Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Октябр, 2026   |   11 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:24
Қуёш
06:42
Пешин
12:13
Аср
15:50
Шом
17:35
Хуфтон
18:48
Bismillah
22 Октябр, 2026, 11 Жумадул аввал, 1448

Аллоҳим, нафсимга тақвосини бер

27.01.2025   6201   9 min.
Аллоҳим, нафсимга тақвосини бер

Мутасаввиф шоир Иброҳим Ҳаққий Арзи румий ўзининг машҳур "Маърифатнома"асарининг ибтидосида бундай дейди: "Ҳақ таоло икки жаҳонни Бани одам учун, Одамни эса ўзини танитиш, билдириш учун яратган. Демак, олам ва Одамнинг яратилишидан энг олий мақсад ҳам, талаб ҳам маърифати Мавло, яъни Аллоҳни билишдир". Инсониятнинг маърифатуллоҳга эришуви ҳаётининг бош ғоясидир. Инсон ҳидоятга эришмаса, энг тубан ва зарарли яратиқ бўлиб қолади [2, 32-33-б.].

Албатта, инсонларда "Аллоҳни таниш, у Зотга етишиш қандай йўл билан бўлади?", деган савол туғилиши табиий ҳол, бу саволга суннати набавийяда шундай жавоб келади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳга йўлиқишни севса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни севади, Ким Аллоҳга йўлиқишни ёқтирмаса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни ёқтирмайди" [1, 738-б.].

Ҳадиснинг мазмунидан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг маърифатига етмоқчи бўлган одам аввало Аллоҳни, Аллоҳга йўлиқишни севиши керак бўлади. Ким нафсини таниса, Аллоҳни танийди. Аллоҳни танишни, севишни хоҳлаган инсон  нафсини таниши, тарбиялаши лозим бўлади. Динимизда нафс тарбияси "тасаввуф", "тазкия", "сўфийлик" каби бир қанча номлар билан аталади.

Тасаввуф – илм, унда айтилган гаплар тариқ(ат)-йўл, шу йўлни ихтиёр этиш сулук ва ихтиёр этган шахс солик, деб номланади. Буларнинг маънолари оддий, мураккаб эмас. Тасаввуф, тариқат ёки сулук каби баъзи калималар атама сифатида қўллаш туфайли тушунарсиз, мураккаб бўлиб қолмайди. Афсуски, айримлар буни мураккаблаштириб юборишмоқда. Ҳатто тасаввуф баъзилар наздида қалб инкор этадиган, эшитишга малол келадиган, ақл сиғдирмайдиган сўзга айланган.

Тасаввуф илми тазкиядан иборат. Ундан бошқа нарса эмас. Лекин шунга қарамай, айримлар унга норизо нигоҳ-ла қарайди. Баъзилар эса тасаввуфга кучли муҳаббат қўйиб, чуқур кетган. Жоҳил "сўфийлар" шунчалар ғулувга кетганидан ҳатто бидъат-хурофотларгача боришган, воситаларни мақсад ҳисоблашган, шариат ва тариқат ўртасини ажратишган, яна нималарнидир қилишган. Буни кўрган бир тоифа инсонлар тасаввуфни қарши ҳужумга ўтишди. Улар ушбу илмнинг маъно-моҳиятию мақсадига эмас, ўша янги қўшилган номаъқул ишларга эътибор қаратишди, холос.

Биз Ислом шариатининг муҳим бир қисми, муҳаммадий рисолатдаги асос мақсадларни ўзида жамлаган ва кейин ҳам шундай бўлиб қоладиган ўша ҳақиқат борасида бироз тўхталишни истадик.

Тазкиянинг мақсади- бу йўлда қилинган хатти-ҳаракатлар, уринишлар, адо этиб бориладиган вирдлару амаллар башарият кўзлаган мақсадларнинг энг улуғи бўлмиш Аллоҳ таолонинг розилигини топишга интилиш ҳисобланади. Тасаввуфнинг моҳияти инсон зоҳирий ва ботиний амалларни Аллоҳ рози бўладиган суратда бажаришда давом этишидир. Зоҳирий амаллар намоз, рўза ва ҳаж сингари тана бажарадиган амаллар бўлса, ботинийси қалб ижро этадиган сабр, тавозе ва шукр кабилардир.

