Муқаддас Ҳаж ибодатини улуғ вазифалар ва гўзал амаллар билан адо этган қашқадарёлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари юртимизга соғ-омон етиб келишди. Ислом арконларини бажариб, юзларида нур, қалбларида шукроналик билан қайтган ҳожиларни халқаро аэропортда уларнинг яқинлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва нуронийлар катта хурсандчилик билан самимий кутиб олдилар.
Муқаддас заминдан қайтган зиёратчилар Ҳаж сафари давомида қалбларидан кечган унутилмас маънавий кечинмалари ва таассуротлари билан ўртоқлашдилар. Ҳожилар ташкилий ишларнинг юқори даражада бўлганини, зиёратчиларга кўрсатилган алоҳида ғамхўрлик ва яратилган шарт-шароитлар учун давлатимиз раҳбарига ҳамда соҳа мутасаддиларига ўзларининг чексиз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Камол ҳожи бобо Тўраев, зиёратчи: — Муқаддас Каъбатуллоҳ пойида туриб, қалбимиздаги энг эзгу тилаклар қаторида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва диёримиз осойишталигини сўраб дуолар қилдик. Мамлакатимиз равнақи йўлида хизмат қилаётган Юртбошимизнинг соғлиқ-омонликларини, бошлаган хайрли ва ислоҳотли ишларига Яратгандан улкан зафарлар тиладик. Кўрсатилган эътибордан бошимиз кўкка етди.
Мадинаи мунаввара ва маккаи мукаррамадаги табаррук масканларда, хусусан, Арафот ва Мино водийларида қилинган дуоларда юрт тинчлиги ва эл осойишталиги бош мавзу бўлган.
Қашқадарёлик ҳожиларнинг тинч-омон қайтиб келиши нафақат уларнинг оила аъзолари, балки бутун вилоят аҳли учун катта маънавий қувонч бахш этди.
Аллоҳ таоло барча ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур, дуоларини мустажоб айласин!
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати