Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Кеча, 24 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов раислигида Зангиота туманидаги «Эшонгузар» жоме масжидида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камолов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, бош имом ўринбосарлари, Зангиота туманидаги масжидлар имомлари, ҳудудлардаги ҳожи оталар, ҳожи оналар иштирок этди.
Йиғилишдан сўнг тумандаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга кирилиб, уларга зарур кўмаклар кўрсатилди.
Шунингдек, арзимас сабаблар билан низолашган оилалар, келин-куёвлар кайвони ҳожи отанлар, ҳожи оналар кўмагида яраштирилди.
Тумандаги 21 та масжид имом-хатиблари ҳожилар билан бирга билиб-билмай ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган ёшлар билан ҳам суҳбатлар олиб боришди. Уларга Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг таълимоти тушунтирилди.
Бир куннинг ўзида ўнлаб оилаларга кириб, кўнгли ўксиклар ҳолидан хабар олиш, ёш оилаларни яраштириш, адашган инсонларга тўғри йўлни кўрсатиш – савоби улуғ амал. Зеро, ҳадиси шарифда Набиййи муҳтарам алайҳиссалом: «Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни кетказса, Аллоҳ таоло ундан Қиёмат куни машаққатларидан бирини кеткизади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати