Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим мўмин-мусулмонлар учун ҳидоят ва башоратдир. Башорат сўзи одатда хушхабар, яхшиликни етказиш, маълум қилиш маъносида ишлатилади. Мўминларга хушхабар етказишдек шарафли ишни Аллоҳ таоло башариятдан танлаб олган Ўзининг пайғамбарларига тайин қилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Биз пайғамбарларни фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчилар сифатидагина юборурмиз» (Каҳф, 56). Шунингдек, бошқа оятда «Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман»(Аъроф, 188) дейилади.
Бироқ баъзан бу сўзни ёмон, нохушхабарларни, хусусан, турли бало-офатлар, мунажжмимларнинг бахтсизлик, омадсизлик тўғрисидаги хабарларини етказишда ҳам истифода этмоқдалар. Аслида эса юқорида таъкидланганидек, башорат фақатгина яхшилик ҳақидаги хушхабардир. Қуръонда мўминлар учун Роббилари томонидан бир қанча башорат, яъни хушхабарлар нозил бўлган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Мўминларга (охират мукофотлари ҳақида) хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!» (Бақара, 223).
Оятда келган мўминларга бериладиган хушхабар, мукофотлар нималар эканлигини Аллоҳ таоло қуйидаги оятда марҳамат қилади:
«Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга хушхабар берингки, улар учун (жаннатда) остиларидан анҳорлар (суви) оқиб турувчи боғлар бордир» (Бақара, 25).
Демак, оятга кўра, мўмин бўлиш учун тил билан имон келтириб, қалб билан иқрор бўлиб ва имонининг тасдиғи сифатида солиҳ амаллар қилиш лозим. Шунда улар учун улкан мукофот – жаннат бордир. Абу Муъин Насафий агар имон фақатгина тил билан айтишдан иборат бўлса, унда мунофиқ билан мўминнинг ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди, дейди.
Бошқа бир сурада Аллоҳ таоло юқоридаги оятда келган «боғлар»ни жаннат боғлари эканини таъкидлайди: «Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат, ризолик ва улар учун неъматлари доимий (бўлмиш) жаннат (боғ)лари тўғрисида хушхабар берур» (Тавба, 21).
Аллоҳ барчаларимизни бу дунё ва охират мукофотларидан тўлиқ баҳраманд этсин! «Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар».
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Шу йил 23-24 апрель кунлари Самарқанддаги Ҳадис илми мактабида диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Баркамол авлод – 2026” спорт мусобақасининг республика босқичи ўтказилди.
Мусобақа аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграганидан сўнг кўргазмали чиқишлар қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг мусобақа иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг спорт мусобақасининг финал учрашувлари бошланди. Ушбу жараённи тажрибали ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Якуний натижаларга кўра, қуйидагилар ғолибликни қўлга киритди:
Шахмат
Талаба йигитлар ўртасида:
1-ўрин Тошкент ислом институти талабаси Фазлиддин Шамиевга;
2-ўрин "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Асрорбек Турдалиевга;
3-ўрин "Саййид Муҳйиддин Махдум" мадрасаси талабаси Раҳмонжон Расуловга насиб этди.
Аёл-қиз талабалар ўртасида:
1-ўринни “Жўйбори Калон” мадрасаси талабаси Розияхон Зокирова;
2-ўринни “Хадичаи Кубро” мадрасаси талабаси Ҳамидахон Жамолиддинова;
3-ўринни Тошкент ислом институти талабаси Нодирахон Муротова эгаллади.
Стол тенниси
Талаба йигитлар ўртасида:
1-ўринга “Фахриддин ар-Розий” мадрасаси талабаси Муроджон Райимжонов;
2-ўринга Тошкент ислом институти талабаси Абдулҳай Абдимуталов;
3-ўринга "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассаси талабаси Абдураҳмон Абдужабборов сазовор бўлди.
Аёл-қиз талабалар ўртасида:
1-ўрин "Мир Араб" олий мадрасаси талабаси Эъзоза Аслиддинова;
2-ўрин “Хадичаи Кубро” мадрасаси талабаси Дилдорахон Болтабоева;
3-ўрин “Жўйбори Калон” мадрасаси талабаси Нодира Қодирбоевага насиб этди.
Тош кўтариш
Талаба йигитлар ўртасида:
1-ўринни "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассаси талабаси Мусулмон Равзатуллоҳ;
2-ўринни "Мир Араб" олий мадрасаси талабаси Алишер Умаров;
3-ўринни “Фахриддин ар-Розий” мадрасаси талабаси Зикрулло Сағдуллаев қўлга киритди.
Миллий кураш
Талаба йигитлар ўртасида:
1-ўринни "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассаси талабаси Муҳаммадаброрхон Юнусхонов;
2-ўринни “Хожа Бухорий” мадрасаси талабаси Ясин Аблазов;
3-ўринни “Кўкалдош” мадрасаси талабаси Ҳусан Мирзаев эгаллади.
Жамоалар ўртасида эса якуний натижалар қуйидагича бўлди:
1-ўрин “Мир Араб” ўрта махсус ислом таълим муассасаси жамоасига;
2-ўрин Тошкент ислом институти жамоасига;
3-ўрин “Имом Фахриддин ар-Розий” мадрасаси жамоасига насиб этди.
Ғолибларга қуйидаги мукофотлар топширилди:
Жамоалар бўйича совринлар:
1-ўринга I-даражали кубок, замонавий смарт доска;
2-ўринга II-даражали кубок, музлатгич;
3-ўринга III-даражали кубок, кир ювиш машинаси тақдим этилди.
Яккалик беллашувлар ғолиблари учун:
1-ўринга биринчи даражали диплом ва ноутбук;
2-ўринга иккинчи даражали диплом, телевизор;
3-ўринга учинчи даражали диплом ва шарбат чиқаргич берилди.
Ғолибларга зафар ва мукофотлар муборак бўлсин!
Эслатиб ўтамиз, мазкур спорт мусобақаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати