Арофатга чиқишдан олдин ғусл қилиш суннатдир. Арофатда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлиб, бу рукнсиз ҳаж бўлмайди. Арафа куни заволдан бошлаб, Арофатда туриш вақти киради. Макони, Арофат деб номланган машҳур жой. Арофат чегарасидан бошқа жойда турса, ҳажи ҳаж бўлмайди. Арофатда Арафа куни заволдан ҳайит куни тонгигача қай ҳолда турса ҳам, бир соат турса соқит бўлади. Бу ерда ҳам талбия айтиб туради. Арофатда ҳам дуога зўр бериш керак, айниқса Жабали раҳмат устиларига чиқиб дуо қилиш тавсия қилинган. Арофатда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб, қаср қилиб ўқилади, пешин вақтида. Ҳаж амири хутба ўқийди. Арофатда қуёш ботгунча туриш вожиб ҳисобланади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Имомга намозни аввалидан иқтидо қилган киши имом рукудан турганидан сўнг руку қилди. Имомдан ортда қолгани учун унинг намози бузиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Имомга иқтидо қилган киши барча амалларни имомнинг кетиданоқ қилиши афзал саналади. Шунинг учун имомга кечикмасдан эргашиш афзал бўлади.
Аммо шунга қарамай бир оз кечикиш намозни бузмайди. Масалан, имом рукудан турганидан кейин унга иқтидо қилгувчи (муқтадий) руку қилса, кечиктиргани учун камчиликка йўл қўйган бўлса ҳам намози бузилмайди. Лекин аксинча, имомдан олдин руку ёки сажда қилиб қўйса ва имом билан бирга ёки ундан кейин қайта қилиб қўймаса, намози бузилади.
Бу ҳақда аллома Ибн Обидин батафсил баҳс юритиб, қуйидагиларни хулоса сифатида келтирганлар:
“Ҳа, имомга эргашиш фарз бўлади. Шу маънодаки, фарз амални имом билан бирга ёки кейин бажариши лозим. Масалан, имом руку қилди, муқтадий ҳам у билан биргаликда руку қилди. Ёки кейинроқ қилиб, рукуда имомни топди, ё имом рукудан бошини кўтаргандан кейин руку қилди (буларнинг барчаси эргашиш ҳисобланади).
Агар умуман руку қилмаса ёки имомдан аввал рукуга бориб, имом рукуга боргунича рукудан қайтса ва имом билан бирга ёки ундан кейин ҳам руку қилмаса, намози бузилади”.
“Демак, эргашишнинг ўзи уч хилдир:
1. Имомнинг феълига муқорин (бир вақтда) бўлиш, масалан, имомнинг такбирига ўз такбирини, рукусига ўз рукусини, салом беришига ўз саломини муқорин қилиш. Агар имомдан олдин руку қилса-ю, имом уни рукуда топса, бу ҳам шунга киради.
2. Имомнинг феълига кетма-кетликда эргашиб, қолган қисмида шерик бўлиш.
3. Кечикиб эргашиш (яъни, амалларни кетма-кетликдан ҳам кечроқ бажариш). Мана шу уч турни ўз ичига олувчи мутлақ эргашиш фарзда фарз, вожибда вожиб ва суннатда суннат бўлади. Бунга бирор зидлик бўлмаса ёки хилоф қилиш лозим бўлмаса (намози бузилмайди)”. (“Раддул муҳтор” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.