Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Март, 2026   |   11 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:48
Қуёш
06:08
Пешин
12:32
Аср
16:55
Шом
18:51
Хуфтон
20:04
Bismillah
31 Март, 2026, 11 Шаввол, 1447
Янгиликлар

12.08.2024   4360   1 min.
Бошқа мақолалар
Мақолалар

НОННИ ИСРОФ ҚИЛМАНГ, УВОЛИ БОР…

30.03.2026   196   57 min.
НОННИ ИСРОФ ҚИЛМАНГ, УВОЛИ БОР…

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

  1. «Еб-ичингиз, лекин исроф қилмангиз! Зеро Аллоҳ исроф қилувчиларни севмагай!» (Аъроф сураси 7/31 оят);

 

  1. «Исроф қилмангиз! Албатта, Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди» (Анъом сураси 6/141 оят);

 

  1. «Яна Раббингиз эълон қилган бу сўзларни эслангиз: «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта, уларни янада зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси 14/7 оят).

 

  1. Аллоҳ таоло: “Эй, Одам фарзанди! Ҳамиша овқатланишга ўтирганингизда қорни оч бечораларни ҳам эсингизда тутинг! Шунда сиз Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишингиз осонроқ бўлади” (муборак ҳадиси қудсий).

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

  • Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирдилар ва тўсатдан кўзлари тўкилган увоқларга тушди. Уларни териб олдилар ва тозалаб едилар. Сўнгра: “Аллоҳ таоло берган неъматларни қадрлагин! Зеро у неъматлар бирон қавмдан олиб қўйилса, бошқа қайтиб берилмайди!” – дедилар» (Имом Ибн Можа ривоятлари);
  • “Нонни эъзозланглар, чунки Аллоҳ таоло уни улуғлаган. Ким нонни улуғласа, Аллоҳ таоло у кишини улуғлайди” (Имом Табароний ривоятлари);
  • “Нонни ҳурмат қилинглар! Чунки Аллоҳ таоло уни осмон баракотидан нозил қилди, ер баракотидан чиқарди”;
  • “Ким бир биродарини то тўйгунича нон билан сийласа, то қонгунича сув билан суғорса, Аллоҳ таоло уни дўзахдан етти хандақ узоқ қилади. Ҳар бир хандақ етти юз йиллик йўлдир” (Имом Насоий ва Имом Ҳоким ривоятлари);
  • “Тежамкор киши асло фақир бўлмайди”;

 

  • Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди (Имом Термизий ривоятлари);

 

  • Таом сузилган лаганнинг атрофидан енглар, ўртасидан еманглар! Зеро ўртасига барака ёғилиб туради” (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

  • Мўминларнинг имони энг мукаммали – хулқи гўзал бўлганларидир (Имом Термизий ривоятлари);

 

  • “Нонни эъзозланглар, унга қўшиб ейиладиган нонхуруш ёки таомни кутмаслик уни эъзозлашдандир” (Имом Байҳақий ривоятлари);

 

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таомни айбламасдилар. Агар иштаҳалари тортса – ердилар. Кўнгиллари тусамаса – тарк қилар эдилар(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);

 

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам учта бармоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин уларни ялар эдилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривоятлари);

 

  • “Нафсингиз хоҳлаган ҳар нарсани еяверишингиз ҳам исрофдир(Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

  • “Нонни эҳтиром қилинглар!”;

 

  • «Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Ул Зотга айтдилар: “Биз овқатланамиз, лекин тўймаймиз». Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар якка-якка овқатланасизларми?” – дедилар. Улар: “Ҳа, шундай”, – дейишди. У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Овқатнинг устида жам бўлинглар ва Аллоҳнинг исмини айтинглар, сизларга барака беради”, – дедилар» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

 

  •  “Ким тилла ёки кумуш идишда ичса, албатта, жаҳаннам олови унинг қорнида қайнайди(Имом Муслим ривоятлари);

 

  • “Таомларнинг энг ёмони – бойлар хослаб чақирилиб, фақирлар таклиф қилинмай қолганидир” (Имом Бухорий ривоятлари);

 

  • Бир кишининг таоми икки кишига етгайдир (Имом Табароний ривоятлари);

 

  • “Дастурхонга тўкилган таом ва ушоқларни териб ейдиган одамнинг гуноҳлари тўкилади”;

 

  • “Қўлларида овқатдан қолган ёғ қолдиқлари билан ётиб ухлаган одамга бирор касаллик ёпишса, ўзидан кўрсин;

 

  • Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган (Имом Табароний ривоятлари);

 

  • “Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин”;

 

  •  “Албатта, мен – Аллоҳнинг қулиман. Қуллардек ўтираман ва қуллардек овқатланаман”;

 

  • Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қилаолмаган одам – Худога ҳам шукр қилаолмайди;

 

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялардилар ва: “Қачон, бирортангиздан луқма тушса, уни олсин ва ундаги нопок нарсани кетказиб, уни есин. Уни шайтонга ташламасин!” – дедилар. Шунингдек, лаганни бармоқлар билан сидириб ялашга амр қилдилар. “Албатта, сизлар таомингизнинг қаерида барака бўлишини билмайсиз”, – дедилар (Имом Муслим ривоятлари);

 

  • “Албатта банда қилган гуноҳлари сабабли ризқдан маҳрум бўлади”;

 

  • “Фарзандларингизни одобли қилиб тарбияланг, уларни ўз ҳолларига ташлаб, ҳою-ҳавасларга берилиб кетишларига йўл қўйманг”;

 

  • Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи  васаллам саҳобалардан Саъад разияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларида: Эй, Саъад, бу исроф нимаси?– дедилар. Саъад разияллоҳу анҳу: Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?– деб сўради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳа,  агарчи оқиб турган  дарёнинг бўйида турган бўлсангиз ҳам! – дедилар (Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоятлари);

 

  • “Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар. Исроф ва мутакаббирликка йўл қўйманглар!” (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоятлари);

 

  •  Нафақада ўртача бўлган киши ҳеч ҳам камбағал бўлмайди” (Имом Табароний ва Имом Дорақутний ривоятлари);

 

  • “Нафснинг кўзи тўймайди. Бир пақир олтини бор киши “оҳ, яна шундай бир пақир олтиним бўлсайди”, дейди”;

 

  • Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди. Одам боласига белни қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири – таом, учдан бири – сув ва қолган учдан бири – нафас учундир” (Имом Термизий ривоятлари);

 

  • Жам бўлиб овқат енглар! Тарқоқ бўлиб еманглар! Чунки барака тўпланиб еганлар билан биргадир (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

  • Иқтисод қилган кимса фақирлик кўрмас, исроф қилиш билан кўп мол ҳам қолмас” (Имом Абу Шайх Асбаҳоний ривоятлари);

 

  • Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Яъни, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тахминан 0,688 литр сув билан таҳорат қилардилар;

 

  • “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”;

 

  • “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Худога шукр!” деса, шунда у ўша неъматлардан афзалроқ нарсага эришган бўлади”;

 

  • Бир куни Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан бир тиланчи ўтди. Унга бир дона хурмо ҳадя қилдилар. Тиланчининг ғазаби келиб, қабул қилмади... Сўнгра бошқа бир тиланчи келди... Унга ҳам бир дона хурмо ҳадя қилдилар. У бир дона хурмони Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан деб, муҳаббату шукрона билан қабул қилди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир жорияга Умму Салама разияллоҳу анҳо ҳузуридаги қирқ тангани шу тиланчига беришликни буюрдилар;

 

  • “Исрофга йўл қўймай ва такаббурлик қилмаган ҳолда енг, ичинг, кийининг ва садақа қилинг!” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари);

 

  • “Одамларнинг яхшиси – одамларга кўпроқ фойда келтирадиганидир”;

 

  • “Бирортангизнинг луқмаси ерга тушиб кетса, уни олиб, ёпишган зарарли нарсаларни кетказиб, есин. Уни шайтон учун тарк қилмасин. Бармоқларини яламагунча, қўлини сочиққа артмасин. Чунки у барака таомнинг қаерида эканини билмайди” (Имом Муслим ривоятлари);

 

  • Нонни эъзозланглар! Чунки Аллоҳ таоло уни осмон баракотларидан бири қилиб туширгандир;

 

  • “Нонни ҳурмат қилинглар, Аллоҳ таоло уни осмон баракотидан нозил қилди, ер баракотини унинг учун бўйсундириб қўйди” (Имом Табароний ва Имом Баззоз ривоятлари);

 

  • “Тежамкор киши ночор бўлмас”;

 

  • “Эй, Оиша, Аллоҳнинг неъматларига яхши муносабатда бўлгин! Агар у неъматлар бирон қавмдан олиб қўйилса, камдан-кам ҳолларда қайтиб келади” (Имом Термизий ривоятлари).