Қалб аъзолар орасида алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун зоҳирий амалларни тузатишда қалбнинг амаллари муҳим аҳамият касб этади. Зеро, қалб амалларидан ҳисобланган ихлос, хушуъ ва сабрнинг аҳамияти, зарурати беқиёс. Биринчиси туфайли амаллар қабул қилинса, иккинчиси билан намоз гўзал бўлади, учинчиси сабабли ҳаёт тотли кечади…

Инсон хаёлига келган гуноҳлар ва нафснинг ҳийла-найранглари ҳам қалб амаллари сирасига киради. Буни билиб, огоҳ бўлиш керак. Лекин қалб бажарган амалларнинг қай бири ижобий ёхуд салбий эканини ажратиб олиш мушкул. Бунинг учун киши солиҳ ва тажрибали йўлбошчи-муршидга муҳтож. Масалан, баъзида киши кабира гуноҳлардан бири кибр касалига дучор бўлади, лекин уни ўзи сезмайди. Бу гуноҳ саҳиҳ ҳадисда келганидек, ўз соҳибини жаннатдан маҳрум қилади. Бундан сақланиш учун эса солиҳ инсоннинг тавсиялари зарур бўлади.

Қалб дунёсида ҳосил бўлган ижобий ҳолатлар фазилатлар, салбийлари эса иллатлар деб номланади. Фазилатлар ҳақида гапириб, унга эришишга етаклайдиган ҳамда разилликлар ҳақида хабар бериб, ундан қутулиш йўлларига бошлайдиган илм тазкия ёки эҳсон, ёхуд тасаввуф, дея номланади. Муҳаммадий рисолат мақсадларини баён қилиш чоғида Аллоҳ таоло "وَيُزَكِّيهِمْ" яъни "..ва уларни поклайдиган…" деб алоҳида баён қилган йўл мана шудир. Бундан тушунилади-ки, тазкия илмнинг озгинаси бўлиб қолмай, балки таълим бериш ва тиловат қилиш каби бажарилиши талаб этилган амал ҳамдир [4, 5-8-б.].

Аллоҳ таоло каломида бундай нозил қилган:

{ قَدْ أَفْلَحَ مَن زَكَّنَهَا }
Уни поклаган муродига этди (Шамс сураси, 9-оят).

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали таълим берган қоида тартиблар асосида ўз нафсини поклаган, тарбиялаган, шаҳват ва ёмонликлардан тийган, ҳаромдан сақлаган, яхши ишлари билан уни олий даражага кўтарган саодатманд кишилар, шубҳасиз, зафар топади, муродига этади, икки дунё саодатини қўлга киритади. Ва аксинча, нафсини турли дунё васвасалари, шайтоний шаҳватларга, ёмонликлар ва ифлос ликларга қул қилган, уни асрамаган, поклаш ҳақида ўйламаган кимсалар мағлубиятга учрайди, катта зарар кўради, охиратини барбод бериб, бебахтлардан бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Ва наф сив вама савваҳа, фаалҳамаҳа фужураҳа ва тақваҳа, қод афлаҳа манн заккаҳа" оятларини ўқиганларида: "Аллоҳим, нафсимга тақвосини бер, Сен унинг эгаси ва мавлосисан, уни поклайдиганларнинг энг яхшисан", дер эдилар" (Имом Табароний ривояти).


{وَقَدْ خَابَ مَن دَسَّنَهَا }

"Уни покламаган ютуққа эришмади" (Шамс сураси, 10-оят).

Нафсини покламаган, унинг орзу-ҳавасларига йўл очиб қўйган, дунё шаҳватлари ва нафс васвасаларига муккасидан кетганлар ҳеч қандай ютуққа эришмайди, охиратда бутун эришгани муфлислик (яъни, ҳамма нарсасини бой бериб, синиш, инқирозга учраш) бўлади. Зайд ибн Арқамдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуо қилганлар: "Аллоҳим, ожизлик, дангасалик, кучсизлик, қўрқоқлик, бахиллик ва қабр азобидан Сендан паноҳ тилайман. Аллоҳим, нафсимга тақво бер, уни покла, Сен покловчиларнинг энг яхшисисан. Сен унинг эгаси ва хожасисан. Аллоҳим, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан, фойда бермайдиган илмдан, қабул қилинмайдиган дуодан Ўзингдан паноҳ сўрайман". Зайд розияллоҳу анҳу айтади: "Мана шу нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўргатдилар ва биз уни сизларга ўргатяпмиз" (Имом Аҳмад, Муслим ривояти). [6, 615-616-б.]

Маълумки, Аллоҳ таолонинг ҳикматларидан бири, ҳеч қайси банда ўзини Аллоҳ ва Расули ҳузурида қандай мақом ва мартаба эгаси эканини билмаслигидир. Зотан, илоҳий тақдир бандалар илмидан яширилгандир-ки, Аллоҳ таоло уни бирон кишига маълум қилган эмас. Бинобарин, банда ўзининг қандай тақдир ва оқибат кутишидан мутлақо бехабардир. Унга буюрилгани эса қандай замон ва маконда бўлишига қарамай, бандалик вазифасини ихлос ва эътиқод билан адо этиши ва доим талабда бўлишидир. Сўфи Оллоёр айтганларидек:

Талаб амрин эшитса банда Роббдин, Ўзин билган қачон қолгай талабдин?

Шундагина банда ўзи учун Парвардигор тайёрлаб қўйган, унга муносиб бўлган натижага эришиши шубҳасиз. Зотан, Аллоҳ таоло ҳеч бир бандани хоҳ у эркакдир ё аёл қилган амалини зое қилмаслигининг хабарини берган. Қуръони каримда бу ҳақда бундай дейилади:

"Мен, албатта, сизлардан – хоҳ эркак, хоҳ аёл (ажратмасдан, яхши) амал қилувчи ҳеч бир кишининг амалини зое қилмасман. Сизлар (ҳаммангиз)бир-бирингиздан (дунёга келган)дирсиз" (Оли Имрон сураси, 195-оят). [3, 76-б.]


Таъкидлаш жоизки, мазкур талаб барча бандаларга бирдек буюрилгани ҳолда, ушбу сифатга айрича амал қилган алоҳида ҳиммат соҳиблари бўлган. Аслида, бу уларни Аллоҳ таолонинг ана шу фазилатга хослаганидир. Қизиғи шундаки, бунга улар яшаётган замоннинг кетуви ва унинг воқеалари таъсир ўтказмаслигидир. Зотан, Аллоҳ таоло бандага бир ишни ирода қилса, қалбига унинг муҳаббатини солиб, уни рўёбга чиқиш сабабларини ҳам ҳозирлаб қўяди. [5, 3-4-б.]

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тасаввуф ислом шариати талабларини ҳам ихлос, муҳаббат билан бажаришдир. Инсоннинг жисми ва руҳий дунёсига, охиратига фойдали, уни ҳар икки дунёда бахтли қиладиган, тўғри йўлга, эзгу ва маъқул ишларга ундайдиган таълим-тарбиядир. Тасаввуф  – тавозе, зуҳд, тақво, камтарлик каби олийжаноб фазилатларни ўзида мужассам этиб, нафсни поклаш йўли билан Аллоҳга етишишни йўлини кўрсатиб, муслим ва муслималарнинг дунё-ю охиратда саодатли бўлишига воситадир.

Нодира Муротова,
Тошкент Ислом институти талабаси.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Абдулкарим ибн Ҳавозин ал-Қушайрий. Рисолатул Қушайрийя. –Истанбул.: Ҳасими, 2020/1442. -1024 б.
  2. Маҳмуд Асад Жўшон. Сиддиқлар йўли. –Т.: Матбаачи, 2022.-196 б.
  3. Мирзо Кенжабек. Файзул –Фурқон. –Т.: Ирфоннашр, 2024. -605 б.
  4. Муҳаммад Тақий Усмоний. Вақтингиз – ҳаётингиз. –Т.:Тилсим, 2023. -123 б.
  5. Раҳматуллоҳ Файзуллаев. Росулуллоҳ олиб қолган зот. –Т.:Ношир, 2024. -195 б.
  6. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири Ирфон. – Т.:Шарқ, Ж:6. -751 б.
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ҲИЖРАТНИ ТАНЛАГАНЛАР ҲАҚ ЙЎЛДАМИ?

22.10.2026   4189   3 min.
ҲИЖРАТНИ ТАНЛАГАНЛАР ҲАҚ ЙЎЛДАМИ?

5-ҚИСМ

 

Раддия: Ҳижрат ва жиҳод масаласи шароит, имконият ва шариат ҳукмларига боғлиқ.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳидан кейин: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ” (Имом Бухорий ривояти), деганлар.

Жиҳод эса ҳар бир шахснинг ўзбошимчалик билан амалга оширадиган иши эмас. Аҳли сунна уламоларига кўра, жиҳод давлат раҳбарлиги ва умумий маслахат асосида бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

﴿وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ﴾

“Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара сураси, 195-оят).

Саҳобалар ҳаётини бугунги ноқонуний қуролли гуруҳлар билан қиёслаш – нотўғри қиёс бўлиб, ёшларни зўравонликка ундайди.

Аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Фокиҳий “Макка хабарлари” асарида ёзишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ухлаётганида ёстиғи тагидаги ҳамёнини ўғрилашади. Ўғри ушланиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдига олиб борилганида, у ўз қилмишини шу маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи экани билан оқламоқчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унинг ишини қоралаб, Маккага қайтиб, ўз шаҳрида муқим яшашга буюриб: “Ҳижрат тўхтатилди!” дея таъкидлайдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, дейди. У зот эса: “Ота-онангни олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб беради (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳижрат – динига, молига ва жонига жиддий хавф бўлган вақтда ўз яшаб турган жойидан бошқа бир манзилга кўчишдир. Ҳижратнинг ҳукми эса, ҳар замонда, ҳар маконда, ҳаммага бир хил мақомда бўлмайди. Чунки, ҳижратнинг ҳукми ўзгариб туради. Ҳижратнинг омматан ёки хоссатан фарз бўлишини эса, юртда фатво чиқаришга масъул бўлган муфтий белгилайди.

Исломнинг аввалида ҳижрат мандуб, яъни тарғиб қилинган амал эди. Кейин Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш фарз бўлди. Макка фатҳ қилинганда эса ҳижратнинг вожиблик ҳукми бекор бўлди. Иш яна мандубликка қайтди.

Демак, фарз ҳижрат тугатилиб, мандуб ҳижрат қолган. Ўз мазмунига кўра ҳижратнинг Қиёмат кунигача давом этишини ифода этувчи ҳадисларда ана шу мандублик назарда тутилган. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Шофеъийлардан Хаттобийнинг қарашларидир. Бизнинг ҳанафий уламолари мана шу фикрни таъкидлайдилар (Ал-Хаттобий “Маъолимус-сунан, Имом Сарахсий “Мабсут”, Косоний “Бадоиъус-саноеъ”, Ибн Обидин “Раддул муҳтор”, Алий Қори “Мирқотул мафотиҳ”).

Бу ерда шуни эслатиб ўтамизки, ҳижрат деганда доим “Куфр диёри”дан “Ислом диёри”га кўчиш тушунилади. Демак, мазкур имомларимиз “Куфр диёри”дан “Ислом диёрлари”га кўчишни мандуб ҳукмида қолди, вожиб ҳукмида эмас, деганлар. Албатта, уларнинг мандуб деган гаплари «Ислом диёри»дан чиқиб кетаётганларга тегишли эмас.

Агар киши ўзбошимчалик билан яшаб турган жойидаги айрим камчиликлар сабабли юртини тарк қиладиган бўлса, бу йўлда дуч келган қийинчиликлари учун савоб олмайди. Балки, жонини, саломатлигини ҳамда оила аъзоларини ҳаётини хавф ва машаққатга қўйгани учун маъломат қилинади.

Аслида, бугунги кунда мусулмон инсон учун энг хавфсиз жой бу ўзининг ватанидир. Ўз ватанидан кўра жон, мол ва эътиқод муҳофазаси мукаммалроқ бошқа жойлар борлиги аниқ эмас.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА