Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Юртимизда кўплаб ўқув марказлари ташкил қилиниб, фаолият юргизиб келмоқда. Ана шундай марказларнинг айрим тингловчилари дарсга нисбатан бепарволикликлари туфайли машғулотларга кеч қолаётган ёки дарсларни яхши ўзлаштирмаётган бўлса, ундайларга нисбатан молиявий жарима қўллаб, йиғилган маблағларни яхши ўзлаштираётган тингловчиларга мукофот сифатида бериш мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Талабаларни ўқув муассасаси тартиб ва қоидаларига амал қилишга ўргатиб бориш соғлом таълим муҳитини сақлаб қолиш учун зарурдир. Аммо ўрнатилган тартибларга амал қилмаётганларга молиявий жарима солиш жоиз бўлмайди. Чунки мусулмон кишининг мол-мулкини шаръий асоссиз бошқа одам олиши мумкин эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол бўлмайди, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берса, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Интизомни сақлаш учун бошқа жоиз бўлган усуллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, давомати жойида ва имтиҳонларда яхши натижа кўрсатиб келаётган талабалар учун махсус мукофотлар эълон қилиш, таълим тўловларига чегирмалар бериш ва бошқа рағбатлантирувчи чораларни кўриш ана шулар жумласидандир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.