 

 

  1. Қуръони карим ояти карималари,
  2. Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари,
  3. динимиз асослари,
  4. шариатимиз ҳукмлари,
  5. шарқона одобларимиз,
  6. мазҳабимиз меъёрлари,
  7. жамиятшунослик алоқалари,
  8. одамгарчилик муносабатлари,
  9. инсоний туйғулар,
  10. руҳшунослик сир-асрорлари,
  11. юртимиз урф-одатлари,
  12. ўзбекчилик қоидалари,
  13. маданиятимиз ахлоқлари,
  14. инсоний ақл ва ахлоқий нормалар,
  15. доно мақолларимиз,
  16. миллий анъаналаримиз,
  17. диний қадриятларимиз,
  18. халқимиз онг-тафаккури,
  19. миллатимиз менталитети,
  20. доно халқимиз дунёқараши,
  21. мусулмончилигимиз кўрсатмалари

 

а с о с    в а    н е г и з л а р и д а

 

  • улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари  ва  ноёб  ҳикматлари,
  • буюк  ота-боболаримиздан  эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари  ва бетакрор ҳикоялари,
  • меҳрибон  ота-оналаримиздан  ўрганиб  келаётган гавҳар ўгитлари ва  мислсиз  сўзлари,
  • элимиз  таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,
  • жаннатмакон  юртимиз – муқаддас  Ватанимиз  таълим  масканларида  таралаётган  дурдан  аъло фанлар ва беқиёс билимлар,
  • замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг  ажойиб  кашфиётлари,
  • бугунги  кунда  ва доим  керак бўладиган  ҳаётий  масалалар, долзарб  мавзулар,  қизиқарли  маълумотлар  ҳамда халқимиз орасида  эътироф этилган мезонлардан улуғ устозларимиз – табаррук уламоларимиз кенг, чуқур ва унумли истеъфода этиб, батафсил  тақдим  этган

улуғ устозларимиз – табаррук уламоларимиз

кенг, чуқур ва унумли истеъфода этиб,

батафсил тақдим этган

 

«ИСРОФ МАСАЛАСИ»

га доир

 

ниҳоятда фойдали маслаҳат, керакли тавсия

ҳамда

энг муҳим жиҳатларидан намуналар:

 

 

УЛУҒЛАРДАН   ҲИКМАТЛАР:

  1. Ота-онасидан чиройли тарбия кўрган инсонлар нон қўлдан ерга тушиб кетса, дарҳол уни олиб, уч марта ўпиб, пешоналарига сурадилар. Нон ушоғи дастурхонга тушганда, улуғ устозлар бармоқни ҳўллаб, ушоқ устига босиб олиб, оғизга солишни ўргатишган.

 

  1. Улуғ мутафаккир, фалакиёт олими, одил маърифатпарвар, султон Мирзо Улуғбек мулозимлари билан кетаётганида, йўл ёқасида ётган бир бурда нонни кўриб қолади-да, дарров отдан тушиб, уни қўйнига солади. Мулозим­лардан бири: “Ҳазратим, нега бизга буюрмай, отдан тушдингиз?” деб сўраганида: “Нонни биринчи бўлиб мен кўрдим, шундай экан, уни ердан олишни бошқа бировга буюриш нонга нисбатан ҳурматсизлигим бўлар эди. Ноннинг улуғлиги олдида менинг подшоҳлигим нима бўлибди?!” деб жавоб қайтарган экан.

 

  1. “Наводирул усул” китобида келтирилган ҳадиси шарифда Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нонни ҳурмат қилинглар! Чунки Аллоҳ таоло уни осмон баракотидан нозил қилди, ер баракотидан чиқарди”, – деб марҳамат қилганлар. Ҳадиси шарифнинг шарҳларида: “Нонни босмаслик, ташламаслик унинг икромидан ҳисобланади. Агар уни улоқтирса, нопок жойларга ташласа, неъматларни инкор қилиб, ўзига жафо қилганлардан бўлади. Ризқнинг кенглиги – дин учун катта қувватдир. Агар неъматга жафо қилса, катта неъматлар нафратга айланади. Неъмат кетгандан сўнг қайтмайди. Зеро улар жафо билан муҳрлангандир”– дейилган.

 

  1. Асарларда келтирилишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлган Ҳасан ибн Али таҳорат олиш мақсадида бир манзилга кирган пайтларида нопок жойда ётган нон бўлагига кўзлари тушди. Дарҳол уни олдилар-да, тозалаб ювдилар. Сўнгра ёнидаги хизматчиларига узатиб, “таҳорат қилиб бўлганимдан сўнг берасиз”, – дедилар. Таҳоратни тугатганларидан кейин хизматкорларидан нон бўлагини сўрадилар. У эса: “Мен уни еб қўйдим...” – деди. “Ундай бўлса, сизни озод қилдим”, – дедилар Ҳасан ибн Али. Хизматкор ажабланиб, озод қилиниши сабабини сўради. Жавобига Ҳасан ибн Али: «Фотима онамиз ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким нопок ерда ётган бир бўлак нонни олиб, тозалаб еса, нон ҳазм бўлиб улгурмасдан олдин гуноҳлари кечирилади”, деган эдилар”, деб айтгандилар. Шундай экан, мен гуноҳлари кечирилган, жаннат аҳли бўлган кишини хизмат қилдира олмайман...» – дедилар (Имом Абу Яъло ривоятлари).

 

  1. “Кимки дастурхондан тўкилган нон ушоғини териб еса, ҳаёти фаровон бўлади ва фарзанд, набиралари ҳеч ҳам танглик кўрмайди”.

 

  1. Улуғ аллома, муҳаддис ва муфассирлар Имом Ибн Асокир ва Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилишларича, Ҳадийя ибн Холид ўз бошидан кечирган воқеани ҳикоя қилади: «Бир куни мен Амирул мўъминин Маъмуннинг мажлисларидан бирида ҳозир бўлган эдим. У жойда меҳмонларга дастурхон ёзилди.

 

Зиёфат тугаганидан сўнг дастурхон йиғиб олинди.

 

Айни шу пайтда менинг кўзим ерда ётган нон ушоқларига тушди ва уни тера бошладим.
 

Шунда Маъмун менга қарата: “Тўймадингизми?” – деб савол қилди.
 

Мен: “Тўйдим, лекин дастурхондан тўкилган нон бурдасини кўриб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шариф кўнглимдан ўтди. Ҳаммод ибн Салама Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким дастурхон остидаги тушган нонларни еса, фақирликдан омонда бўлади” деган эканлар”, – дедим.

 

Шунда менинг ҳадиси шарифга бўлган эътиборим ёки одоб ахлоққа амал қилганимдан хурсанд бўлиб, Маъмун менга 1000 динор совға қилди.
 

  1. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: “Бир неча кунга етиши мумкин бўлган озуқани бир кунда сарфлаган оила аҳлидан нафратланаман”, – деганлар.

