Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли лойиҳалар изчил давом эттирилмоқда.
Шу йилнинг 14 апрель куни Фонд ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан пойтахтимизда қурилган янги кўп қаватли уйлардан харид қилинган 14 та хонадон ўз эгаларига топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти, Фонд мутасаддилари, саховатпеша ҳомийлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган ушбу маросим ҳақиқий меҳр-оқибат байрамига айланиб кетди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, жумладан, бундай деди:
– Бундай олижаноб ташаббус Президентимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътиборларининг бир амалий ифодасидир. Давлатимиз Раҳбарининг бу борада ажратган катта миқдордаги маблағи бу ишларнинг янги босқичга чиқишида катта туртки бўлди. Мазкур хурсандчилик тадбири ҳам ана шу хайрли ишларнинг узвий давомидир.
Таъкидлаш жоизки, “Вақф” фонди ўтган 2025 йил давомида ҳам 55 та уйга муҳтож, етим-мискин оилага тўлиқ жиҳозланган турар жойларни туҳфа этган эди. Бу галги хайрли иш эса узоқ йиллардан буён бошпанасиз ва ижарада сарсон бўлиб юрган юртдошларимиз учун кутилмаган қувончли воқеа бўлди.
Янги хонадон калитларини қабул қилиб олаётган оилаларнинг қувонч кўзёшлари ва самимий дуолари тадбир иштирокчиларини тўлқинлантириб юборди.
Жумладан, тўрт фарзанднинг онаси Оиша Раҳимжонова бундай деди:
“Бугун биз учун янги ҳаёт бошланди. Кўп йиллар фарзандларим билан ўз уйимиз бўлишини орзу қилгандим. Бу туҳфа бир мўъжизадек бўлди. Аввало, Аллоҳга шукроналар бўлсин, сўнгра бизни қўллаб-қувватлаган саховатли инсонларга мингдан минг раҳматлар айтаман”.
Шундай қилиб, яна 14 та оила ўз уйига эга бўлиб, жамиятимизда инсон қадри нақадар баланд эканини ўз ҳаётлари мисолида ҳис этишди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди халқимизнинг меҳр-оқибат ва саховат каби олижаноб қадриятларини янада мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилишда давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати