Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
﴿رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحًا تَرْضَاهُ وَأَدْخِلْنِي بِرَحْمَتِكَ فِي عِبَادِكَ الصَّالِحِينَ﴾
Ўқилиши: Робби авзиъний ан ашкура ниъматакал-латий анъамта ъалаййа ва ъалаа ваалидаййа ва ан аъмала солиҳан тарзоҳу ва адхилний би роҳматика фий ъибаадикас-соолиҳийн.
Маъноси: Роббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин! (Намл сураси, 19-оят).
﴿وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا هَبْ لَنَا مِنْ أَزْوَاجِنَا وَذُرِّيَّاتِنَا قُرَّةَ أَعْيُنٍ وَاجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَامًا﴾
Ўқилиши: Роббана ҳаблана мин азважина ва зурриййаатина қуррота аъйунин важъална лил-муттақийна имама.
Маъноси: Роббимиз аёлларимиздан ва зурриётларимиздан бизга кўз қувончини бахш эт ва бизни тақводорларга пешво қилгин! (Фурқон сураси, 74-оят).
﴿رَبِّ هَب لي حُكمًا وَأَلحِقني بِالصّالِحينَ واجعَل لي لِسانَ صِدقٍ فِي الآخِرينَ واجعَلني مِن وَرَثَةِ جَنَّةِ النَّعيم﴾
Ўқилиши: Робби ҳаблий ҳукман ва алҳиқний бис-солиҳийн важъал лий лисаана сидқин фил-аахирийн важъалний мин варасати жаннатин-наъийм.
Маъноси: Роббим, менга ҳикмат ҳадя эт ва мени солиҳларга қўшгин. Ва менга кейин келгувчилар ичида содиқ мақтовлар бўладиган қилгин. Ва мени наъийм жаннати ворисларидан қилгин.
Даврон НУРМУҲАММАД