 

  1. Асарларда келтирилишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлган Ҳасан ибн Али таҳорат олиш мақсадида бир манзилга кирган пайтларида нопок жойда ётган нон бўлагига кўзлари тушди. Дарҳол уни олдилар-да, тозалаб ювдилар. Сўнгра ёнидаги хизматчиларига узатиб, “таҳорат қилиб бўлганимдан сўнг берасиз”, – дедилар. Таҳоратни тугатганларидан кейин хизматкорларидан нон бўлагини сўрадилар. У эса: “Мен уни еб қўйдим...” – деди. “Ундай бўлса, сизни озод қилдим”, – дедилар Ҳасан ибн Али. Хизматкор ажабланиб, озод қилиниши сабабини сўради. Жавобига Ҳасан ибн Али: «Фотима онамиз ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким нопок ерда ётган бир бўлак нонни олиб, тозалаб еса, нон ҳазм бўлиб улгурмасдан олдин гуноҳлари кечирилади”, деган эдилар”, деб айтгандилар. Шундай экан, мен гуноҳлари кечирилган, жаннат аҳли бўлган кишини хизмат қилдира олмайман...» – дедилар (Имом Абу Яъло ривоятлари).

 

  1. “Мўмин кишидан ортиб қолган таом – иккинчи бир мўмин учун аниқ шифодир. Чунки ундан ортиб колган таомда хайр, барака ва дардларга шифо ва даво бордир”.

 

  1. Агар керакли-кераксиз нарсаларга пала-партиш пул сарфланаверса, исроф ва харажат эшиги катталашиб кетади.

 

  1. Исроф бор ерда ҳеч қачон барака бўлмайди.

 

  1. Барча динларда яхши одоб-ахлоқли бўлиш – савоб, унга тескари ишлар эса – гуноҳ ҳисобланади. Бинобарин, одоб ва тарбия динимизнинг мағзини ташкил этади.

 

  1. Ахлоқ-одобга доир манбаларда айтилишича, жамият аъзолари дабдабаларга берилмаслиги учун уларга одобу тарбия сув ҳамда ҳаводек зарур, дейилади. Дабдабага берилиш – одамни тўғри йўлдан оздиради.

 

  1. Ақл-идрокли киши барча ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёрни маъқуллайди. Ҳаддан ошиш, исроф ва риё каби иллатлардан узоқ бўлишга ҳаракат қилади.

 

  1. Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Еган таомингизни зикр ва намоз ўқиш билан эритинглар!”.

 

  1. Ҳалол бойлик топиш – катта бир тошни тоғ тепасига олиб чиқиш. Ўринсиз сарфлаш эса – уни пастга осонгина юмалатиб юборишга ўхшайди.

 

  1. Маънавий озуқа инсон ақли ва руҳиятини юксалтиришда қанчалик муҳим бўлса, моддий эҳтиёжларнинг меъёр ва чегарасидан ошмаслик ҳам шунчалик аҳамиятлидир.

 

  1. Исроф иллати ҳам оилада пайдо бўлади, бунинг олдини олиш ҳам оиладан бошланади. Демак, оиланинг раҳбарлари – ота-оналар бу вазифада масъул саналади. Улар, аввало, ҳалол ишлаб ризқ топишда ва уни ўрни-ўрнига, исроф қилмасдан ишлатишда болаларига ибрат бўлишлари зарур.

 

  1. Фарзандларингизни одобли қилиб тарбияланг, уларни ўз ҳолларига ташлаб, ҳою-ҳавасларга берилиб кетишларига йўл қўйманг!

 

  1. Оғзига келганни демоқ – нодоннинг иши, олдига қўйганни емоқ – ҳайвоннинг иши”.

 

  1. Довуд пайғамбарнинг ўттизта ўғиллари бўлибди...

 

Бир куни пешин намозига одамлар кечика бошлабди. Довуд пайғамбар орқаларига қарасалар, ўнг томонларида ўн бешта ўғиллари, чап томонларида ўн бешта ўғиллари ўтирибди экан.

 

Шунда сал мақтанчоқликка бўй олдириб:

Ўзимиз ҳам бир жамоа эканмиз-ку, элни кутмасдан намозимизни бошлайверамиз... Худо хоҳласа, ўттиз ўғлим бор, ҳақ динни бутун элга ўзим етказаман, деган ўй келиб, намозни бошлаб кетибдилар.

 

...Худога Довуд пайғамбарнинг бу ишлари ёқмади. Довуд пайғамбар намоз вақтида “Ассалому алайкум вараҳматуллоҳ!” деб, ўнг томонга салом берганларида ўн бешта ўғиллари жон топширди. Чап томонга салом берганларида, қолган ўн бешта ўғиллари бандаликни бажо келтирди.

 

Хатосини уққан Довуд пайғамбар алайҳиссалом кўз ёшларини дарё қилиб, Яратгандан кечирим сўрадилар...

 

Раҳми чексиз Аллоҳ таоло:

Ўттизта ўғлингизни қайтариб берайми ё ўттизини ўрнини босадиган битта ўғил берайми? – деб сўради.

Сенинг амринг икки бўлмайди... Ўттиз ўғлимнинг жонлари жаннатда бўлсин... Менга уларнинг ўрнини босадиган битта ўғил берсанг бас...

Айтганингиз бўлсин! Лекин боланинг умри қисқа бўлади. Мен унга фақат тўққиз йил умр бераман.

Майли, шунисига ҳам шукр! – деб, Довуд пайғамбар келаси йил ўғил кўрадилар.

 

У боланинг исми Сулаймон эди. Сулаймон иш буюришга яраб қолган пайтида Довуд пайғамбар унинг қўлига қумғон (обдаста), елкасига сочиқ осиб:

Ўғлим, сен энди бизнинг уйга келган меҳмонларнинг ёш-ми, қари-ми ҳаммасининг қўлига сув қуйиб тургин! Сувни уч марта узиб-узиб қуясан. Тўртинчи марта, агар меҳмон сўраса, қуясан.

Ота, нега узиб қуйишим керак?

Сабаби: ўликни ювишганда сувни узмай қуяди. Сен ахир сувни тирик одамларга қуясан-да, ўғлим... Иккисини фарқи бор – дедилар.

 

Довуд пайғамбарга келган ёш-қарининг ҳаммаси, сув қуйиб турган Сулаймонга “Юзга кир, болам!”, “Қўлинг дард кўрмасин!”, “Катта олим бўлгин!”, “Подшо бўлгин!”, “Улуғ инсон бўлгин!”, “Умринг узоқ, ризқинг бутун бўлсин!”, деб раҳматлар айтарди.

 

Бир куни Сулаймон тўққиз ёшга тўлди.

У пайтларда боласи тўққизга тўлгач, уни бир қизга унаштириб қўйиш лозим эди. ...Лекин Аллоҳнинг “болага фақат тўққиз йил умр бераман” дегани Довуд алайҳиссаломнинг эсларида эди.

 

Бир куни Довуд пайғамбар саҳарда Аллоҳни зикр қилиб ўтирар эдилар... Сулаймоннинг ёши тўққиздан ошди. У энди жон таслим қилиши керак эди. Бунинг тирик қолганининг сабабини сўради ва агар жонини олмайдиган бўлса, болани унаштириш лозимлигини айтди...

Шунда Хақ Таоло:

Менинг исмларимдан бири – Раҳимдур! Минглаб одамлар сизнинг болангизга узоқ умр тилади. Мен шунча халқнинг дуосини қайтара олмайман... Сулаймон узоқ умр кўради, У барча ердаги махлуқларни, осмондаги қушларнинг ва барча денгиздаги балиқларнинг тилини биладиган бўлади. Барча одамлар ва жинларга ҳукмронлик қилади, – деб жавоб берди.


Ана шундан бошлаб ёш болалар қарияларнинг дуосини олсин, деб, тўй-маросимларда уларга сув қуйдириб қўядиган бетакрор ва беқиёс гўзал урф-одат пайдо бўлибди...

 

  1. Кимки дастурхондан тўкилган нон ушоғини териб еса, ҳаёти фаровон бўлади ва фарзанд, набиралари ҳеч ҳам танглик кўрмайди.

 

  1. Оила аъзоларига овқатланиш одобларини айтиб туриш, дастурхон атрофида ўзаро яхши мулоқотда бўлиш, ўрни билан ёшларнинг камчиликларини билдириб қўйиш – катталарнинг бурчидир. Хусусан, нон ва озиқ-овқатларни истеъмол қилиш тартибларини, нон ва нон маҳсулотларини исроф қилмасликни ўргатиш ва талаб этишдан ҳеч бир ота-она чарчамаслиги даркор.

 

  1. Бир луқманинг 360 хизматчиси бордир. Бу хизматчиларнинг биринчиси – Микоил алайхиссалом бўлсалар, охиргиси – ўша нонни пиширган одамдир.
     
  2. Бир бурда нон учун Аллоҳ таолонинг 360 та махлуқотлари фармонбардор бўлар экан. Аввал Аллоҳ таолонинг Раҳмат конидан Микоил алайҳиссалом сув олиб чиқар, сўнгра булутлар, Қуёш ва Ой, осмондаги бошқа фаришталар, ерда эса дехқонлар, охири нонвойлар хизматда бўлар экан.

 

  1. Нонни эъзозлаш, хор қилмаслик, нонга таҳқир назари билан боқмаслик, ноннинг устига гўшт, нонхуруш ва пишириқларни қўймаслик, исроф этмаслик одобини доно ота-оналаримиз фарзандлари онгига сингдирганлар.
     
  2. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нонни эъзозланглар!” деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадиси шарифга биноан, уламоларимиз нонни қадрлаб ўпиш, иззат-икромини ижро этиш лозим деб санашган.

 

  1. Адаб китобларида нонлар қайси шаклда пиширилган бўлмасин, истеъмол қилувчи ундан ўзига мақбул жойи (ўртаси ёки атрофи)ни еб, қолганини ташлаши мумкин эмаслиги таъкидланади.

 

  1. Тўй ва зиёфатларда дастурхонга тортилган ноз-неъматлар ичида нон маҳсулотини етарлидан зиёда қилиш исроф дейилган. Айтиш жоизки, нон неъматини қайси ҳолатда бўлса ҳам истеъмол қилиш мумкинлиги исрофнинг олдини олади.

 

  1. Инсон оламига қут-барака бўлган нон неъматининг яна ҳам баракотли бўлиши учун иззат-икром қилиш – одам фарзанди зиммасидаги бурчдир. Зеро уни иззат қилиш моҳиятида мавжуд ризққа рози бўлиш ифодаси ётади.
     
  2. Ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нонни ҳурмат қилинглар! Чунки Аллоҳ таоло уни осмон баракотидан нозил қилди, ер баракотидан чиқарди” деганлар. Бу ҳадиси шариф шарҳларида: “Нонни босмаслик, ташламаслик унинг икромидан ҳисобланади. Агар уни улоқтирса, нопок жойларга ташласа, неъматларни инкор қилиб, ўзига жафо қилганлардан бўлади. Ризқнинг кенглиги – дин учун катта қувватдир. Агар неъматга жафо қилса, катта неъматлар нафратга айланади. Неъмат кетгандан сўнг қайтмайди. Зеро улар жафо билан муҳрлангандир”, дейилган.
     
  3. Бошқа фиқҳий китобларда ҳам нонга оёқ босиш, уни асбоб қилиб ишлатиш, хамир ва нондан ҳар хил шаклларни ясаш, нон устида ўтириш, уни нопок жойларга ташлаш, хусусан, чиқинди ҳисобида улоқтириш мумкин эмаслиги тўғрисида аниқ ва батафсил таъкидланади.

 

  1. Аллоҳ таоло инсонларни исрофнинг барча кўринишидан қайтариб, унинг ёмон оқибатларини ҳам баён қилиб берди. Неъматга хиёнат қилиш ва нотўғри жойларга ишлатишни “гуноҳ” деб баҳолади.

 

  1. Ақл-идроклари билан бошқа аёлларга ҳам намуна бўла олган, тарбия ва заковати билан, ўз насиҳати билан оила, рўзғор одоб-ахлоқини тарқата оладиган доно аёллар рўзғорларини жуда усталик билан, моҳирона, тежамкорлик ила олиб борадилар. Бундай ажойиб фазилат ҳар бир оилага ёқади.
     
  2. Аслида тежамли бўлиш ва исрофдан сақланиш – ҳар бир аёлнинг кундалик вазифасидир.
     
  3. Ишбилармон уй бекаси кундалик ҳаётда сабзавот-меваларнинг айниб, чиришига йўл қўймайди, озиқ-овқатларни истеъмолга яроқсиз бўлиб қолишдан сақлайди, овқатларни пазандалик маҳорати билан мазали, тотли қилиб тайёрлайди, оила дастурхонидан ортган нонларни ташлаб юбормасдан, улардан пишириқ ва таомлар тайёрлаб, истеъмол қилиш чорасини кўради.

 

  1. Агар назар солсангиз, оила ва рўзғор юритишда ҳар бир хонадоннинг динимиз ҳамда миллий удумларимизга мос бўлган ўз низом ва тизими бўлади. Бу тартибларнинг бажарилиши асосан оиладаги катталар томонидан назорат қилиб турилади. Хусусан, бу тартиб-қоидалар уй-жойни озода ва покиза сақлаш, анжомлар, либос ва кийимларни асраб-авайлаш, исроф қилишдан сақланишга ҳам тааллуқлидир. Рўзғорга келган озиқ-овқат, хом ашё, мева-сабзавот, ширинлик ва нон маҳсулотларини тўғри сақлай билиш ҳам – оила бекасининг зиммасида. Сифати тез ўзгарувчи озиқ-овқатлар ичида нон маҳсулоти ҳам суви қочиб, қаттиқ нонга айланиши тез-тез учраб турадиган воқеалардан. Уй бекаси аввало бунга йўл қўймаслиги, кундалик истеъмолга етадиган нон олинишини назорат қилиши, агар ортиб қоладиган бўлса, уни қотириб қўйиши зарур.

 

  1. Баъзи оилаларда ўйнаб юрган болаларнинг қўлларига ҳам нон беришади. У болаларча иш тутади, ёш болалигига бориб, нонни у ер-бу ерга қўяди ёки ушоғини тўкади. Натижада катталар “ёшларни нон қадрини билмасликда” айблайдилар. Шунда савол туғилади: “Ота-онаси болага ноннинг қадр-қимматини, уни ҳурмат қилиш кераклигини ёшлигида тушунтирганмикан?”, “Бола ноннинг ушоғини ҳам исроф қилмаслик кераклигини билармикан?”, “Нон қадрини англамаган, исрофнинг зарарларини ҳис қилмаган одам ўз фарзандига бу борада қандай насиҳат қилиши мумкин?”

 

  1. Гоҳида “Нон исрофи ношукрликдан келиб чиқаётган эмасмикан?” деган савол туғилади. Сабаби – шукроналик доимо инсонни итоатга, меҳнатсеварликка, бор неъматни қадрлашга ундайди.

 

  1. Ердаги нон ушоқларини териб ейишлик – берилган неъматга шукронанинг ифодаси бўлади. Ҳадиси шарифларда: “Кимки дастурхондан тўкилган нон ушоғини териб еса, ҳаёти фаровон бўлади ва фарзанд, набиралари ҳеч ҳам танглик кўрмайди” дея марҳамат қилинган.

 

  1. Китобларимизда “исроф” – (гарчи инфоқ моддий харажатда машҳурроқ бўлса-да), у инсон қиладиган ҳар бир амал ва ҳар бир сўзида ҳаддан ошишдир дейилган.

 

  1. Аллоҳ таоло берган улуғ неъматларни узрсиз, сабабсиз исроф қилганлар – Аллоҳ таолонинг буйруғи ва Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бажармаган кишилар ҳисобланади.

 

  1. Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, луғатда ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “меъёрдан ошиб кетиш”, “ҳаддидан ошиш”, “чегарадан чиқиш каби маъноларни билдиради.

 

  1. Истилоҳда эса моддий ва маънавий маънода ишлатилса-да, кўпроқ моддий сарф харажатларда ўз ифодасини топади.

 

  1. Ҳар қандай ишда чегарадан чиқиш – исрофдир.

 

  1. Инсон қиладиган ҳар бир амал ва ҳар бир сўзида ҳаддан ошиш – исрофдир.
     
  2. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, “увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.

 

  1. Ҳар бир нарса заруратдан ташқари ёки нотўғри мақсадга ишлатилса, бунинг натижаси парокандаликка олиб бориши – исбот талаб қилмайдиган  ҳақиқатдир.

 

  1. Шунинг учун ҳам Қуръони карим оятларида алоҳида эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло берган неъматларни исроф қилмаслик лозимлиги тўғрисида кўп айтиб ўтилган.

 

  1. Исроф – пул, мол ва Аллоҳ томонидан бизга берилган неъматларни ножўя сарфлашдир.
     
  2. Уламоларнинг айтишларича, ИСРОФ:
    • фақирликка етаклайди,
    • жаннатдан узоқлаштириб,
    • дўзахга яқинлаштиради,
    • Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўлади.

 

  1. Ёшлари катталар дарров ўтган кунларни эслашади ва исрофли тўй тўғрисида “тўқликка шўхлик” деган халқ мақолини беихтиёр тилга олишади.
     
  1. Уламолар янги келган ҳар бир меҳмон учун нон неъматининг “иссиқ нон” баҳонасида ушатилишини ҳам исрофдан деб баҳолайдилар.

 

  1. Тўйларда хурсандчилик сифатида пул сочиш, уларнинг оёқ остиларида қолиши – ноўриндир. Зеро пул бирлиги давлат рамзи бўлиши билан бирга, миллий қадрият ҳамдир.

 

  1. Ислом динида мол-дунё (тилла, кумуш, пул бирликлари) ни оёқости қилишлик, чиқинди жойларга ташлашлик, пулга туфлашлик, ақли ноқисларга беришлик каби ножўя амаллардан қайтарилган.

 

  1. “Файзул Қадир” китобида ҳукамолар “Нон ўпилади, босилмайди!” деган масалани таъкидлаб келтирганлар.

 

  1. Дарҳақиқат, ҳар бир замон даҳоси, доноси, олими, фозили, ҳозиқу ҳакими ёки фақиру фуқароси, ким бўлишидан қатъи назар, нонни эъзоз этишга ундайди ва бунга аввало ўзи амал қилишга интилади. Ҳеч бир замон аҳли қийинчилик, қимматчилик, қаҳатчилик, қурғоқчилик каби инсон учун оғир ва зарарли бўлган кун келишини хоҳламайди. Балки кундалик ҳаётида доимо ризқ-насибаси кенг, умри узоқ, ҳаёти фаровон бўлишини истаб Яратганга илтижо қилади.

 

  1. Қаноатнинг иккинчи шарти – неъматларни режали харжлаш. Ҳаётда тадбирли кимсалар бировларга хушомад қилмайди, ёлғон гапирмайди, ҳирс ва тама балосига дучор бўлмайди.

 

  1. “Нон ҳам нон, увоғи ҳам нон” – халқона ҳикмат. Унинг мазмунида гуноҳ, зое, исроф хавфи бор. Қаердаки, кимдаки бу хусусга андиша бўлмаса, бир жазоси бор. Бу ўгит шу сабабдин кўп такрор бўлган.

 

  1. Таомдан сўнг берилган неъматларга шукрона келтириш, ҳамд-сано айтиб, таом тайёрлаган ва тақдим этганларга дуо қилиш – динимизнинг асосий таълимотларидан биридир.

 

  1. Хайр ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир (Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ).

 

ХАЛҚ  МАҚОЛЛАРИ:

  • Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан.

 

  • Бойлик ушоқдан йиғилар.

 

  • Донни йиққан донодир.

 

  • Тежамкорлик – ярим ризқ.

 

  • Яхши ўғил бийлар ота молини,

Ёмон ўғил сочар ота молини.

 

  • Тежам билан ишлатсанг – уй-рўзғоринг бут. 

Исроф билан ишлатсанг – ёмон кунни кут! 

 

  • Мозоринг яқин бўлса ҳам,

Бозоринг яқин бўлмасин.

 

  • Ўтин йиғсанг – пул бўлар,

Ўтга ёқсанг – кул бўлар.

 

  • Эрта турган кишини

Худо ўнглар ишини.

 

  • Кексалар бор уйда барака бор!

 

  • Яхшига қилсанг яхшилик –

Ҳам айтади, ҳам қайтади.

Ёмонга қилсанг яхшилик –

На айтади, на қайтади.

 

  • Бугун едим – етдим.

Эрта едим – ўтдим.

Ҳамма ҳайитга чиққанда,

Хумга кириб ётдим.

 

  • Қириб есанг – қирқ кунга етар,

Ўйиб есанг – ўн кунга.

 

  • Тийин қадрини билмаган сўм қадрини билмас.

 

  • Товуқ есанг – бир ейсан,

Тухумини есанг – минг ейсан.

 

  • Отни аяган от минар,

Тўнни аяган тўн кияр.

 

  • Чақирилган ерга бор,

Чақирилмаган ерда сенга нима бор? 

 

  • Нафсини тийган киши султон бўлур,

Нафсини тиймаган киши ултон бўлур. 

 

  • Нон ҳам нон, увоғи ҳам нон.

 

  • Нафсини тийган – валий.  

 

  • Икки ярим – бир бутун.

 

  • Каллаклаб ёқсанг, қирқ йилга етар,

Қўпориб ёқсанг – бир йилга.

 

  • Соқолинг чиқмай пул топсанг,

Отанг бергандай бўлар.

 

  • Ота мулки бўлса ҳам, аяб е.

 

  • Ошни аясанг – ошга,

Нонни аясанг – нонга.

 

  • Оқ танганг ортиқ бўлса,

Қора кунингга сақла.

 

  • Пулни топиш осон – сақлаш қийин.

 

  • Пул тўпласанг – кул бўлар.

Сомон тўпласанг – пул бўлар.

 

  • Бир бошоқ дон –

Бир сават нон.

 

  • Пулнинг онаси – тийин.

 

  • Саноқли мол йўқолмас.

 

  • Соғиб ичсанг – минг кунлик.

Сотиб есанг – бир кунлик.

 

  • Тома-тома кўл бўлар,

Томмай қолса, чўл бўлар.

 

  • Эр топувчан бўлса,

Хотин тақувчан бўлар.

 

  • Ўтин ёрмаганга ўтин ёқтирма.

 

  • Қаровсиз уй – ташландиқ ўра.

 

  • Дон аяган донга етар,

Нон аяган – нонга.

 

  • Нон ҳам – нон, ушоғи ҳам – нон.

 

  • Нон боласи – нонушоқ.

 

  • Яхши ўғил ота молини бийлар,

Ёмон ўғил ота молини сочар.

 

  • Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр.

 

  • Ейишинг – кепак,

Кийишинг – ипак.

 

  • Тўқликда очликни ўйла,

Бойиганда – муҳтожликни!

 

  • Йиғсанг – етасан,

Совурсанг – кетасан.

 

  • Кам-кам есанг – доим ерсан.

Кўп-кўп есанг – нени ерсан?

 

  • Олаверсанг – енгил бўлар,

Солаверсанг – оғир.

 

  • Нокаснинг ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймас. 

 

  • Олғирлик офат келтирар,

Баднафслик – ҳалокат. 

 

  • Нонга ҳурмат – элга ҳурмат. 

 

  • Ноннинг уч кунлигини, гўштнинг бир кунлигини егин. 

 

  • Нон ҳидида ҳаёт бор, ҳар мағзида мамот бор. 

 

  • Нон бўлса – бас, ўзгаси – ҳавас. 

 

  • Бирни кўриб – шукр қил, бирни кўриб – фикр қил.

 

  • Нонсиз яшаб бўлмас, гапни ошаб бўлмас. 

 

  • Ҳар куни ема паловни,

Ҳар куни ёққин оловни. 

 

  • Ҳисобини билган – бир йил етим,

Ҳисобини билмаган – ўлгунча етим. 

 

  • Ҳамёнини қадрлаган

Ҳисобини пухта қилар. 

 

  • Тежаб еган – дармонда,

Тежамаган – армонда. 

 

  • Отангга не қилсанг,

Олдингга шу келар. 

 

  • Эрта турган йигитнинг бир ризқи ортиқ,

Эрта турган аёлнинг бир иши ортиқ. 

 

  • Қаноат тўрга элтар,

Очкўзлик – гўрга. 

 

ТИББИЁТ  ОЛИМЛАРИНИНГ  ТАДҚИҚОТ  НАТИЖАЛАРИ:

  • Инсон кўп еганда:
  • юрак қисилиб, тиниқ ишламайди;
  • мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатади;
  • ошқозон зўриқиб ишлайди;
  • одамнинг танбаллиги ортади;
  • камҳафсала ва серуйқу бўлиб қолади.

 

  • Кўп овқат ейиш – инсон табиатига ёт нарса:
  • шифокорлар ҳамиша кўп таом ейишдан қайтаришган,
  • кам таомланишнинг кўплаб фойдаларини айтиб ўтишган.

 

  • Қирқ кундан зиёд умуман гўшт емасликнинг зарари бор.

 

  • Мунтазам равишда кўп гўшт истеъмол қилиш соғлиққа зарарлидир.

 

  • Сут ёки сутли таом билан балиқ, тухум ва нордон нарсани,
  • қовурилган гўшт билан қайнатилганини,
  • эски гўшт билан янгисини,
  • мижози турлича бўлган овқатларни бир-бирига аралаштириб ейиш,
  • ҳидланган таомни истеъмол қилиш ярамайди.

 

  • Овқатларни бир-бирига аралаштириб еб бўлмайди;
  • масалан, қатиқдан сўнг ғўр узумни,
  • барча турдаги овқатлардан кейин ўрик ва шафтоли еб бўлмайди;
  • ғўр узум билан балиқни,
  • сирка билан саримсоқни,
  • пиёз билан саримсоқ пиёзни ҳам аралаштириб истеъмол қилиш ярамайди.

 

  • Асал билан қовунни,
  • товуқ гўшти билан балиқни,
  • саримсоқ, боқила, айрон ва қатиқни ҳам аралаштириб бўлмайди.

 

  • Овқатланишда тез ва шитоб билан ейиш соғлиққа зарар қилади.

 

  • Замонавий тиббиёт ҳам тик турган ҳолда шошилиб овқатланиш таомнинг яхши ҳазм бўлмаслиги ва семириб кетиш сабабларидан эканини аниқлади.

 

  • Замонавий фан бармоқлар учларида иштаҳа қўзғашга ва овқат ҳазмига ёрдамлашадиган нуқталар борлигини кашф этди.

 

  • Киши оч қолганда овқатга қўл узатса, жуда ҳам тўйиб кетмасдан олдин ейишни тўхтатса, ҳеч қачон бетоб бўлмайди.

 

  • Сувни терлаб турганда ичиш яхши эмас.

 

  • Уйқудан уйғонар-уйғонмас дарҳол сув ичиш тўғри эмас.

 

  • Қишда қувватлироқ, ёзда эса енгил ҳазм бўладиган таом ва мева-сабзавотларни тановул қилиш.

 

  • Дастурхондан асал, узум, хурмо, зайтунни узмаслик.

 

  • Чарчаганда ширинлик ейиш.

 

  • Бир ойда бир кун бўлса ҳам рўза тутиб, танага дам бериш.

 

  • Овқат тез ейилмайди.

 

  • Овқат шошилмасдан, яхши чайнаб ейилади.

 

  • Таомни яхшилаб чайнамай ютмаслик.

 

  • Таом билан ичимлик ўтириб тановул қилинади.

 

  • Олинган луқмалар яхшилаб чайнаб, сўнг ютилади.

 

  • Иложи борича ўнг тарафда чайнаган маъқул.

 

  • Овқатланиш меъёрида бўлгани маъқул.

 

  • Таом иссиқ ёки жуда совуқ ҳолда ейилмайди.

 

  • Сархил овқатлар, мунтазам қуюқ зиёфатларни яхши кўриш одамни ялқов қилиб қўяди, соғлигига путур етказади, тоатдан чалғитади.

 

  • Гўштли таомлар мунтазам ейилмайди, тарк ҳам қилинмайди.

 

  • Ноннинг қотгани ёки эскирганини истеъмол қилиш зарарли эмаслиги, ҳатто айрим кишиларнинг саломатлиги учун фойдали эканлиги турли йўллар билан исботланган.

 

  • Таомланиш пайтида китоб-газета ўқиш, телевизор кўриш, телефон ва бошқа машғулотлар билан банд бўлиш саломатлик учун зарарли.

 

  • Қорин тўйгунча ейиш ҳам дуруст эмас.

 

  • Таомдан кейин асло совуқ сув ичмаслик.

 

  • Замонавий фан ҳам тик туриб сув ичиш зарарлигини исботлаган.

 

  • Тишларни овқатлангандан сўнг тозалаб, ювиб юришга одатланган одам асло тиш оғриғига учрамайди. Бундай кишининг милклари соғлом бўлур.

 

  • Буюк Британиянинг Астон давлат илмий-тадқиқот университети олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, ерга тушиб кетган егуликни 5 сония ичида ердан олиб истеъмол қилиш соғлиқ учун хавфсиз экан. Чунки бу вақт ичида ҳеч қандай микроорганизм егуликка тегишга ёки уни зарарлашга улгурмас экан.

 

  • Оилавий кечки овқат фойдали. Биргаликда овқатланиш анъанаси нафақат оилавий муносабатларни мустаҳкамлайди, балки соғлом овқатланиш одатларининг шаклланишига ҳам ҳисса қўшади.

 

  • Бу айниқса болалар учун жуда муҳимдир – болаларда ёлғиз овқатланиш келажакда овқатланиш қоидаларини бузилиши хавфини оширади.

 

  • Шундай қилиб, кунига камида икки марта ота-онасидан алоҳида овқатланадиган болаларда семириш хавфи 40 % юқори.

 

  • Оиласи билан ҳафтасига 5 мартадан кўпроқ овқатланадиган болаларда овқатланиш бузилиши хавфи паст бўлади, соғлом овқат истеъмол қилади ва яхши ўқийди.

 

  • Оилавий кечки овқат қанча кўп бўлса, одамлар шунчалик кўп сабзавот истеъмол қиладилар.

 

  • Инсондаги ичак ва мия боғланган. Озиқ-овқат ёрдамида биз кайфиятимизни кўтариб, энергия даражасини оширишимиз мумкин.

 

  • Мазали таом ва идишларнинг чиройли тақдимоти ҳазм қилиш жараёнини рағбатлантиради; аммо бунда хавф ҳам бор – биз уларга берилиб, психологик муаммоларни муваффақиятсиз "ютишимиз" мумкин.

 

  • Ош тузи – саломатлик ва нозик қоматнинг душмани.

 

  • Ёғлардан сақланиш – соғлиқ учун зарарли.

 

  • Фан бармоқ учларида иштаҳа қўзғашга ва овқатнинг яхши ҳазм этилишига ёрдамлашадиган нуқталар борлигини аниқлади.

 

  • Баланд мусиқа сизни кўпроқ ва тез-тез ичишга мажбур қилади. Ейишга ҳам.

 

  • Таомни кайфиятсиз ҳолда тановул қилмаган маъқул.

 

  • Овқатланаётган пайтда яхши кайфиятда бўлинг!

 

  • Инсоннинг барча сезги органлари бош мия назорати остида. Мия ошқозондан унинг бўшлиги ҳақида сигнал олиши биланоқ, одам очликни ҳис қилади ва аксинча. Тўйганлик ҳисси пайдо бўлиши учун ўртача 20 дақиқа керак бўлади. 

 

  • Демак, шошқалоқлик билан кўп еб қўймаслик учун, ҳар бир таомланишга камида 20 дақиқа ажратиш керак.

 

  • Шу билан бирга яхшилаб чайнаб, кичик бўлакларга бўлиб овқатланиш даркор. Таомни тез ейиш ортиқча истеъмол қилишга олиб келади. Натижада танада ортиқча вазн пайдо бўлади.

 

ЗАМОНАВИЙ ФАН ТАДҚИҚОТЛАРИ ва АЖОЙИБ МАЪЛУМОТЛАР:

Башарият мавжудлиги тарихи давомида одамлар ҳар доим 3 нарсани қилишган – турмуш қуришган, вафот этишган ва овқатланишган...

Бу вақт ичида озиқ-овқат ҳақида жуда ҳам кўп қизиқарли фактлар мавжуд.

Мана улардан баъзилари:

  • Овқат пиширишга аёллар эркаклардан икки баравар кўп вақт сарфлашади.
  • 2015 йилдан бери Сиэтл (Австралия)да овқатни ташлаш тақиқланган. Қолдиқларни уйсизларга, ҳайвонларга тарқатиш ёки ўғитга айлантириш керак. Қонунни бузган корхоналар 50 доллар ва жисмоний шахслар – 1 доллардан жаримага тортилади.
  • Озиқ-овқатлар ичида асал – бузилмайдиган ягона маҳсулотдир.
  • Космик нон 1 тишлаш учун етарли бўлган пакетларга қадоқланган. Бундай қадоқлаш космонавтларни нафас олиш йўлларига тушиши мумкин бўлган ноль тортишиш кучида учадиган ушоқлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалардан ҳимоя қилишга имкон беради.
  • Ўртача одам ҳаёти давомида тахминан беш йилни озиқ-овқатга сарфлар экан.
  • Овқатнинг таъми одам овқатланадиган баландликка ҳам боғлиқ.
  • Лондон (Буюк Британия) даги ҳинд ресторанлари сони Ҳиндистоннинг Деҳли ёки Мумбайдаги ҳинд таомларини таклиф қиладиган ресторанлар сонидан кўп.
  • Дунёга машҳур Читос чиплари 1976 йилда фаррош Ричард Монтанез томонидан ихтиро қилинган.
  • McDonald's ҳар йили 2,5 миллиард бургер сотади. Яъни ҳар сонияда 75 та, ҳар куни 6,5 миллион бургер сотилади.
  • Мексика ва Жанубий Америка цивилизациялари шоколадни валюта сифатида ишлатган.
  • Гуруч – дунё аҳолисининг ярмидан кўпининг асосий озиқ-овқатидир.
  • Наполеон Бонапарт кечки овқатга 12, тушликка 8 дақиқа сарфлаган экан.
  • Инсон ҳаётининг 5 фоизини овқатланиш билан ўтказади.
  • Бир таомланиш 20 дақиқа атрофида давом этади.
  • Одатда одам кунига 3 марта овқатланади.
  • Инсон ҳаётида овқат тайёрлашга тахминан 1064 кун ёки 2,9 йил сарфланади.
  • Тайёрланган озиқ-овқатни ейиш учун бизга 3,66 йил керак бўлади, бу ҳар куни тахминан 67 дақиқага тенг.
  • Биз бутун ҳаётимиз давомида тахминан ўртача 35 тонна озиқ-овқат истеъмол қиламиз.

БМТ  (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти)  МАЪЛУМОТИ:

  • 2022 йил 14 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ўзининг 77-сессиясида 30 март санасини ҳар йили нишонланадиган «ЧИҚИНДИСИЗ ДУНЁ УЧУН ХАЛҚАРО КУН» деб эълон қилиш тўғрисидаги A/RES/77/161-сонли Резолюцияни қабул қилди.

 

 

Нон… оддийгина сўз. Аммо унинг замирида қандай улкан маъно, қандай қадр, қандай меҳнат мужассам эканини ҳар доим ҳам ҳис қилиб етмаймиз.

Ҳар бир бурда нон – ернинг бағридан бошланган, деҳқоннинг пешона тери билан суғорилган, қуёш ҳароратида пишган ва минглаб қўллар меҳнати билан дастурхонимизга етиб келган буюк, бебаҳо, беқиёс, мислсиз неъматдир.

 

Тасаввур қилинг: баҳорда ер ҳайдалади, уруғ сочилади. Деҳқон тунларини бедор ўтказиб, ҳар бир ниҳолни асрайди. Ёзнинг жазирама иссиғида у даладан чиқмайди. Кузда эса ҳосил йиғилади – аммо бу ҳали йўлнинг ярми, холос. Дон тегирмонга боради, унга айланади, сўнгра нонвойнинг қўлида меҳр билан қорилиб, тандирда пишади. Ана шундан кейингина у бизнинг дастурхонимизга келади.

Шу қадар машаққат, шу қадар сабр ва оғир меҳнат билан тайёрланган неъматни биз баъзан бир лаҳзада қадрсиз қиламиз. Бир бурдасини еймиз-у, қолганини ташлаб юборишдан уялмаймиз. Аммо ҳар бир исроф қилинган нон – бу фақат озиқ-овқат эмас, бу меҳнатнинг, бараканинг, ҳатто инсонийликнинг қадрини йўқотишдир.

 

Катталаримиз бежизга: “Ноннинг уволи бор”, – демаган. Бу сўзларда чуқур маъно бор. Увол – бу фақат жазо эмас, балки инсоннинг ўз қилмишига нисбатан руҳий қарзи, маънавий оғирлигидир.

Нонни исроф қилган инсон баракадан маҳрум бўлиши, қилган ишида омадсизликка учраши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришдир бу!

 

Энг ачинарлиси – бугунги кунда айрим хонадонларда нон оддий нарсадек қабул қилинади. Дастурхонда қолган нонлар ташланиб юборилади, ерга тушган бурдаларга эътибор берилмайди. Бу эса нафақат қадрсизлик, балки ўз илдизларимиздан узоқлашишдир. Чунки халқимиз азалдан нонни муқаддас деб билган, уни ҳурмат қилган, ҳатто ерга тушса, олиб кўзга суртиб, баланд жойга қўйган.

 

Нон – бу фақат қорин тўйдирувчи озуқа эмас. У – тинчлик рамзи, меҳр рамзи, ҳаёт рамзи. Нон бор жойда барака бор, нон қадрланган хонадонда файз бор. Шунинг учун ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз керак: нонни эҳтиёт қилиш, уни исроф қилмаслик, болаларга ҳам шу одатни ўргатиш.

 

Болаларимиз нонни қандай қадрлашни биздан ўрганади. Агар биз унга бефарқ бўлсак, улар ҳам шундай бўлиб улғаяди. Агар биз ҳар бир бурдани эъзозласак, улар ҳам нонни муқаддас деб билади. Бу эса келажак авлоднинг маънавиятини белгилайди.

Шундай экан, бир лаҳза тўхтаб ўйлаб кўрайлик: дастурхонимиздаги ҳар бир бурда нонга муносиб муносабатдамизми? Уни қадрлаяпмизми ёки беэътиборлик билан исроф қиляпмизми?..

 

Минг-минг-минг шукрларки, юртимизда давлатимиз­нинг ғамхўрлиги, озиқ-овқат хавф­сизлигини таъминлашга қаратил­ган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли қорнимиз тўқ, устимиз бут. Тинч-хотиржам, ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам истаган егуликни тановул қиляпмиз. Аммо бундай шароитларнинг қадрига етиб, шукрона айтиш ўрнига ис­рофгарчиликка ҳам йўл қўяётганимиз ачинарлидир.

Аслида, қорнимиз бир бурда нонга тўяди. Лекин дастурхонда нон бўлаклари бўлса-да, бирор киши келиб ўтирса, яна янгисини синдириш одат тусига кирган. Хуллас, есак-емасак, синдираверамиз. Ов­қатлангач эса, баъзан ортган нонлар ташлаб юбори­лади. Ресторан, ошхона, тўйхоналардан ортган қоп-қоп нон бўлакларини кўриб, юрагингиз увишади. Чиқинди шохобчаларида ҳам ахлат ва пўчоққа ара­лаш ташланаётган нон қолдиқларини кўриб тааж­жубланасиз, “Бунинг уволи тегмасмикин?” дея ўйга толасиз.

 

Атрофимизга назар ташласак, нафақат ёшлар, бал­ки катталар орасида ҳам нон қадрини унутаётган­лар, уни исроф қилаётганларни учратамиз. Афсус, бундай кишилар бугун кимлардир бир бурда нонга, ҳатто ушоққа зор эканини англамайди. Улар нонни қадрламаётганининг сабаби дастурхони тўкинлиги, “Доим шундай ҳаёт кечираман” деган ишонч ҳаддан зиёдалигидир. Бу эса тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас.

Бугунги тўйлар ва турли маросимларда исроф­гарчиликка йўл қўйилаётгани, нон қадрини ҳис қил­май қўйганимиз, ачинарлиси, фарзандларимиз ҳам айнан шу йўлдан кетаётгани оғриқлидир. Бу қанчалик фаровон, дастурхонимиз тўкин бўлгани сари маънавий қашшоқлашиб бораётганимиздан далолат эмасми?

Узоққа бормайлик, мустақилликнинг илк йилла­рида нон қадри қанчалар баланд бўлгани, одамлар соатлаб, кунлаб нонга, унга навбатда тургани, қиш­лоқларда аҳоли бошоқ тергани чиққанлари ҳали кўз ўнгимизда турибди... Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам ота-боболаримиз бир бурда нонга қанчалар зор бўлишган...

 

Оталаримиз, оналаримиз бизни ҳозирги фараҳли кунларга етказиш учун оч-наҳор тер тўкиб, меҳнат қилганлар. Бугунги омон-омон тўкинлик замони аждодларимизнинг орзуси эмасмиди?!? Уларнинг дуолари, ниятлари амалга ошиб, фаровон ҳаёт кечиряпмиз. Бунга шукр қилиш ўрнига исрофгарчиликка йўл қўйишимиз қанчалар тўғри бўлади?!!

 

Муқаддас динимизда исроф жуда қаттиқ қора­ланади. Аллоҳ таоло Ўз каломида: “Еб-ичинг­из, лекин исроф қилмангиз. Зеро, Аллоҳ исроф қилувчиларни севмагай, деган (Аъроф сураси 7/31-оят). Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларнинг қадрига етмаслик катта гуноҳдир. Шу боис жонимиз соғ, ейишга бир бурда нонимиз борми, шукрона айтайлик. Чунки бугунги таҳликали замонда дунёда миллионлаб кишилар тинчликнинг, ноннинг нақадар қадрли неъмат эканини ўз кўзлари билан, жонлари билан ҳис этишмоқда.

Ҳадиси қудсийда бун­дай дейи­лади: “Эй, Одам фарзан­ди! Ҳами­ша овқатланишга ўтир­ганингда қорни оч бечоралар ҳам эсингда бўлсин! Шунда Аллоҳнинг неъматларига шукр қили­шинг осонроқ бўлади”.

“Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб – фикр қил” дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, ҳозир дунёда мил­лион-миллион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Интернет тармоқлари, телевидение орқали ҳаммамиз ўз кўзимиз билан гувоҳмиз. Худо дастурхонимизни тўкин қилди, неъматларни истеъмол қилиши­миз учун саломатлик берди. Бунга шукр қилиш ўрнига нима учун бу неъматларни исроф қилишимиз керак?!!

 

Ёшлигимизда, “Нон ушоғини бо­ссанг, кўр бўласан”, дея таъкидлашарди. Бу гапларни ота-она­миз­дан ташқари маҳалладагилар ҳам айтишарди. Кўчада ушоқ­ни кўр­сак, олиб, чангини пуфлаб, кўзга суртиб, четга қўярдик. Ҳозир кўплаб хонадонларда дастурхондан бир бўлак нон пастга тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча, пўчоққа ёки ахлат челакка ташланмоқда. Нонга шу зайлда муносабатда бўлсак, Ху­до кўрсатмасин, эрта­га афсусла­ниб қолмайлик. Ахир, “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан”, деган ҳикмат бежиз айтилмаган-ку!

 

Шундай экан, қаттиқ меҳнат эва­зига етиштирилаётган ноннинг ва бошқа нозу неъматларнинг қад­рига етиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик сизу бизнинг асосий вазифамиз бўлиши зарур.

 

Нонни асрайлик! Уни эҳтиёт қилайлик! Чунки нон – бу ҳаётнинг ўзи. Ва унинг ҳам, албатта, уволи бор…

“Ҳамма нарса ҳам оиладан бошланади” – дейди доно халқимиз...

 

Демак, оиланинг раҳбарлари – ОТА-ОНАЛАР “фарзандлар тарбияси” номли “Ҳаёт университети”да машаққатли ва шарафли, оғир ва савобли, сермаҳсул ва олижаноб вазифада масъул саналади.  

Оила аъзоларига овқатланиш одобларини айтиб туриш, дастурхон атрофида ўзаро яхши мулоқотда бўлиш, ўрни билан ёшларнинг камчиликларини билдириб қўйиш – катталарнинг бурчидир.

ХУДОНИНГ ОЛДИДА ҲАМ, БАНДАСИНИНГ ОЛДИДА ҲАМ!!!

 

  1. «Яна Раббингиз эълон қилган бу сўзларни эслангиз: «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта, уларни янада зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир» (Қуръони карим / 14 сура 7 оят).

 

Хусусан, нон ва озиқ-овқатларни истеъмол қилиш тартибларини, нон ва нон маҳсулотларини исроф қилмасликни ўргатиш ва талаб этишдан ҳеч бир ота-она чарчамаслиги даркор.

ҲАЁТ номли "Университет"нинг "тилло дипломи"га эга бўлган,

ТАЖРИБА номли "Олий ўқув юрт"нинг "бриллиант сертификати"ни қўлга киритган ва

АҚЛ номли "Институт"нинг "гавҳар ҳужжати"ни эгаллаган

оқил ва доно ОТА-ОНАЛАРИМИЗ ҳамиша ёшларимиз учун ПРОФЕССОР бўлиб қоладилар...

 

Меҳрибон Парвардигоримиз

ўзларимизни ҳам,

фарзанд-зурриётларимизни ҳам

Ўзи буюрган,

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган,

ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,

халқимиз хурсанд бўладиган,

ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин! 
                                                                                      

   Иброҳимжон домла Иномов

Мақолалар