Қадим замонда икки дўст ов қилиш учун ўрмонга борибди. Тасодифан уларга айиқ рўпара бўлибди. Дўстлардан бири милтиғини ташлаб, яқин атрофдаги дарахтлардан бирининг устига чиқиб олибди. Иккинчиси ўзини ўликка солиб, ерга нафас олмай ётиб олибди. Айиқ ерда ётган одамни ҳидлаб кўриб, нари кетибди. Чунки айиқлар ўлакса емайдилар. Айиқ кўздан ғойиб бўлгач, дарахтдаги овчи ерга тушиб, дўстининг олдига келиб ҳазиллашибди: "Оғайни, айиқ қулоғингга бир нима дедими?" Дўсти унга: "Ҳа, у дўст танлашда адашибсан, деди", деб жавоб берибди.
Билингки, яхши кунингизда дўстларингиз кўп бўлади. Лекин ҳақиқий дўстлар сафарда ва тижоратда синалади.
Акбаршоҳ Расулов
Бугун, 2 сентябрь чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг мурожаат ва таклифларини атрофлича тинглади.
Очиқ ва самимий руҳда кечган қабул жараёнида Тошкент шаҳри, Наманган, Фарғона, Андижон, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан келган фуқароларнинг диний таълим муассасаларига ўқишга кириш, Умра зиёрати тартиби ҳамда масжидлар фаолиятига доир мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Учрашув давомида билдирилган масалалар юзасидан фуқароларга шаръий ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, баъзи муҳим масалалар бўйича тегишли масъул ходимларга мурожаатларни қисқа фурсатларда қонуний ҳамда ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлашга қаратилган бу каби фуқаролар қабуллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати