Илм- ҳамма нарса унинг устига бино қилинадиган ва ҳар бир нарсанинг асоси ҳисобланади. Динимиз ислом илм динидир. Бирор бир дин ёки таълимот муқаддас ислом диничалик инсонларни илмга қизиқтирган эмас. Зеро, мусулмонларнинг илмга тарғиб қилганини биргина илк нозил бўлган оятнинг ўзидан билиб олиш қийин эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ
Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (Алақ сураси, 1-оят).
Яратган бандаларига берган неъматлари ичида биргина неъмат зиёдаси билан берилиши сўралади. У ҳам бўлса илмдир. Зотан буюк Роббимиз шундай таълим беради:
وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا...
“...ва айтинг: Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тоҳа сураси, 114-оят).
Ояти каримадаги буйруқ пайғамбар алайҳиссаломга бўлсада, биз умматларига ҳам умумий ҳисобланади. Демак, барча инсон илмга мухтождир. Зеро, пайғамбарлар илмга эхтиёжли бўлсалар ва уни зиёдаси зарур бўлса, бошқаларга бақадри авлоку, илмга мухтожлик ва зиёдаси?
Илм хосил қилишда аввал ниятни холис қилмоқ зарур. Қолаверса, илм тахсил қилишда машаққатларга сабр ва матонат талаб қилинади. “Осон келган нарса, осон кетади”- деган гап бор. Имом Бухорий роҳматуллоҳ алайҳ илм китобини илмни фазилатларидан бошлаганлари бежизга эмас албатта. Чунки, илм олиш ўзига яраша машаққатни талаб қилади. Шунинг учун ислом динимизда илм олишга алоҳида эътибор қаратилган. Унга бериладиган савоб ва даражалар жуда ҳам юксак эканини кўрамиз.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг табиатида зулм ва жоҳилликка моиллик бор. Фақат, Аллоҳ таоло кимга адолатни ато қилган бўлса, у билан зулмни кетказади. Кимга фойдали илм ато қилган бўлса, у билан жаҳолатни енгиб ўтади.
Уламоларимиз: “мол-давлат, ҳол-ахвол ва сиҳҳат-саломатлик бобида ўзингдан кўра пастроқ, дин, илм ва фазилатда ўзингдан кўра юқорироқ кишиларга боқ”- дейишади. Зеро, ким фазилат эгасига ҳавас қилса, унга эргашса албатта, яхшилик, садоқат, сабр, вафо, омонат, ростгўйлик, ҳалимлик, саҳийлик қўйинки барча гўзал инсоний фазилатларга эга бўлади. Аксинча, ким обрў, мол ва лаззатлар кетидан чопса, адоват ва ёмон феълли инсонга айланади.
Илм ўз соҳибини улуғ даражаларга кўтаради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ...
...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир. (Мужодала сураси, 11-оят).
Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир ҳадислар ҳам жуда кўп учрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, Ер ва осмонлардаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўп башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган.
Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида у илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳликни ҳам қўшиб беради.
Али каррамаллоҳу важҳаҳу: ”Илм аҳли эмаслигини даъво қилиш илмдаги шарафга эга эканига кифоя қилади. Ўзида йўқ эканини тан олмаслик орлик келтирувчи жоҳил эканига кифоя қилади”-деган эди. Илм аҳли бўлмаган киши илмни даъво қилганида илм ўз эгасига шараф бўлишга кифоядир. Шунингдек, жоҳиллик ордир. Агар Абу Жаҳлга йўлда йўлиқиб қолиб, эй жоҳил десангиз, уни ғазабдан юзи қизариб кетарди. Вахоланки, у нафақат жоҳил, балки “жоҳилларнинг отаси” эди. Жоҳил деб сифатланиш жуда-жуда аччиқ ва уят бўлганидан у жоҳил деган сўзни инкор этади. Шу боис, ҳар бир инсон шараф бўлганидан агар чандики унга тўла қонли ҳақли бўлмаса ҳам дунёда илмларни қайсидир бирини ўзига нисбат беради. Зотан, илм ўз эгасини дунёда ҳам, охиратда ҳам мартабасини баланд қилади.
Шуни алохида таъкидлаш лозимки, оят ва ҳадисларда айтилган илмдан мурод ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олишга қизиқтириб бундай деганлар:”... Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради...”(Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Демак, динимиз илм талаб қилишни ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилганини унитмайлик. Бир ҳарф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилишга киришайлик. Оила аъзоларимиз, болаларимизни ҳам илмга қизиқтирайлик. Илм ўрганаётган ёшларимизни қўллаб-қувватлайлик ҳамда уларга далда бўлиб, ўзлари танлаган йўл қанчалар улуғ эканини тушунтирайлик.
Бугун юртимизда ахолига хусусан ёшларга яратилаётган шароитлар тахсинга лойиқ. Айниқса, ёшларимиз ҳар тарафлама етук ва баркамол авлод бўлишларига барча имкониятлар эшиги очиқ. Бу яратилган шароитлардан унимли фойдаланиб, юртимиз равнақига ўзини салмоқли хиссасини қўшадиган илм ва касб эгаси бўлишга харакат қилиш ҳам қарзимиз ҳам фарзимиздир. Зеро, бу азиз Ватан илм дарғаларини дунёга етказиб берган муқаддас заминдир. Биз ўз аждодларимизга муносиб авлод бўлишга интилайлик.
Янги бошланган ўқув йили барчамизга муборак бўлсин!
Жалолиддин Ҳамроқулов,
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири, "Новза" жоме масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кишилик тарихини кузатсак, киши ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанишини билиб оламиз. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг буйруқлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонни ўрганган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган.
Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради, киши орзу-мақсадларига фақат илм орқали етишади. Илму ирфондан юз ўгирган ёки илм олишга лаёқати паст бўлган жамият эса ҳамиша кимгадир юкуниб яшашга маҳкум бўлди. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримда: «...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» (Зумар сураси, 9-оят) деб бу борада аниқ мезонни белгилаб берди.
Азал-азалдан бу юртнинг нури бутун дунёга таралиб, порлаб тургани сир эмас. Масалан, Имом Бухорийни ким билмайди? Имом Термизийни, имом Доримийни-чи? Ёки Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муъийн Насафий каби улуғ зотларни ким эътироф этмайди? Бу улуғ имомларнинг илмий мерослари асрлар давомида ушбу заминнинг буюк тарихидан далолат бериб келмоқда. Бутун Ислом олами Бухоро сўзини эшитганда чексиз ҳурмат бажо келтириши ҳаммамизга маълум. Бундай эҳтиром, аввало буюк ватандошимиз – Имом Бухорий ҳазратлари, қолаверса, юртимизда етишиб чиққан уламолар шарофатидан.
Мовароуннаҳр диёри ҳар бир асрда Ислом оламига буюк алломаларни, дунё тан олган олимларни етказиб бергани тарихий ҳақиқат. Масалан, ҳижрий II асрда атоқли фиқҳ олими Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва улуғ муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак яшаб ўтишган бўлса, кейинги аср Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Абу Ийсо Термизийларнинг даври бўлди. Тўртинчи асрда Абу Мансур Мотуридий, бешинчи юзйилликда Абул Муъин Насафий, олтинчи асрда Абул Қосим Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, еттинчи асрда Абул Баракот Насафий каби улуғ Ислом олимлари етишиб чиқди.
Илм-фаннинг бошқа соҳаларини олиб кўрсак, бу борадаги ютуқлар ҳам илғор бўлган. Масалан, Косинуслар теоремасини биринчи бўлиб Абу Райҳон Беруний кашф қилган бўлса-да, олти юз йилдан кейин Оврупада француз олими Веитга нисбат берилди. Палеонтология ва седиментология соҳасида илк марта тажриба ўтказиб, бу бўйича китоб ҳам ёзган Абу Али ибн Сино бўлса-да, Албертга «Буюк Алберт» унвони берилди.
Биргина тиббиёт соҳасида юртимиздан чиққан улуғ олим ва ҳаким Абу Али ибн Синони бутун дунё замонавий медицинанинг отаси деб тан олгани, унинг тиббиётга оид «Ал-Қонун» каби шоҳ асари XVI асргача Ғарбдаги барча тиббиёт дорилфунунларида дарслик қилиб ўқитилгани, замонавий тиббиёт жуда кўп жабҳада Ибн Синодан ўрганганини гапириб ўтирмаймиз. Чунки бу далилларни Шарқу Ғарбда ҳамма жуда яхши билади.
Улуғ ватандошимиз Мусо Муҳаммад Хоразмий биринчи бўлиб алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр вал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган. Яна бир улуғ олимимиз Аҳмад Фарғоний фалакшуносликнинг (астрономия) отаси саналади, унинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум» китоби XII асрда Оврупа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан бир неча аср мобайнида Ғарб университетларида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган. Дунёда биринчи ҳисоблаш маркази Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек раҳбарлигида қурилган. XV асрда Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонасида ишлаган Ғиёсиддин Жамшид Коший биринчи бўлиб ўнли касрларни кашф этган. Оврупада эса ундан 175 йил кейин Симон Стевин бундай сонлар ҳақида илк фикрларини оммага тақдим этди.
Яна бир атоқли қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний Христофор Колумбдан анча олдин уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган, Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобусни ясаган, Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчаган, конуслар теоремасини француз олими Вентдан 500 йил олдин кашф этган.
IX асрнинг 1-ярмида халифа Маъмун томонидан Бағдодда ташкил этилган «Байт-ул ҳикма» («Билим уйи») деб аталган академияга ҳам марвлик Абу Али Яҳё ибн Мансурдан кейин Муҳаммад Хоразмий раҳбарлик килган эди. Бу даврда Хоразмий насаби шу даражада машҳур бўлиб кетдики, кимнинг Хоразмий насаблик шогирди бўлса, обрў ҳисобланар эди.
Энди шу жойда озгина бугунги кунимизга назар ташлайлик. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монелик йўқ, аксинча, чорлов бор, имконият бор. Аммо бизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий маросимларга сарфлаб юборяпмиз. Илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ҳаяжон билан воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга эса вақт-имкон «топа олмаяпмиз». Яқин ўтмишимиздаги оила дастурхони устида хонадон каттасининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат қилгани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари ташкил этишгани, ёшларнинг илм талабида ҳатто қўшни юртлардаги устозларникига қатнашгани каби ҳолатлар бугун эриш туюладиган бўлиб қолди.
Кундалик ташвишларни бир чеккага суриб туриб, ўтмиш ва бугунимизни қиёслаб кўрайлик. Кеча ким эдик, кимларнинг ворисларимиз деган саволни бериш билан бирга унга ечимни излайлик. Ажаб эмаски, шунда инсоният тамаддунида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиш билан бир қаторда дунё пешқадамларига айлансак.
Маҳмуд Маҳкам