Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Гарчи ҳасадгўйларим қилсам ҳам мен маломат,
Рад этмасман эканлигим уларга уқубат.
Чодирда яшасада муслима бўлган, Роббисига ибодат қиладиган ва беш вақт намозини ўқиб, рўзасини тутадиган аёл баланд қасрлар ва кўплаб хизматкорлар орасида яшайдиган аёлдан бахтлироқдир. Мўмина бўлиб оддий уйда, фақатгина арпа нони ва бир хўплам суви ҳамда у билан Қуръони ва тасбеҳи бўлган аёл мармар уйлару бахмал кўрпалар орасида Роббисини танимайдиган, Мавлосини эсламайдиган ва Пайғамбарига эргашмайдиган аёлдан бахтлироқ яшайди. Шундай экан, сиз бахтнинг ҳақиқий маъносини англанг. У кўпчилик тор доирада тушунгани каби бойликлар, кийимлару таомларда эмас.
Ҳақиқий бахт-саодат бу қалб розилиги, кўнгил роҳати, нафс ҳотиржамлиги, руҳ шодлиги, хулқ-атвор тўғрилиги ва қаноатдир.
Шуъла: Мусулмонга азият берган ёки бандага зулм қилган инсон қандай хотиржам бўлсин?!