Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Фарғона вилояти вакиллиги томонидан Фарғона ва Қувасой шаҳарларида фаолият юритаётган имом-хатиблар, имом-ноиблар ва мутаваллилар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди.
Мазкур тадбир соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг фаолиятини замонавий талаблар асосида тизимлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Тренинг давомида масжидларда иш юритиш жараёнини самарали ташкил этиш, хусусан, шаръий никоҳ ўқиш тартиби ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан бериладиган никоҳномаларни намунавий асосда тўғри расмийлаштириш жараёнлари амалий тарзда кўрсатиб берилди.
Шунингдек, тадбирда соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Иштирокчиларга KPI платформасининг имкониятлари ва ундан фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилиб, бу каби воситалар иш жараёнини соддалаштириш ва ҳисоботларни тизимлаштиришда муҳим экани қайд этилди.
Тадбир якунида вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев сўзга чиқиб, ушбу тренинг барча ҳудудлар учун намуна бўлиши лозимлигини таъкидлади ва ходимларни янги билимларни амалиётда қўллашга, ўз фаолиятига масъулият билан ёндашишга чақирди.
Бинобарин, никоҳ маросимларини тартибли ташкил этиш ёшлар орасида оилавий масъулиятни оширишда муҳим ўрин тутиши алоҳида эътироф этилди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати