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима белгиланди (аввал — 7 бараваридан 15 бараваригача).
Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун жарима БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача оширилди (аввал — 15 бараваридан 30 бараваригача).
Баҳорда президент молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр ёшлар ўртасида никоҳ тузилишини рағбатлантиришни назарда тутувчи фармонни имзолаган эди. 2027 йилдан бошлаб ҳар икки томон камида 21 ёшга тўлганда илк бор никоҳдан ўтган ёш оилаларга давлат томонидан қўшимча имтиёзлар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.
Бундан ташқари, қонунчиликда никоҳ ёшини пасайтириш учун аниқ (тугал) асослар белгилаш режалаштирилган эди. Ҳозирги вақтда ҳокимлар истисно ҳолларда ва узрли сабаблар мавжуд бўлганда (ҳомиладорлик, бола туғилиши ва вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш) никоҳ ёшини 18 ёшдан 17 ёшгача пасайтириш ҳуқуқига эга.
Статистикага кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда никоҳларнинг 40 фоизи 18−19 ёшдаги ёшлар ўртасида тузилмоқда.
1 сентябрдан никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизи бундай ҳолатлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилиши мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати