Барча инсонлар Аллоҳ таолонинг наздида бир хил мақомда бўлиб, фақатгина уларнинг азиз ва мукаррамлиги тақвоси биландир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир», (Ҳужурот, 13).
Ҳатто, динимизда мусулмон бўлсин ёки бўлмасин ҳар қандай инсон одамийлик жиҳатидан юқори қадрланади. Бу борада Абдураҳмон ибн Абу Лайло (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: Саҳл ибн Ҳаниф ва Қайс ибн Саъд Қудисияда ўтирганларида олдиларидан тобутни олиб ўтдилар, икковлари ҳам ўринларидан турдилар, шунда бу мусулмоннинг тобути эмас-ку, нега турдингиз? деб сўралганда, икковлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларидан тобут олиб ўтилганда ўрниларидан турдилар, Расулуллоҳдан бу яҳудийнинг тобути, яҳудий бўлса ҳам турамизми? деб сўралганда, Расулуллоҳ “У инсон эмасми”? дедилар, деб жавоб бердилар.
Ислом дини келганида инсоннинг улуғлигини бадном қиладиган қуллик тузуми ҳукм сурарди. Ислом дини инсонийликка хилоф бўлган, адолатсизликка асосланган қуллик тузумини тадрижий йўл билан муолажа қилди.
Аввало, пул тўлаб озод этилувчи қулларга молларнинг закотларидан насиба борлигини баён қилди: Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”, (Тавба, 60).
Иккинчидан, қасамнинг каффоратига қул озод қилишга буюрди: Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир”, (Моида, 89).
Учинчидан, қул эгаси қулини урса унинг каффоратига уни озод қилишга буюрди. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким қулини муштласа ёки урса унинг каффорати уни озод қилиш”, деганларини эшитганман деди” (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қулимни ургандим, орқамдан “Эй, Абу Масъуд албатта Аллоҳ сен уни жазолашга қодир бўлганингдан сени жазолашга қодирроқдир”, деган овозни эшитиб, бурилиб қарасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эканлар. “Ё, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ учун уни озод қилдим”, дедим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Агар шундай қилмаганингда албатта дўзах сени ушларди”, дедилар (Муслим ривояти).
Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисда қул озод қилиш, ғазабни ичга ютиш, кечиримли бўлиш ҳамда банда бандага ҳукм қилганидек Аллоҳ ҳам унга шундай ҳукм чиқаришига танбеҳ ва насиҳат бор”, деган.
Усмонали ОРАЛОВ
Жиззах тумани “Яккақайрағоч”
жоме масжиди имом хатиби
Юртимизда азалдан уч хил тақвим, ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат тусига айланган. Йиллар ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ Қуръони каримнинг “Исро” сураси, 12-оятида шундай зикр қилади: “Кундуз аломатини эса, Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз”. Улуғ муфассирларимиз мазкур оятнинг “йиллар саноғини” қисмини қамарий (Ой) тақвим билан иш юритиш (бинобарин, диний юмушларда), “йиллар ҳисобини” қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса, деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилиб, фатво ёзиб қолдирганлар.
Халқимизнинг “Ҳамал кирди – амал кирди” деган мақоли жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – Ҳамалга кириши билан “Наврўз”, яъни “Янги кун”, у билан бирга эса янги фасл – баҳор кириб келади. Деҳқонларимиз бу имкониятдан фойдаланиб, эрта баҳордан пок ниятлар билан ерга уруғ қадайдилар.
Улуғларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да шундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур”.
Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илм соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш Ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақбул эканлигини таъкидлашган. Улуғ мутасаввиф Ҳаким Термизий “Солнома” асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза “Ал-Муҳит ул-бурҳоний фил-фиқҳ ан-нуъмоний” қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдиришган. Қадим Шарқда Қуёш қайси буржга кирса, ойга ўша бурждаги юлдузлар туркуми шаклига қараб ном беришган. Жумладан, Ҳамал ойини – бурж шакли ҳомиладор қўйга ўхшагани учун Ҳамал деб, Савр ойини – юлдузлар туркуми ҳўкизга ўхшаб кўрингани учун Савр деб аташган.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўн икки йил давомида кетма-кет бир-бирига ўрин алмаштириб келадиган мучал тушунчаси аслида “мўлжал” сўзидан олинган. Ўн икки йил давомида осмон жисмларининг жойлашиши қандай шаклни беришига қараб, йилларга мучал номлари берилган.
Жумладан, юлдузлар туркумининг сичқонга ўхшаши йилнинг сичқон йили, сигирга ўхшаши сигир йили ва ҳ.к. деб номланишига асос бўлган.
Уламоларимиз мана шу ўн икки йилга ўн икки мақом берилганлиги махсус ҳужжат билан тасдиқлашган. Жумладан, Зайниддин Маҳмуд Восифий (ваф. 1554 й.) “Бадоеъ ул-вақоеъ” (Ажойиб воқелар) номли асарида мучал ҳақида нодир қайдлар ёзиб қолдирган.
Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Наврўзнинг яратилишига оид қимматли фикрларни келтиради. Бу фикрларнинг диққатга сазовор томони шундаки, аллома Наврўзни коинот ва олам билан бир бутунликда таърифлайди.
Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида бу ҳолга шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (Ҳут) думидан Қўзи (Ҳамал) буржига кўчди. Уйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, ол, сариқ, кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди”.
Наврўз ҳақидаги фикрлар, афсона-асотирлар турлича бўлишига қарамай, бунёдкорлик, эзгулик, яшариш ва обод этиш каби умумбашарий, муштарак ғоялар уларни боғлаб туради. Зотан, Наврўз бутун инсоният учун уйғониш ва янгиланиш айёмидир.
Абдулғафур домла Раззоқов,
Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби