«Ўзбекистон – муқаддас Ватан, ота-боболаримиз ётган ер, ўзимиз ётадиган ер. Фарзандларимизни шу заминга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбларида шу муборак заминнинг ҳар қаричига меҳру муҳаббат уйғотиш бугунги куннинг энг устивор фазилатларидан бирига айланаётгани ҳаммамизни қувонтиради».
Ислом Каримов
Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йили мобайнида барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам улкан муваффақиятларга эришилди. Бу даврда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида эришилган энг катта ютуқларимизнинг асосийларини эсласак, қуйидагиларни айтиш мумкин:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида эришилган энг катта йўналишдаги ютуқлардан бири - бу диний соҳадаги матбуот, даврий нашр ва миллий доменда юртимиз мусулмонлари учун фаолият олиб бораётган электрон интернет сайтларидир.
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Каломи шарифида марҳамат қилиб, Ўзи бандалари учун берган неъматлари ҳақида одамларга етказиш ва бу неъматлар шукронасини билдириш кераклиги ҳақида шундай баён қилади:
Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга)
сўзланг! (Зуҳо сураси, 11 – оят).
Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким озга шукр қилмаса, кўпга шукр қила олмайди. Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳга шукр қила олмайди. Неъматларни гапириш шукрдир.”
Яратган Зот Ўзи биз бандаларига неъматлари ҳақида сўзлашимизни буюргани ва Пайғамбаримиз с.а.в. “неъматлар ҳақида гапириш шукрдир”,- деб марҳамат қилганлари айнан матбуот ва нашриёт соҳасида фидойилик билан меҳнат қилаётган қаламкаш ижод аҳлига ҳам тааллуқлидир. Зеро барчага, хусусан юртимиз мусулмонларига мустақилликдек буюк неъмат шарофати билан эришилаётган ютуқлар ҳақида ёзиш, гапириш ва улар ҳақида етказиш ижод аҳлининг тўғридан-тўғри бажарадиган шарафли вазифасидир.
Дарҳақиқат, мустақиллик шарофати билан диний ижод аҳлига эркинлик берилиб, тинчлик ва эзгулик дини бўлган муқаддас Ислом динининг ва мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётининг барча жабҳалари ҳақида ижод қилишга илҳом берди.
Жалолиддин Нуриддинов
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