Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Савол: Намоздан кейин уч марта истиғфор айтамиз. Шу истиғфорни нима учун айтилиши менга тушунарсиз бўляпти. Чунки истиғфорни гуноҳ ишларга йўл қўйилгани учун айтилади, деб ўйлардим. Нимага бу ўринда савобли амал ҳисобланадиган намоз ўқишдан кейин айтиляпти?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин уч марта истиғфор айтиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳисобланади. Чунки ҳадиси шарифларда У зот алайҳиссалом намоздан кейин ана шундай қилганлари ривоят қилинган:
“Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлгач, уч марта истиғфор айтар ва (истиғфордан кейин) “Аллоҳумма антас-салам ва минкас-салом, табарокта йаа Зал Жалали вал Икром”, дер эдилар”. (Имом Муслим ривояти).
Шу ва шу мазмундаги бошқа ҳадисларни шарҳлаган муҳаддис уламолар ҳабибимиз Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг истиғфор айтганликлари эҳтимол у зот ўта камтар ва тавозели бўлганлари учун Аллоҳ таолога қилаётган ибодатларида камчиликка йўл қўйдим, ибодатни буюрилгандек адо эта олмадим, деб айтган бўлишлари мумкин, деб изоҳлаганлар.
Шу боис биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бажариш ҳамда намозда туриб, турли-туман хаёлларга берилиш, ғафлат босиш каби камчиликларимиз учун истиғфор айтамиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.