Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Май, 2026   |   3 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:22
Қуёш
04:59
Пешин
12:25
Аср
17:28
Шом
19:44
Хуфтон
21:15
Bismillah
21 Май, 2026, 3 Зулҳижжа, 1447

Рамазон ойи рўзаси – ҳадиси шарифларда

14.03.2024   6541   8 min.
Рамазон ойи рўзаси – ҳадиси шарифларда

Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ислом беш нарса устига қурилган: булар Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг пайғамбари эканларига гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, Каъбани ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутишдир», деганларини эшитдим» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ишониб ва мукофотини Аллоҳдан умид қилиб Рамазон рўзасини тутса, ўтмиш гуноҳлари кечирилади», деганлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди. Рамазоннинг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил келган пайтда сахийликда тез эсган шамолдек бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Абдурраҳмон ибн Авфдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом бундай деганлар: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой (рамазон) рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг – киравер», дейилади» (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон келса жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади», деганлар (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).

Убода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда иймон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта Аллоҳ аввалгию охирги гуноҳларини кечиради. У тоқ рақамли кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёхуд бешинчи ё учинчи ёки охирги кеча Қадр кечасидир», деганлар» (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимга Рамазон ойида ўзга умматларга берилмаган бешта хислат берилди: 1) рўзадорнинг оғзида пайдо бўладиган нохуш ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир; 2) Ифтор вақтигача рўзадорларга дарёдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиб дуо қилишади; 3) Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатини зийнатлайди, сўнгра унга: «Менинг солиҳ бандаларимнинг дунё машаққатларини ортга ташлаб ҳузуринггга келишлари яқиндир», дейди; 4) бу ойда исёнкор шайтонлар кишанланади, шу сабабдан улар бошқа ойлардаги каби ёмонликлар қила олишмайди; 5) рамазон ойининг охирги кечаси рўзадорларнинг гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар. Саҳобалар: «Ё Аллоҳнинг Расули, бу Қадр кечасими?» деб сўрашди. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Йўқ, балки хизматчига бериладиган ҳақ у вазифасини адо этганидан кейин тўлиқ берилади», деб марҳамат қилдилар (Имом Аҳмад, Баззор, Байҳақий ривояти).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Рамазон ойи келганида  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сизларга Рамазон ойи, муборак ой келди. Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади», деганлар» (Имом Аҳмад ва Насоий ривояти).

Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ойларда қилолмаган (ибодат)ларини Рамазон ойида астойдил бажарардилар. Рамазон ойида адо этолмаган (ибодат )ларини охирги ўн кунликда бажарар эдилар (Имом Муслим ривояти, «Риёз ус-солиҳийн»).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Рамазон ойининг чиққанини кўриб рўза тутинглар. Шаввол ойининг чиққанини кўриб, оғиз очинглар. Агар осмон булутли бўлиб ой кўринмаса, шаъбон ойини ўттиз кун мукаммал қилиб тутинглар», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).  

Изоҳ: бу лафз Бухорийники, имом Муслимнинг ривоятида эса: «Осмон булутли бўлиб янги ой кўринмаса ўттиз кун мукаммал рўза тутинглар», бўлиб келган.

Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар (Рамазон ойининг охирги) ўн куни кирса, бутун кечани ибодат билан ўтказиб, бунга аҳли-аёлларини ҳам уйғотардилар. Ўзлари кўп ғайрат қилиб, ибодат учун белни маҳкам боғлардилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). 

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ишониб ва мукофотини Аллоҳдан умид қилиб Рамазон рўзасини тутса, ўтмиш гуноҳлари кечирилади», деганлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом: «Қанчадан-қанча рўзадорлар борки, уларнинг рўзаси очликдан бошқа нарса эмас. Яна қанчадан-қанча намозхонлар борки, уларнинг намоздан топадиганлари уйқусизликдан қийналиш, холос», деганлар» (Ибн Можа, Аҳмад, Байҳақий ривояти).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир», деган (Имом Бухорий ривояти). 

Саҳл ибн Саъд Соъидийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатнинг бир эшиги бор: у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. «Рўзадорлар қаерда?» дейилади. Рўзадорлар турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Улар киргач, эшик беркитилади, (сўнг у эшикдан) бошқа ҳеч ким кирмайди», дедилар (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).

Тобеъинлардан Абу Атийя ва Масруқ Ҳазрати Оишанинг ҳузурларига кириб: «Эй мўминлар онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши бор, икковлари ҳам яхшиликда мусобақалашишади. Бирлари ифтор билан (шом) намозни тезлатади. Бошқаси эса ифтор билан (шом) намозни ортга суради», дейишди. Ҳазрати Оиша: «Икковларидан қай бири ифторни ва намозни тезлатади», деб сўрадилар. Тобеъинлар: «Абдуллоҳ ибн Масъуд», деб жавоб қилишди. Ҳазрати Оиша: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилар эдилар», дедилар. Ифтор ва намозни ортга сурган Абу Мусо эди (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти). 

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Рўзадор мўмин бирор мусулмонни ғийбат қилмаса, ортидан унинг шаънига бўҳтон ёғдирмаса, Аллоҳ уни ибодатда, деб ҳисоблайди» (Дайламий ривояти). 

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким ёлғон сўзлашни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди, Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди», деганлар» (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ривояти).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Рўзадор икки бор хурсанд бўлади: биринчиси – оғиз очганида (ифтор қилганида) ва иккинчиси – рўза тутиб Аллоҳга ёруғ юз билан йўлиққанида», деганлар» (Имом Бухорий ривояти). 

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Бирор кимса осийликни ва ёлғонни ташламаса, емоқ-ичмоғини тарк этишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқдир» (Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қиладилар», деганлар (Имом Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Саҳарлик қилинглар, албатта саҳарликда барака бордир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Амр ибн Оссдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қилдилар: «Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик ейишдир» (Имом Муслим ривояти).

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қурбонлик: шартлари, одоблари ва вақти

21.05.2026   1257   7 min.
Қурбонлик: шартлари, одоблари ва вақти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин

 

Қурбонлик луғатда “яқинлашмоқ”, “яқин бўлмоқ” маъноларини билдириб, истилоҳда бу сўз Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида жонлиқ сўйишни англатади.

Қурбонлик Ислом динининг вожиб бўлган улуғ амалларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар сураси, 2-оят).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайити куни эрта билан ўзлари қурбонлик қилардилар ва бошқаларни ҳам курбонлик қилишга тарғиб этардилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имконияти бўла туриб, қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин”, деганлар (Имом Аҳмад, Ибн Можа ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса-ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар.

 

Қурбонлик тарихига бир назар

Қурбонлик ҳижрий иккинчи йил вожиб бўлган бўлсада, лекин унинг тарихи анча узоқларга – Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади ва у зотдан бизга қолган амаллардандир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қурбонлик қилинглар! Албатта, у отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Қурбонлик қилишдан мақсад нима?

Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж сураси, 37-оят).

Шунингдек, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади.

Аллоҳга ҳар қанча шукр қилсак, шунча оз. Холис Аллоҳнинг Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Аллоҳнинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.

Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.

 

Қурбонлик кимларга вожиб?

Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт.

1. Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик қурбат бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи ибодат бўлиб кофир унга аҳл эмас (Бадоеъус саноеъ).

2. Озод бўлиш. Чунки қулнинг мулки бўлмайди (Ал баҳрур роиқ).

3. Нисоб эгаси бўлиш.

4. Муқим бўлиш. Мусофирга қурбонлик вожиб эмас. Гарчи сафарда нисоб миқдорига эга бўлса ҳам. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мусофир зиммасига қурбонлик вожиб эмас”.

 

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар

Қурбонлик қуйидаги ҳайвонлардан бирини сўйиш билан адо топади:

Қўй (қўй дейилганда эчки ҳам тушунилади), қорамол ва туядир. Ушбу ҳайвонлардан бошқа ҳайвонлар қурбонлик ўрнига ўтмайди.

Қўйда ёлғиз бир киши, қорамол ва туяда эса бир кишидан етти кишигача шерик бўлиб адо қилишлари мумкин. Қўй олти ойлик ва ундан катта бўлиши шарт. Қорамол икки ёш ва ундан катта бўлиши шарт, туя беш ёш ва ундан катта бўлиши шарт.

Шу билан бирга, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон семиз, йўғон ва ёши катта бўлиши афзал саналади. Қурбонликка ярамайдиган айби ёки нуқсони бор ҳайвонларни сўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ичимизда туриб: “Тўрт нафар ҳайвон қурбонликка ярамайди: кўзи кўрлиги билиниб турган (айбли) ҳайвон, касали зоҳир касал ҳайвон, чўлоқлиги зоҳир чўлоқ ва ўрнидан тура олмайдиган ўта озғин ҳайвон”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Курбонлик қилинадиган ҳайвон айбдан холи бўлиши лозим. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қулоғи, ёки думи, ёки кўзининг бир қисмидан кўпроғи йўқ бўлса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

Касал, чўлоқ ва озғин ҳайвонлар сўядиган жойга ўз оёғи билан юриб бора олмаса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

 

Қурбонлик қилиш вақти

  • қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади.
  • ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботиши билан тугайди.

 

Қурбонликнинг қийматини садақа қилиш мумкинми?

Қурбонлик талаб этилган жонлиқлардан бирини сўйиш орқали адо этилади. Жонлиқни сўймай, жонлиқни ёки унинг миқдорига тенг маблағни бериш қурбонлик ҳисобланмайди. Балки садақа ҳисобланади. Алоуддин Косоний раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Бир киши қурбонлик кунларида қўйнинг ўзини ёки қийматини садақа қилса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Чунки қурбонликнинг вожиблиги қон оқизишга боғлиқдир” (Бадоеъус саноеъ).

 

Қурбонлик одоблари

Қурбонлик қилиш вожиб бўлган киши қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим:

Аввало – Қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Бошқалар “кўрсин” ёки “эшитсин”, деган ниятдан йироқ бўлади.
Иккинчи одоб – қурбонлик қилувчи соч, соқолига ва баданига ҳеч нарса теккизмаслиги. Қурбонлик қилишни ирода қилган киши зулҳижжа ойининг биринчи кунидан бошлаб, то ҳайит куни қурбонликни бажаргунга қадар соч-сақолини олмайди ва баданининг бошқа жойларига ҳам тиғ теккизмаслиги мустаҳабдир. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон сизлардан бирортангиз қурбонлик қилишни ирода қилса, сочига ва терисига ҳеч нарса теккизмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Учинчи одоб – қурбонлик қилишда айб ва нуқсони бор ҳайвонни қурбонлик қилишдан сақланиш.
Тўртинчи одоб – қурбонликни ўз қўли билан қилиш. Қурбонлик қилувчи ўз қўли билан сўйиши мустаҳабдир. Аммо ўзи сўйишни билмаса ёки бошқа сабабларга кўра ўзи сўймасдан, бошқага сўйдиришнинг зарари йўқ.
Бешинчи одоб – қурбонликнинг вақтини риоя қилиш.
Олтинчи одоб — сўйиш одобларига риоя қилиш.

Ҳайвонларни сўйишнинг ўзига хос одоблари, мустаҳаблари бордир. Туяни тик турган ҳолида олдинги чап оёғини боғлаб, бўйнининг пастидан, кўкраги тамондан сўйиш, қорамол ва қўйларни эса чап томони билан ётқизиб, томоғининг тагидан сўйиш, пичоқнинг ўткир бўлиши, уни сўйиладиган ҳайвоннинг олдида ўткирламаслик, бошқа ҳайвоннинг кўз олдида сўймаслик шулар жумласидандир.

Аллоҳ таоло қилаётган ҳар бир амалимиз қаторида ушбу қурбонликларимизни ҳам Ўзининг ризолиги учун қилинган ибодатлар қаторида қабул айласин!

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар